28.05.2022 19:26
2705
Салоҳ 4 йил аввалги мағлубият учун ўч олмоқчи, Бензема «Олтин тўп» умидида. ЕЧЛ финали олдидан

Бугун, 28 май шанба оқшомида бутун дунё нигоҳи клублар ўртасидаги энг нуфузли турнир – Чемпионлар лигаси финали ўтадиган Париж томон қаратилади. «Стад де Франс» ўйингоҳи «Ливерпуль» ва «Реал» ўртасидаги тўқнашувга мезбонлик қилади. Шиддат ваъда қилаётган қарама-қаршилик олдидан инглиз ва испан жамоасининг финал олди тайёргарлиги, ўзаро ўйинлардаги ҳисоб-китоблар, таркиблар билан танишинг. Яна бир жиҳати, финал – «Олтин тўп»нинг янги эгаси ким бўлиши ҳақидаги баҳсларга якун ясаб бериши мумкин.

Европанинг 6 карра ғолиби 13 карра чемпионга қарши

УЕФА тарихида 66-марта ташкил этилаётган кўҳна қитъанинг энг нуфузли турнири финалида қитъада 6 марта тенгсиз бўлган «Ливерпуль» мусобақанинг рекордчиси – 13 карра чемпион «Реал»га қарши саф тортади.

«Ливерпуль» «Манчестер Сити» билан курашда АПЛ чемпионлигини бой берган бўлса-да, мавсумни ажойиб ўтказмоқда, десак муболаға бўлмайди. Клопп мураббийлигидаги жамоа аллақачон иккита турнир – Англия кубоги ва Англия лига кубоги бош совринига эга чиқди.

«Реал» эса Испанияда чемпионликни расмийлаштириб, Чемпионлар лигасида ҳам камбэклар эвазига турнирнинг асосий қаҳрамони бўлиб турибди. Карим Бензема етакчигидаги мадридликлар ажойиб мавсумни финалда чиройли якунлаш имкониятига эга.

Финалга ким қандай етиб келди?

Икки клубнинг финалгача босиб ўтган йўлига назар ташлайдиган бўлсак, «Реал»га қараганда «Ливерпуль»нинг рақиблари нисбатан осонроқ кўринади. Юрген Клопп шогирдлари гуруҳдан пешқадам сифатида 1/8 финалга йўлланма олгач, финалга қадар Италия чемпиони, Португалиянинг 3-жамоаси, Испаниянинг 7-жамоаси тўсиғидан ўтди.

Карло Анчелотти жамоаси эса «D» гуруҳи пешқадами сифатида финалга қадар Франция чемпиони, ЕЧЛнинг амалдаги ғолиби ва Англия чемпионини турнирдан чиқариб, ҳал қилувчи баҳсга етиб келди.

«Ливерпуль»нинг финалгача йўли:

«В» гуруҳи ғолиби

1/8 финал: «Интер» (умумий ҳисоб: 2:1)

1/4 финал: «Бенфика» (умумий ҳисоб: 6:4)

1/2 финал: «Вильярреал» (умумий ҳисоб: 5:2)

Мавсумдаги натижаси: АПЛ – 2-ўрин, Англия кубоги соҳиби, Англия лигаси кубоги ғолиби.

ЕЧЛдаги сўнгги финал: 2019 йил, «Ливерпуль» - «Тоттенҳэм» 2:0

«Реал»нинг финалгача йўли:

«D» гуруҳи ғолиби

1/8 финал: «ПСЖ» (умумий ҳисоб: 3:2)

1/4 финал: «Челси» (умумий ҳисоб: 5:4)

1/2 финал: «Ман.Сити» (умумий ҳисоб: 6:5)

Мавсумдаги натижаси: Ла Лига – чемпион.

ЕЧЛдаги сўнгги финал: 2018 йил, «Реал» - «Ливерпуль» 3:1

Ўйиндан олдин ким қандай фикрда? 

Юрген Клопп («Ливерпуль» бош мураббийи): «Реал» - Европанинг энг совриндор жамоаси. Рақиб жамоа таркибидаги аксарият ўйинчилар совринни бешинчи маротаба, мураббийи эса 4-марта ютиши мумкин. Бизда бундай тажриба йўқ, буни сотиб олиб бўлмайди. Аммо унутмаслик керакки, биз ҳам сўнгги 5 йилда учинчи марта финалга чиқдик ва бу ажойиб натижа».

Карло Анчелотти («Реал» бош мураббийи): «Ўз жамоаларимни бошқарган финаллардан яхши хотиралар қолган. Биз 2005 йилда «Ливерпуль»га ақлбовар қилмас тарзда мағлуб бўлганмиз, аммо ҳозиргача ўша финални жамоам энг яхши ўйин кўрсатган баҳс сифатида эслайман. Финалга яхши тайёргарлик кўрдик, жамоа яхши спорт формада. Ғалаба учун боримизни берамиз. Биз маҳоратимиз эвазига финалда тўп суришга ҳақли эканимизни кўрсатдик. Бу жиҳат сизда бўлмаса, финалгача етиб кела олмайсиз». 

Салоҳ финал ҳақида: «Ҳисоб-китобларни ўрнига қўйиш вақти келди»

Париждаги финал олдидан «қизиллар» форварди Муҳаммад Салоҳ 4 йил аввалги мағлубият учун реванш олишни мақсад қилган.

2017/18 йилги мавсум Киевда ўтган ЕЧЛ финалида Салоҳ Рамос билан тўқнашувдан сўнг елкасидан жароҳат олиб, ўйинни давом эттира олмаган, жамоаси эса якунда мағлубиятга (1:3) учраган эди.

«Реал» бу мавсум финал йўлланмасини қўлга киритгач, Салоҳ дарҳол «твиттер»даги саҳифасида «Эски ҳисоб-китобларни ўрнига қўйиш вақти келди», - дея ёзган.

Бир неча кундан кейин эса яна ўша финал ҳақида тўхталиб, «2018 йилги финал биз учун қайғули ўтганди. Ўша мағлубият учун ўч олиш вақти етди», деган мисрлик ҳужумчи. 

Бензема Роналдунинг рекордини янгилайдими?

Франциядаги финалда мадридликлар голеадори Карим Бензема Криштиану Роналдунинг рекордини янгилаши мумкин, Карло Анчелотти эса мураббийлар орасида биринчи бўлиб ЕЧЛда 4-марта ғолиб чиқиш имкониятига эга.

Криштиану Роналду – ҳозиргача турнирда 5 марта зафар қучган ягона ўйинчи ҳисобланади. «Ливерпуль» билан баҳсда Карим Бензема, Лука Модрич, Дани Карвахаль ва Марсело Роналдунинг рекордини такрорлаб, 5-маротаба «шалпанқулоқ» совринга эга чиқиши мумкин. Шунингдек, айни дамда 15та гол билан турнирнинг энг яхши тўпурари бўлиб турган Бензема финалдаги голлари билан Роналдунинг янгиланмаётган рекордини янгилаши мумкин. Криштиану ЕЧЛда бир мавсумда 17та гол киритган ягона ўйинчи саналади, Бензема дубли билан бу рекордни такрорлаши, ҳет-трик эвазига янгилаш имкониятига эга. Карим плей-офф ўйинларида «ПСЖ» дарвозасига 3та, «Челси»га 4та, «Манчестер Сити» дарвозасига 3та гол киритганини инобатга олсак, у тарихий рекорднинг янги муаллифига айланиши ҳеч гап эмас. Тўпурарлик ва ғолиблик эса Бенземага узоқ кутилган «Олтин тўп»ни ҳам келтириши деярли аниқ.

ЕЧЛ. Финал. 28 май (шанба)

ЛИВЕРПУЛЬ – РЕАЛ

Ўйин бошланиш вақти: 23:59

ТВ-трансляция: Спорт

Стадион: Франция, «Стад де Франс»

Тахминий таркиблар:

«Ливерпуль»: Алиссон; Александер-Арнолд, Конате, ван Дейк, Робертсон; Ҳендерсон, Фабиньо, Тьяго; Салоҳ, Мане, Луис Диас

«Реал»: Куртуа; Карвахаль, Эдер Милитао, Алаба, Менди; Кроос, Каземиро, Модрич; Вальверде, Бензема, Винисиус Жуниор

Усмон Ибодов тайёрлади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар