20.05.2022 15:42
3955
Теглар
Қосимов ассисти, шифокор ҳайрати, қизиқ воқеалар, Италия, ҳақоратлар ва муштлашув – Дилшодбек Тўхтабеков билан интервью

Ижтимоий тармоқларда саҳифаси йўқ шарҳловчини учратиш қийин, аммо биз топдик. «Шарҳловчи»нинг 3-сони меҳмони – ҳамкасблари томонидан «футбол профессори» номини олган, кучли хотирага эга Дилшодбек Тўхтабеков.

Футболга муҳаббат ва шарҳловчиликка кириб келиши

– Шарҳловчиларнинг кўпчилигига эътибор берган бўлсангиз, болалигида футболчи бўлишни орзу қилган. Менда ҳам шундай – болалигимдан футболчи бўлишни хоҳлаганман. 1994 йилги мундиал, 1996 йилги Осиё Кубоги футболга қизиқишимга сабаб бўлган. «Касаллик» шундан келиб чиқа бошлаган. 1998 йилги жаҳон чемпионати ва 2000 йилги Европа чемпионати футболга муҳаббатимни янада оширган. «Қанийди, футболчи бўлсам…» деб орзу қилардим.

  Орзуларим ҳатто тушларимга кўчарди. 2000 йилги ­тарихимиздаги энг шармандали Осиё чемпионати (Ўзбекистон Японияга 1:8, Саудияга 0:5 ҳисобида ютқазган) вақти тушимда ўзимни Ўзбекистон миллий жамоасида кўрганман. Жуда яхши эслайман: Туркманистон билан ўйинда Миржалол Қосимовнинг узатмасидан сўнг гол урганман ва ўша баҳсда 2:1га ютганмиз.

  Лекин ҳаётда орзум амалга ошмади. Шундан сўнг Жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факултетига ўқишга кирдим. Шарҳловчи бўлишни мақсад қилдим. Ўшанда ҳам асосий ўқийдиганимиз футбол газеталари эди. Уч ўртоқ уч хил газета – «Интерфутбол», «Футбол экспресс» ва «Ўзбекистон футболи»ни олиб, алмаштириб ўқирдик.

 2003 йил ноябрь ойларидан телевидениега амалиётга қатнаганман. 2004 йилдан «Sport» телеканали ташкил этилди. Ўша йил ёзида амалиётимни «Sport»га олиб, Афина олимпиадаси, Европа чемпионати ва Осиё Кубогини кўрдим, устозлар билан бирга ишладим.

Устозлари ҳақида

– Биринчи бор қўлимдан тутган Хайрулла Ҳамидов ва марҳум Давлат Турдиалиевни алоҳида тилга олган бўлардим. Илк чиқишим Хайрулла аканинг «Футбол плюс» дастурларига тўғри келади. Ҳеч эсимдан чиқмайди – 2004 йил 25 июл куни отамнинг туғилган кунларида эфирга кетган. «Реал» ҳақида лавҳа тайёрлагандим.

  Давлат аканинг яхши хусусиятлари бор эди: ўсиб келаётган ёшларни кўрсалар, ҳеч қачон кўксидан итармасдилар. Хатоларни шундай кўрсатиб берардиларки, чўкиб ҳам қолмасдик ва шу билан бирга туртки бўларди. Умрларининг сўнгги йилларида энг кўп тандемда ишлаганимдан фахрланаман.

  Шарҳга биринчи марта Элдор Мустафоев олиб кирган. Қўрқардим. Лекин Элдор ака ички қўрқувни енгишимга сабабчи бўлган. Ҳозир ҳам шундай: ҳеч кимдан сўрамай, ёш шогирдларни шарҳга олиб кириб кетаверади. Таваккалчи инсон.

  Зафар Имомхўжаевнинг ҳам ўрни бор. Анча талабчан инсон. Зафар ака мени тасвирга олиш гуруҳи билан биринчи марта сёмкага чиқариб юборган. «Футбол шарҳи» кўрсатувида ишлаб ҳам анча тажриба орттирганман.

  Устозлар орасида Жамолиддин Бобожоновни ҳам таъкидлаган бўлардим. Бу одам шарҳловчи эмас, лекин мен ва тенгқурларимга катта таъсири бўлган. Жамол ака мени бошловчи сифатида жонли эфирга олиб чиққан – 2010 йилги ЖЧ пайтида. Ҳам туртки берардилар, ҳам тирковчи бўлардилар. Нафақат мени, Даврон Файзиевни ҳам, ҳатто тенгқурлари – Элдор Мустафоев ва Хайрулла Ҳамидовни ҳам гап билан «савалардилар». Лекин буни беғубор амалга оширадилар.

Футболда соғлиқдан муҳимми? Шифокорлар ҳайратда

– Футболни деб операциядан қолган пайтим бўлган. Бу Евро-2000 финали кунига тўғри келади. Мусобақа давомида Италияга мухлислик қилганман. «Мовий гвардия» финалда Франция билан ўйнаши керак эди. Ўша куни эрталабдан қорин қисмимда кучли оғриқ бошланди. Вилоят шифохонасига бордик. Текширувлар бўлгунича кеч кирди. Кўричак (аппендицит) дея тахмин қилишди. Операция қиламиз, наркозда бўласан дейишди. «Эрталабгача турмайманми?» – деб сўрадим. «Ҳа» жавобини беришгач, «Унда аввал футболни кўриб оламан», – дедим. Ҳайрон бўлишди, ёрилиб кетса аҳволим ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантиришди. Барибир қарорим ўзгармади.

  Ўйинни кўрдик. Италия 1:0га ютиб турган жойида Франция сўнгги дақиқаларда ҳисобни тенглаштирди ва қўшимча бўлимларда ғалабани илиб кетди. Ўйинга берилиб кетганимдан оғриқ эсдан чиқди. Ваҳоланки, шифохонага эмаклаб борганман. Футбол кўриб ўтирганимни кузатган анестезиолог ота-онамга «Ўғлингизни операция қилдирманг. Жарроҳ қўлига берманг. Бу кўричак эмас. Бемалол футбол кўриб ўтирибди-ю», деган. Ҳалигача ўша кунги оғриқ сабабини билмайман. Операция бўлмаган.

Шарҳ – бу…

– Шарҳ – байрам. Болаликда милиционер амакига ялиниб, стадионга кирасиз. Майдон четидан Қосимов,Шквирин ва Ширшовларни кўрасиз. Ҳавас қиласиз. Кейинчалик ўзингиз яхши кўрган спорт турини шарҳлайсиз, унинг ичида қайнайсиз. Шарҳ бу – завқ, байрам. Бундан ортиқ сўз топиш мумкин эмас.        

Шарҳдаги қизиқ воқеалар

– Африка Миллатлар Кубоги яримфиналини шарҳлаётганимда мухлислар ўртасида жанжал бўлиб кетган. Улар майдонга тушишган. Шу пайт вертолёт одамлар устига тўғри учиб кела бошлаган. Шу орқали босим қилиб, мухлисларни ҳайдашмоқчи бўлган. Бунақасини кўрмагандим. Нима дейишни билмай қолганман.  

  Сурхондарёда 2011 йили «Баркамол авлод» ўйинларини шарҳлаётганимда қизиқ ҳолат бўлган. Стадион ноқулай кўринишда экан, камерага қулай жой топилмаган. Майдон, мухлислар учун 2 қатор ўриндиқ ва девор бор эди. Девор орқасига биз учун симёғоч чироқларини тузатадиган машина олиб келишган. Кичик жойга камералар, оператор ва мен аранг сиғганмиз. Шарҳлаётганимда машина силкиниб турган. Тепаликдамиз, юрагимиз ўйнаб кетган. Финал куни машина девор ортидан кўтарилди: қарасак, майдон маркази эмас. Қайтадан тушириб, тўғри жойни топгунимизча ўйинни бошламай туришган. Биласиз, Термиз жуда иссиқ. Футболчилар терга ботиб кетган. Ҳамма бизни кутяпти. Охири «ғийқ-ғийқ» этиб кўтарилдик, ҳакам бизга қараб «Хайрият, бўлдими?» – деб ҳуштагини чалган.

Енг яхши шарҳловчилар, тандемда ишлаш

– Рус тилида Отабек Жўраев, ўзбекчада Даврон Файзиевнинг шарҳлари ёқади. Улар анча эркин шарҳлашади, кўп нарса олса бўлади. Ўрганса бўладиган жиҳатлар кўп.

  Энг яхши тандем сифатида устозимиз Давлат Турдиалиевни айтган бўлардим. Босим бўларди, лекин кўп нарса ўргатардилар. Шунингдек, Сардор Раҳимов. У билан футбол эмас, хоккей шарҳлаганмиз. Нафақат шарҳ, кўрсатувларда ҳам, ҳаётда ҳам яхши чиқишамиз.

Еврофутбол ёки ўзбек футболини шарҳлаш?

– Бир пайтлар Ўзбекистон олимпия жамоаси сафарда Эронга 1:6 ҳисобида ютқазиб келган. Ўшанда аксарият ишқибозлар «Хайрулла Ҳамидов нима дер экан? » деб «Футбол плюс»ни кутишарди. Шахсан ўзим ҳам. Аммо Хайрулла ака чиқиб: «Кўпчилик Эрон билан ўйин ҳақида гапиришимизни хоҳлаётгандир. Аммо биз бу баҳсга тўхталмаймиз, чунки бу ўйин кўрсатувимиз вақтини олишга ҳам арзимайди. Шунинг учун, келинг, ҳақиқий футбол бўладиган Европага ўтамиз», – деганлар. Қайсидир маънода саволингизга жавоб бердим, шекилли.

  Аммо барибир Ватанингиз миллий жамоасига хайрихоҳлик бўлади. Қўшним бор: миллий жамоа ютқазса, футболчиларни сўкади. «Қайтиб кўрмайман» дейди, лекин навбатдаги ўйин яқинлашиши билан яна қизиқа бошлайди. Бизда ҳам худди шунақа: қониқмаслигингиз ёки зерикиб кетишингиз мумкин, бироқ ўзимизнинг футбол. Яхши ўйинлар ҳам бор. Масалан, ўтган мавсумда «Насаф» – «Пахтакор» (2:3) баҳсини шарҳлаганда мазза қилганман. Мезбонлар 2та гол уриши, сўнг «Пахтакор» камбэк қилиши… Қанийди, ҳамма ўйинлар ҳам шунақа руҳда ўтса.

«Sport»да еврофутболсиз йиллар

– Албатта, йўқотиш. Завқ-шавқингиз йўқолади. Шарҳламаганингиз учун бироз бўлса ҳам, еврофутболдан узоқлашасиз.

  Нима десам экан?  Ёш болага музқаймоқни кўрсатяпсиз, аммо бермаяпсиз. Шунга ўхшаган нарса. Жуда оғир ҳолат.

  Бунинг фойдали томонлари ҳам бўлди. Рақобатчи чиққач, биз ҳам жойимиздан турмасдан ишлай бошладик. Маркетинг нуқтайи назарида олдинга юриш кераклигини тушундик.

«Бир четда турсанг, бўлмас экан…»

– «Sport»га келганимдан сўнг бир неча йил давомида ҳеч ким билан ўйин талашмадим. Лекин маълум бир пайтга келганда, фикрим ўзгарди. Қарасам, кимлигини айтмайман, марказий ўйинлар мунтазам равишда 1-2 кишига туша бошлади. Кейин жараённи кузатсам, «ҳал қиладиган» йўллари бор экан. Уларни ҳам тушунаман – ҳамма катта ўйинларни шарҳлашни хоҳлайди. Бироқ шахсан мен алмашиб туриш тарафдориман. Масалан, бу ҳафта «Бавария» – «Боруссия» Д баҳсини мен шарҳласам, кейинги ҳафта «Боруссия» Д – «Байер»ни бошқа киши шарҳлагани тўғри.

  Марказий ўйинларга ўзини қўйдираётганларни билганимдан кейин «Ия, бир четда турсанг ҳам, бўлмас экан» деган фикр келган. Аммо ич-ичимдан бунга қаршиман. Чунки бундай ўйинлар масъулият беради, шарҳловчи сифатида ўстиради. 

Фикр, овоз ёки статистика?

– Фаолиятим бошида статистикани энг муҳими, деб ўйлаганман. Аммо, аксинча, экан. Футбол тарихи ва статистика бўйича ўта билимдонлар кўп, лекин бевосита шарҳ жараёни умуман бошқа нарса. Бутун футбол тарихини билсангиз ҳам, ўйнаётган жамоаларга оид маълумотларни 5-10 дақиқада айтиб бўласиз. Қолган 80 дақиқа гап топиш осон эмас. Ўйин қайнаб турган бўлса, мухлисга статистика ҳам керак эмас. Шунинг учун фикрни биринчи ўринга қўяман. Раҳматли Давлат ака айтардилар: «Хайрулла телевидениега келганида, кўпчилик маъқул кўрмаган. «Шу ҳам шарҳловчи бўладими?» дейишган. Сабр қилинглар, унинг фикри бор». Хайрулла Ҳамидовни машҳур қилган жиҳат – айнан фикрлари. Овоз иккинчи ўринда.  

Қўшимча даромад манбайи

– Кўпчилик эфирга чиққан одамни бадавлат деб ўйлайди. «Сизлар тўйларга чиқасизлар-ку» дейишади. Аслида ундай эмас. Деярли ҳамма шарҳловчиларда қўшимча даромад манбайи бўлади. Менда уйда чорва бор, аввал иссиқхонамиз бўларди.

 

Танқидлар, ижтимоий тармоқларда йўқлиги сабаби

– Танқид ўчоғи сифатида биз учун қора кунларга айланган пайтларни сабаб сифатида кўрсатиш мумкин. Чунки футбол бермай қўйдик. Ишонинг, ичимиздан қиринди ўтган. Жаҳон футболида энг зўр ўйинлар бўляпти, биз эса олиб бермаяпмиз.

  Ижтимоий тармоқларда йўқлигимни ҳамкасбларим ҳам танқид қилишади. Ҳа, бу ­– камчилигим. Замонга қараб ўзгаришим керакдир. Ҳозир деярли ҳамма шарҳловчининг телеграм канали бор. Бундан пул ҳам топишади. Лекин ўзимни бунинг ичида кўрмайман. «Сеники эмас» деган куч итариб туради. Интернетдан шунчаки ахборот олишда фойдаланаман. Савиясиз нарсалар кўпайиб кетди, шуларнинг ичида бўлишни хоҳламайман.

  Асоссиз танқид қиладиганлар кўп. Гапирмаганимни «гапирдинг» деб, мухлисларнинг катта бир армияси ҳужумга ўтишган. Бир ёш боланинг нотўғри гапига ишониб, ҳақорат қилишган. Мухлислардан узр сўраб, видеомурожаат қилишимни сўрашган. «Исботлай олмасанг, сен мендан узр сўрайсанми?» десам «йўқ» дейишган.   

  Тошкентдан бўлганимиз учун «пойтахт жамоаларига ён босади» деган танқидлар ҳам бўлади. Шахсан мен неча йилдан бери вилоят клуби чемпион бўлишини орзиқиб кутаман. Вилоят жамоалари Тошкент клубларини мағлуб этса, хурсанд бўламан. Рақобат ошади.

  Танқидлар сабаб ички ишларга мурожаат қилган пайтим ҳам бўлган. Бу миллий жамоамиз ўйини билан боғлиқ. Бабаян даврида мен шарҳлаган ўйинларда Жанубий Корея (1:2) ва Хитойга (0:1) ютқазиб қўйдик. Иккинчисида Хайрулла ака билан тандемда эдик. Жамоанинг ўйини ўхшамайди, айбдор биз. СМС келяпти: «Сенинг оёғинг ёқмади». Индамасам, оиламни ҳам ҳақорат қиляпти. Телефон қилсам, кўтармайди. Кейин участка нозирига чиқиб, топиб беришларини сўрадим. Қўқондан 55 ёшли киши экан. Жабрдийда мен-ку, лекин Қўқонга боришим керак эмиш.

«Ўтлаб кетиш» одати

– Бу одати менда йўқ, дея олмайман. Асосий эътирозлар шундан. Демак, бу – муаммойим. Жуда кўп маълумотни миямда ушлаб туриб, беришга ҳаракат қиламан. Соҳага келаётганимда, тамал тоши нотўғри қўйилганидан, деб ўйлайман. Статистика муҳим, деган фикр бўлган.

  Секин-аста ўзгаришга уриняпман. Аввал маълумотларга чалғиб, вазиятларни ўтказиб юборардим. Ҳозир хавфли вазият бўлдими, маълумотни отиб юборишга ҳаракат қиламан.

«Ишхонага кўзим кўкариб келган пайтлар бўлган»

– Характеримда қизиққонлик, жиззакилик бор. Авваллари автомобилда кетаётганимда, қоида бузганлар билан кўп тортишардим, натижада ишхонага кўзим кўкариб келган пайтлар бўлган. Бир марта онам операция бўлганларида, уларнинг олдиларига ҳам шундай борганман. Йўлимни бир автомобил кесиб ўтган, мен ҳам шундай жавоб қайтарганман. Кейин мени сўккан, кўчада уришиб кетиб қолганмиз. Аслида уришқоқ эмасман, аммо нотўғри ҳаракатни кўрсам, индамай кета олмайман.

«Мурод Ризаев билан кўп баҳслашамиз»

– Ҳамкасблар билан кўрсатувгача ва кўрсатув давомида футбол мавзусида баҳслашишимиз мумкин, аммо бу шахсий муносабатларни ўзгартирмайди.

Фақат мен эмас, кўпчиликнинг фикри Мурод Ризаев билан қарши чиқиб қолади. Эҳтимол, қизиқ бўлиши учун атайин қиладилар. «Турдан тургача» кўрсатувида ҳам Даврон Файзиев, мен ва Зоҳид Каримов бир томон, Мурод ака бошқа томон бўлиб қоларди. Даврон ва Зоҳид кулги билан енгарди, менда бироз жиззакилик юзага чиқиб кетарди.

Шарҳда шеър ўқишга муносабат

– Ўзим шеъриятни жуда яхши кўраман. Ишхонада ҳам адабиётдан кўп гапирадиган инсонлар тоифасиданман, аммо шарҳга шеър қўшишга хушим йўқ. Яқинда бир укамиз «шеър билан бошласам майлими?» – деди. Тўғриси, менга ёқмади. Бу жиҳат Хайрулла акамда бор.

  Бир пайтлар Сардор Раҳимов энди шарҳга кириб келганида, уни танқид қилганман. Услуби шоуга хос. Отабек Жўраев унга тўғри таъриф берган: «Сардор шарҳни тўйга айлантиради. Ўзбекча тўй эмас, америкача». Ўшанда янгиликни қабул қила олмаганман. Аммо ҳозир бу услуб унга ярашади. Балки, шарҳни шеър билан бошлаш ҳам одатий ҳолга айланар.

3 китоб тавсияси

– «Уста ва Маргарита» (М.Булгаков), «Қиёмат» (Ч.Айтматов) ва «Ўткан кунлар» (А.Қодирий).

Қисқа савол-жавоблар

– Энг яхши футболчи?

– Пеле / Ўзбекистондан Миржалол Қосимов

– Эсда қоларли ўйин?

– 2005 йили ЖЧ-2006 саралаши доирасидаги Ўзбекистон – Қувайт (3:2) ўйини

– 3 маэстро?

– Зидан, Бергкамп, Дель Пьеро

– Энг чиройли гол?

– Зиданнинг ЕЧЛ-2002 финалида «Байер»га (2:1) урган голи

– Энг кучли жамоа?

– Гвардиола давридаги «Барселона» (2009-2011) ва Франция миллий жамоаси (1998-2000)

– Эсда қоларли камбеклар?

– Ўзбекистон – Қувайт (3:2) ва Евро-2000 финалида Италия – Франция (1:2)

– “Ювентус» ХXI асрда EЧЛни юта олмаётгани сабаби?

– Молиявий имконияти қолганларга нисбатан яхши эмаслиги

–  ЖЧ-2022 фаворити?

– Франция

– Энг яхши дарвозабон?

– Лев Яшин

– Ўзбек футболидаги асосий муаммо?

– Ҳалоллик жуда паст даражада

– Аллегри ё Конте?

– Конте

Рамзий жамоа: Жанлуижи Буффон – Фабио Каннаваро, Алессандро Неста, Паоло Малдини, Кафу – Зинедин Зидан, Пол Скоулз, Патрик Виейра – Криштиану Роналду, Лионель Месси, Роналдо.

Бош мураббий: Валерий Лобановский

Аъзамжон Иззатиллаев суҳбатлашди

Тасвирчи ва монтаж устаси – Азимжон Воҳидов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар