09.06.2022 13:34
47993
RomaPress: Элдор Шомуродовга «Рома»нинг рақобатчиси қизиқиш билдирмоқда

«Рома» клуби ҳамда Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов ёзги трансфер ойнасида жамоасини ўзгартириши мумкин.

«RomaPress» хабарига кўра, Элдор Шомуродовга «Фиорентина» клуби қизиқиш билдирмоқда. Флоренция клуби раҳбарияти ўзбекистонлик ҳужумчини таклиф этиш имкониятларини ўрганиб, ҳужумчи масаласида Рим клубига мурожаат қилган. Бу ҳақда Il Messaggero ва Calciomercato нашрлари ҳам хабар берган.

«Клуб бош мураббийи Винченцо Итальяно жамоаси ҳужум чизиғини кучайтиришни истамоқда ва бу борада «Женоа» собиқ форвардини кўз остига олган кўринади», - дейилади манбада.

«Фиорентина» клуби якунланган мавсумда «Рома» билан еврокубоклар учун кураш олиб бориб, якунда Рим клуби 6-ўринни эгаллаб Европа лигасига йўлланма олган бўлса, «Фиорентина» 7-поғонада қолиб Конференциялар лигасига ўйнайдиган бўлди. 

Эслатиб ўтамиз, Флоренция клубининг асосий тўпурари Душан Влаҳович январь ойида «Ювентус»га ўтгач, таркибда Николас Гонсалес (7та гол), Артур Кабрал (2та гол), Хосе Кальехон (1та гол), Кшиштоф Пёнтек (3та гол), Александр Кокорин сингари ҳужумчилар тўп суриб, сербиялик форвард ўрнини боса олишмади.

Аввалроқ, 26 ёшли ўзбекистонлик ҳужумчи кейинги мавсумда ҳам «Рома» сафида қолиши ҳақида гапирган эди.

Маълумот учун, Элдор якунланган мавсум А Серияда римликлар сафида асосан захирадан майдонга тушиб, 28 ўйинда 3та гол ва 4та ассистга муаллифлик қилган.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар