01.06.2022 18:55
4075
Аламзада Италия 3 йилдан буён мағлуб бўлмаётган Аргентинага қарши. 29 йил кутилган Финалиссима олдидан

Бугун, 1 июнь оқшомида мухлислар эътибори Лондондаги «Уэмбли» стадионига қаратилади. Унда Европа чемпиони саналмиш Италия миллий жамоаси Жанубий Америкада тенгсиз бўлган Аргентинага қарши саф тортади. 29 йиллик танаффусдан сўнг УЕФА ва КОНМЕБОЛ чемпионлари ўзаро тўқнаш келадиган Финалиссима ЖЧ-2022дан четда қолган аламзада Италия ва мағлубият нималигини унутаёзган Аргентина учун муҳим қарама-қаршиликка айланиши кутилмоқда.

Финалиссима қандай ўйин?

Финалиссима – Европа ва Жанубий Америка қитъасининг амалдаги чемпионлари ўртасидаги ҳал қилувчи баҳс бўлиб, УЕФА ва КОНМЕБОЛ ўртасида 2021 йилнинг 15 декабрь куни имзолаган меморандум бўйича ўтказилмоқда.

Финалиссима бир ўйиндан иборат бўлиб, асосий вақт дуранг ҳисобда якунланса, жамоалар ғолиб номини пенальтилар сериясида аниқлашади. Ғолиб жамоа вазни 8,5 килограм, бўйи 45 сантиметрлик совринга эга чиқади. 

Қитъа чемпионларининг 3-тўқнашуви

Қайд этиш жоиз, бу – Европа ва Жанубий Америка қитъаси ғолибларининг илк учрашуви эмас. Бунгача икки конфедерация келишувига биноан 1985 йилда Европа чемпиони Франция ва Копа Америка ғолиби Уругвай ўртасида баҳс (2:0) ўтказилган бўлса, 8 йил ўтиб, 1993 йилда Аргентина Мар-дель-Платада Евро-1992 ғолиби Данияни пенальтилар сериясида мағлуб этганди. Италия ва Аргентина ўртасидаги баҳс бу борада учинчи тўқнашувга айланади.

Кьеллини учун хайрлашув ўйини

Евро-2020 ғолиби Италиянинг мундиалсиз қолиши ЖЧ-2022 саралаш босқичининг сенсацион воқеасига айланди. «Скуадра Адзурра» ўтган ярим йилдан кўпроқ вақт давом этган тушкун кайфиятни «Уэмбли»даги ғалабани такрорлаган ҳолда байрамона атмосферага айлантириш имконига эга. Ушбу баҳс италияликлар сардори Жоржио Кьеллини учун ҳам ўзига хос аҳамиятига эга – 37 ёшли ҳимоячи Лондондаги ўйиндан сўнг халқаро фаолиятига якун ясайди. Бош мураббий Роберто Манчини Аргентинага қарши баҳсда Евро-2020 қаҳрамонларини асосий таркибда майдонга тушириши эҳтимоли катта. Шунингдек, Алессандро Бастони, Сандро Тонали, Николо Дзаньоло ва Жанлука Скамакка сингари ёш ўйинчилар ҳам ўйинга шай.

Аргентина миллий жамоаси эса қарийб уч йилдан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда. Месси етакчилигидаги «Альбиселесте» мағлубиятсиз сериялар эвазига ўтган мавсум Копа Америка ғолибига айланиб, ЖЧ-2022 саралаш босқичини ҳам муваффақиятли якунлаган ҳолда Қатарга йўлланма олди.

Лионель Скалони шогирдлари 2019 йилдан буён илк марта Европа қитъаси вакилига қарши саф тортишади. Уч йил аввал аргентиналиклар Германияга қарши ўртоқлик баҳсида 2:2 ҳисобини қайд этишганди. 

Ўйин олдидан ким қандай фикрда? 

Роберто Манчини (Италия бош мураббийи): «Италия – Аргентина учрашуви – жаҳон футболи классикасидир. Бундай тўқнашувлар баҳонасида бутун дунё бу жамоалардаги афсонавий ўйинчиларни эслайди. Афсуски, бу баҳсда Кьеза, Иммобиле, Берарди ва Верратти бизга ёрдам бера олмайди. Аммо уларнинг ўрнини тўлдира оладиган ўйинчилар бор. Финаллисимадан сўнг миллий жамоада маълум бир даврга якун ясалади. Бу билан таркибни 15-20 нафар ўйинчи тарк этади, демоқчи эмасман, шунчаки таркибни ёшартириш жараёни бошланади».

Лионель Скалони (Аргентина) бош мураббийи: «Футболчилик фаолиятимда Италия сингари рақибларга қарши ўйиндан роҳатланганман. Биз Европанинг энг кучли жамоаларига қарши кўпроқ майдонга тушишни истаймиз. Узоқ давом этаётган мағлубиятсиз сериямиз – шунчаки статистика. Бу биз учун муҳим аҳамиятга эга эмас. Аргентина либосида майдонга тушар экансан, исталган ўйин энг муҳим баҳсга айланади. Италияга қарши битта ўйин билан совринга эга чиқиш мумкин экан, жамоамдаги барча ўйинчи борини кўрсатиши аниқ».

Финалиссима. 1 июнь (чоршанба)

ИТАЛИЯ – АРГЕНТИНА

Стадион: Лондон, «Уэмбли»

Ўйин бошланиш вақти: 23:45

ТВ-трансляция: Спорт

Тахминий таркиблар:

Италия: Доннарумма; Ди Лоренцо, Бонуччи, Кьеллини, Эмерсон; Барелла, Жоржиньо, Пессина; Бернардески, Белотти, Инсинье

Аргентина: Э. Мартинес; Фойт, Ромеро, Отаменди, Акунья; Де Пауль, Родригес, Ло Чельсо; Ди Мария, Месси, Лаутаро Мартинес.

Усмон Ибодов тайёрлади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар