Сешанба куни Тошкент ва Яйпандаги ўйинлар билан Суперлига 8-тур учрашувларига старт берилди. 11-12 май кунлари ҳам мухлисларни бир қатор қизиқарли қарама-қаршиликлар кутиб турибди.
Турга старт берган баҳсда «Нефтчи» Темур Кападзе мураббийлигидаги «Олимпик»ни қабул қилиб, бу сафар ҳам ғалаба қозона олмади – 0:0. Натижада, Илҳом Мўминжонов шогирдлари кетма-кет 7-ўйинда ҳам ғалабасиз сериясини давом эттириб, сўнгги 14-поғонада қолишди.
«Бунёдкор» эса ўз майдонида «Металлург»ни қабул қилиб, ғалабани қўлдан чиқарди. Бекобод клуби иккинчи бўлимда бир киши кам қолишига қарамай, Дамир Темировнинг голи эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди – 1:1. Бу дуранг «қалдирғочлар» устози Шуҳрат Мақсудовнинг истеъфосига сабаб бўлди.
Чоршанба кунги эътиборли ўйинлардан бири Самарқандда «Динамо» ва «Навбаҳор» ўртасида кечади. «Динамо» сўнгги 5 ўйинда 1 марта мағлуб бўлди, «Навбаҳор»да 2 мағлубият. Самарқанд ва Наманган клублари айни дамда турнир жадвалида икки хил ҳолатда. «Навбаҳор» 13 очко билан 3-ўринда бораётган бўлса, «Динамо» 8-тур бошлангач ҳозирча 11-ўринда бормоқда.
«Динамо»нинг сўнгги 5 турдаги ўйинлари:
3-тур. «Динамо» – «Қизилқум» – 0:0
4-тур. «Бунёдкор» – «Динамо» – 2:1
5-тур. «Динамо» – «Локомотив» – 3:1
6-тур. «Динамо» – «Нефтчи» – 1:1
7-тур. «Олимпик» – «Динамо» – 1:1
«Навбаҳор»нинг сўнгги 5 турдаги ўйинлари:
3-тур. «Навбаҳор» – «Қўқон-1912» – 2:0
4-тур. «Пахтакор» – «Навбаҳор» – 1:0
5-тур. «Навбаҳор» – «Сўғдиёна» – 1:2
6-тур. «Қизилқум» – «Навбаҳор» – 1:2
7-тур. «Навбаҳор» – «Бунёдкор» – 2:1
Ўзаро ўйинлар тарихи: 49-тўқнашув
Самарқанд ва Наманган клублари ҳозирга қадар чемпионат доирасида 48 марта ўзаро тўқнаш келиб, 13 учрашувда «арслонлар», 26 баҳсда эса «лочинлар» устун келган, 9 ўйинда эса томонлар муроса йўлини танлаган. Тўплар нисбати ҳам наманганликлар фойдасига – 85:43.
«Динамо» ва «Навбаҳор» ўртасидаги ўзаро ўйинларда кўҳна шаҳарликлар 48 очкога, водийликлар эса 87 очкога эга чиққан. Жамоалар Суперлигада сўнгги марта 2019 йилда ўзаро тўқнаш келиб, Самарқандда 2:2, Наманганда эса 1:0 ҳисобида мезбонлар зафар қучган.
Самарқандда бўлиб ўтган сўнгги 7 учрашув:
26.04.2019 «Динамо» - «Навбаҳор» 2:2
31.03.2017 «Динамо» - «Навбаҳор» 0:1
23.09.2015 «Динамо» - «Навбаҳор» 2:1
21.06.2014 «Динамо» - «Навбаҳор» 2:0
31.05.2013 «Динамо» - «Навбаҳор» 1:1
14.09.2012 «Динамо» - «Навбаҳор» 2:0
02.04.2011 «Динамо» - «Навбаҳор» 0:1
2017 йилги «Динамо» – «Навбаҳор» (0:1) ўртасидаги ўзаро сўнгги учрашувда Самарқандда рекорд қайд этилганди. Ўшанда «Динамо» 3-турда «Пахтакор»ни сафарда мағлуб этиб, 1-ўринга кўтарилгач, 4-турдаги «Динамо» – «Навбаҳор» ўйинида стадион ўйин бошланишига 1 соат вақт қолганда 14 мингдан ортиқ мухлис билан лиқ тўлган, ўйингоҳ ташқарисида 5 мингдан ортиқ мухлис қолиб кетганди. Бу Самарқанддаги яқин 10 йилликдаги рекорд ташриф саналади.
Эски-танишлар
«Навбаҳор» сафидаги Жамшид Искандеров 2011 йил 17 ёшида айнан «Динамо» сафида Суперлигада дебютини ўтказган. Шунингдек, Андрей Сидоров ҳам 2020 йилги мавсум «Динамо» шарафини ҳимоя қилган. «Динамо» сафидаги Абдужамол Исроилов эса 2019-2020 йилларда «Навбаҳор»да фаолият юритиб, жиддий жароҳат олгач клубни тарк этган.
ОКМК пешқадамни мағлуб эта оладими?
Шунингдек, Олмалиқда ўтадиган «Қизилқум» - ОКМК ўйини ҳам шиддат ваъда бермоқда. Навоий клуби айни дамда турнир жадвалида пешқадамликни сақлаб келмоқда. Аммо Лазаревич шогирдлари сўнгги икки турда «Навбаҳор»дан мағлубиятга учраб, «Металлург» билан зўрға дуранг қайд этишди. Қосимов шогирдлари эса сўнги 4 ўйинда 3 ғалаба ва 1 дуранг қайд этишди. Ўшанда ҳам олмалиқликлар фақат «Пахтакор»ни сафарда мағлуб эта олишмади. Шундай экан, учрашув олдидан «Қизилқум» расмий мезбон ва пешқадам саналса-да, ОКМКни фаворит сифатида кўрсатса бўлади.
«Қўқон-1912» қийин вазиятда
Ўтган турларда «Сурхон» ва «Нефтчи»ни мағлуб этган «Локомотив» бу турда «Қўқон-1912»ни қабул қилади. Бахтиёр Ашурматов шогирдлари кетма-кет сўнгги 3 ўйиндаги мағлубиятдан сўнг 12-ўринга тушиб кетди. Мағлубиятли сериянинг 4-ўйинга етиши жамоани янада қийин аҳволга тушириб қўйиши мумкин. Шундай экан, бу баҳсга икки хил кайфиятда етиб келган томонларнинг тўқнашуви шиддатли кечишини тахмин қилиш қийин эмас.
«Пахтакор» «Сурхон»ни қабул қилади, «Насаф» Жиззахга боради
Пайшанба куни ҳам мухлисларни яна икки учрашув кутиб турибди. Турнинг сўнгги ўйинларида «Сурхон» амалдаги чемпион «Пахтакор» меҳмони бўлади, «Насаф» эса Жиззахда «Сўғдиёна»га қарши саф тортади. Мағлубият нималигини билмай келаётган «Пахтакор» ва «Насаф» учун бу тур осон ўтмаслиги аниқ. «Сурхон» сўнгги турдаги ғалабадан кейин ўз кучига ишона бошлаган бўлса, турнир жадвалида қўшҳокимлардан бири бўлиб турган «Сўғдиёна» Олмалиқдаги аламли мағлубиятдан кейин «Насаф»га қарши жангга чиққандек тўп суриши аниқ.
Суперлига 8-тур ўйинлари анонси:
Суперлига турнир жадвалидаги вазият: