U23 Осиё Кубоги кутилмаган натижаларга ҳам бой бўлмоқда.
3-тур доирасида Қатар ҳамда Туркманистон миллий жамоалари бевосита плей-офф йўлланмаси учун кураш олиб боришди.
Қўшниларимиз 2-турда Эрон устидан қозонилган ғалабадан сўнг, 3 очко билан гуруҳда 2-ўринда бораётган эдилар ва дуранг ҳам уларни чоракфинал иштирокчисига айлантирарди. Шу сабабдан, Аҳмад Агамуродов жамоасини бироз ҳимоявий услубда майдонга ташлади.
Биринчи тайм мобайнида қатарликлар қанча ҳаракат қилмасин тўп дарвозага кирмади. Бир вазиятда устун, яна бир вазиятда рақиб ҳимоячиси чизиқ устидан тўпни қайтариб юборди. Қолган эпизодлардаги зарбалар ёки ноаниқ кетди, ёки Расул Чориев томонидан қайтарилди.
Иккинчи таймда Қатар Николас Кордова кўрсатмаларига биноан янада кўпроқ куч билан олдинга ташланди. 65-дақиқада яримҳимоячи Усома Ат-Таири ҳисобни очишга эришди. Орадан 8 дақиқа ўтиб, 73-дақиқада Усоманинг ўзи ҳисобдаги фарқни 2тага етказди.
Аммо шундан сўнг, қатарликлар бироз хотиржамликка берилди ва кетма-кет 2та тўп ўтказиб юборди.
Шу тариқа, Қатар 2 очко билан гуруҳда қолиб кетди. Туркманистон эса ўз тарихида илк маротаба U23 Осиё Кубоги плей-оффига чиқди.
Қуйида ушбу беллашувдан фотогалереяни томоша қилишингиз мумкин.
Фоторепортаж муаллифи — Абдулбасит Валихонов