31.05.2022 21:48
4290
Ўзбекистон миллий жамоаси Осиё кубоги саралаши олдидан машғулотларни давом эттиряпти

Июнь ойида Ўзбекистон миллий жамоаси Осиё кубоги саралаш босқичи учрашувларини ўтказади. 

Сречко Катанец шогирдлари қитъа миқёсидаги асосий турнирга йўлланма берувчи мусобақага тайёргарликни бошлаб юришган. Бугун Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионининг захира майдонида миллий жамоа навбатдаги машғулотларини ўтказди. 

«Ўзбекистон миллий жамоаси йиғинига катта танаффусдан сўнг яна жалб этилганимдан хурсандман. Саралаш ўйинларига тайёргарлик яхши кетяпти. 

Мавсум давомида бир неча бор жароҳат олдим, шунинг учун, бироз қийин йил бўлди десам бўлади. Аммо чемпионатнинг иккинчи ярмига келиб, анча формамни тиклаб олдим ва ўйинимдан ҳам кўнглим тўлди. 

«Спартак»да қоламанми ёки йўқ — билмайман. Ҳозир бор эътиборим миллий жамоага қаратилган. Йиғин ва саралаш учрашувларини тугатиб олгач, барчасини ўйлаб кўрамиз», — деди Ўрунов. 

Ўзбекистон миллий жамоаси бир неча кун мобайнида Тошкентда машғулотларни ўтказади. Сўнгра, йиғин Наманганда давом эттирилади ва у ерда Осиё кубоги саралаш учрашувлари бўлиб ўтади. 

«Ассалому алайкум. Миллий жамоага яна чақирув олганимдан хурсандман. Бугундан машғулотларга қўшилдим. Эронда мавсумни яхши ҳолатда, жароҳатларсиз якунлаб олдим. Шунинг учун, ҳаммаси яхши деб айта оламан. 

Мослашишдаги қийинчиликлар доим бўлиб туради. Жамоадошларим ва мураббийларнинг кўмаги орқали бу жараён анча тез кетди ва ҳозир ўзимни уйдагидек ҳис қиляпман. 

Узоқдан бераётган зарбаларим? Албатта, бундай зарбалар беришни мураббий топшириқ бермайди. Футболчилар ўзлари вазиятдан келиб чиқиб шундай қарор чиқаришлари мумкин. Мен ҳам бу каби зарбаларни худди шу тахлит йўллаяпман. 

Саралашдаги рақибларнинг ҳар бирига жиддий ёндашиб, техник ва тактик томондан тайёргарлик кўряпмиз. Улар ҳам Ўзбекистонга ютказамиз, деб келмайди. Ҳар бир рақибни ҳурмат қилиш керак». — дейди Эроннинг «Персеполис» клуби ҳужумчиси Шерзод Темиров. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси Осиё Кубоги саралашидаги ўйинларини 8, 11, 14 июнь саналарида ўтказади. Гуруҳда «оқ бўрилар»га Таиланд, Шри-Ланка ва Мальдив ороллари рақиблик қилади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар