26.04.2022 17:11
4347
«Реал» Манчестерда меҳмон, «Ливерпуль» «грандлар кушандаси»га қарши. ЕЧЛ яримфинал анонси

Европа Чемпионлар лигаси ҳал қилувчи паллага кирмоқда. «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» бизга кетма-кет иккинчи марта инглизча финални тақдим этиши мумкин. Ёки аксинча «Реал» ҳамда «Вильярреал» иштирокидаги испанча финал гувоҳи бўлишимиз ҳеч гап эмас. АПЛ ва Ла Лига грандларининг яримфиналдаги қарама-қаршилиги олдидан ўйинлар превьюсини тақдим этамиз.

«Сити» яна «Реал»га қарши, Бензема Левандовскини ортда қолдирмоқчи

Манчестер клуби яримфиналга чиқиш учун Мадриднинг «Атлетико» клубини мағлуб этган бўлса, Мадрид клуби «Челси» тўсиғидан ўтиб, яримфиналга йўлланма олди. АПЛ ва Ла Лига пешқадами бўлиб турган «Сити» ва «Реал» сўнгги марта 2019/20 йилги ЕЧЛ 1/8 финалида ўзаро тўқнаш келиб, «шаҳарликлар» Мадрид ва Манчестерда бир хил – 2:1 ҳисобида зафар қучган эди. Пеп Гвардиола шогирдлари ниҳоят ўтган мавсум финалга қадар етиб борган, аммо «Челси»га минимал ҳисобда мағлуб бўлганди. Бу сафар ҳам жамоа финалга чиқиш учун муносиб натижалар кўрсатмоқда: манчестерликлар ўтган тўртта плей-офф баҳсида ўз дарвозаларидан бирорта ҳам тўп ўтказиб юборишмади.

Бензема қаҳрамонлигидаги «Реал» эса нимчоракфиналда «ПСЖ», чоракфиналда эса «Челси»ни ортда қолдириб, навбатдаги соврин сари яқинлашмоқда. «Қироллик клуби» ҳали бирор марта ҳам «Манчестер Сити» майдонидан ғалаба билан қайтмаган – 1 дуранг, 2 мағлубият. Аммо бу сафарги тўқнашувгача Карим Бенземанинг плей-оффларда кетма-кет ҳет-триклар қайд этаётганини инобатга олсак, Карло Анчелотти жамоаси анча қўрқинчли гавдаланади. Ўз ҳисобига 12та гол ёзиб қўйишга улгурган франциялик форвард тўпурарлар рўйхатида 13та гол киритиб пешқадам бўлиб турган Левандовскини ортда қолдириш имкониятига эга. Ҳар ҳолда Роберт ва «Бавария» турнир билан хайрлашиб бўлди, Карим эса турнирда энг яхши бўлиш имкониятига эга.

Грандлар кушандаси энди «Ливерпул»га қарши

«Вильярреал» «Порту»дан илҳомланиб, Жозе Моуриньо собиқ жамоасининг 2003/04 йилги мавсумда қайд этган ЕЧЛдаги чемпионлигини такрорламоқчи кўринади. Ўшанда португаллар биринчи йил Европа лигасида, кейинги мавсум эса Чемпионлар лигасида зафар қучган эди. Унаи Эмери ўтган мавсум «МЮ»ни мағлуб этиб, Европа лигасида ғолиб бўлди, бу йил эса яримфиналга қадар «Ювентус» ва «Бавария» сингари грандларни турнирдан чиқариб юбориб, финал сари юришини давом эттирмоқда. «Сариқ сувости кемаси» 2006 йилдан буён илк марта яримфиналда ўйнайди. Эмери шогирдларини «Энфилд»да «Ливерпул»га қарши «жанг» кутиб турибди.

Сўнгги марта «Вильярреал» 2015/16 йилги мавсум Европа лигаси яримфиналида Юрген Клопп жамоасига қарши саф тортиб, ўз уйида рақибдан минимал ҳисобда устун келган. «Энфилд»даги жавоб баҳсида эса «қизиллар» «сариқлар»га имконият қолдирмаган – 3:0. Бу сафар эса финал йўлланмаси тақдири чоршанба оқшомида «Энфилд»да эмас, катта эҳтимол кейинги ҳафта «Эстадио де ла Серамика»да маълум бўлади. Ҳар ҳолда Эмерининг қўрқмас жамоаси бир ўйиндаёқ оқ байроқни кўтарадиган жамоа эмаслигини ҳозирга қадар кўрсатиб келмоқда. 

ЕЧЛ. Яримфинал. Дастлабки ўйинлар

26 апрель (сешанба)

«Манчестер Сити» - «Реал»

Ўйин бошланиш вақти: 23:59

ТВ-трансляция: «Спорт»

Тахминий таркиблар:

«Манчестер Сити»: Эдерсон; Уокер, Рубен Диаш, Ляпорт, Зинченко; де Брюйне, Родри, Бернарду Силва; Маҳрез, Фоден, Стерлинг

Ўйнамайди: Жоау Канселу (дисквалификация)

Сўроқ остида: Уокер (тўпиқ), Стоунз (мушак)

«Реал»: Куртуа; Карвахаль, Эдер Милитао, Алаба, Менди; Модрич, Камавинга, Кроос; Вальверде, Бензема, Винисиус Жуниор

Ўйнамайди: Азар (тўпиқ), Мариано (мушак), Йович (мушак)

Сўроқ остида: Алаба (мушак), Каземиро (сон)

Жавоб ўйини: 4 май (чоршанба)

27 апрель (чоршанба)

«Ливерпуль» - «Вильярреал»

Ўйин бошланиш вақти: 23:59

ТВ-трансляция: «Маҳалла»

Тахминий таркиблар:

«Ливерпуль»: Алиссон; Александер-Арнолд, Конате, ван Дейк, Робертсон; Ҳендерсон, Фабиньо, Тьяго Алькантара; Салоҳ, Диегу Жота, Мане

Сўроқ остида: Фирмино (тизза)

«Вильярреал»: Рульи; Фойт, Альбиоль, Пау Торрес, Эступиньян; Парехо, Капу, Коклен; Ло Чельсо, Алькасер, Данжума

Ўйнамайди: Альберто Морено (тизза)

Сўроқ остида: Жерар Морено (сон).

Жавоб ўйини: 3 май (сешанба).

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар