26.04.2022 18:29
5545
«Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Илк марта гуруҳдан чиқишимиз мумкинлиги босим юкламайди». Рўзиқул Бердиев «Ал Виҳдат»га қарши ўйин ҳақида 

ОЧЛ 6-тури доирасидаги «Насаф» ҳамда Иорданиянинг «Ал Виҳдат» клуби ўртасидаги учрашув олдидан Қарши клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ва ҳимоячи Ҳусниддин Алиқулов матбуот анжуманида иштирок этишди.

«Биз мақсадга жуда яқинмиз. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Эртага «Aл Виҳдат»га қарши ақл билан бор маҳоратимизни кўрсатиб, ҳаммани хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз», - дея гап бошлади Рўзиқул Саъдуллаевич.

- Жамоангиз эртага ютса, ўз тарихида илк бор гуруҳдан чиқиб, кейинги босқичга чиқади. Бу сизга ва жамоага алоҳида босим юкламайдими?
- Биз бу ҳақда йигитлар билан гаплашиб олдик. Йигитларнинг асосий мақсади ҳам шу эди. Биз кейинги босқичга чиқишни жуда ҳам хоҳлаймиз ва бунга яқин турибмиз. Футболчилар эртанги беллашувга ҳеч қанақа босимсиз ва ҳаяжонсиз тайёргарлик олиб боришмоқда. Футболчиларнинг кайфияти аъло даражада.

- «Aл Виҳдат» жамоаси худди «Насаф»га ўхшаб очиқ футбол намойиш этади. Жамоа ўзи ҳам ҳужумкор ўйнаб, рақибга ҳам ҳужумкор ўйнашга имкон беради. Бу «Насаф»га қанчалик қулайлик туғдиради? 
 - «Насаф» билан «Aл Виҳдат»нинг ўхшаш тарафлари бор. Биринчиси, иккала жамоада ҳам юлдузлар йўқ. Икки жамоа ҳам ҳам курашувчан. Иккала жамоанинг ҳам тайёргарлиги бир-бирига яқин. Бўлиб ўтган ўйинлар шуни кўрсатдики, рақибнинг жисмоний тайёргарлиги ҳам анча яхши. Эртанги беллашув анча қизиқарли бўлади. Биз эртага мақсадга эришиш учун максимал даражада ҳаракат қилишимиз керак. Бу ҳам осон бўлмайди. Рақиб ҳам турнирда ўзини яхши томонлама кўрсатмоқда. Жамоанинг ўйинларини кўриб амин бўлдимки, рақиб анча шаклланган. Улар ҳам бежизга Иорданиянинг етакчи жамоаси ҳисобланмайди. Рақибнинг ҳозирги таркиби ҳам бир-бири билан анча йиллардан буён бирга ўйнайди. Рақибни ўргандик. Улар билан бир марта беллашиб кўрдик. Биз эртанги беллашувга тайёрмиз», - дея фикр билдирди Бердиев.

«Эртанги ўйинга ҳаммамиз тайёрмиз. Барчанинг кайфияти аъло даражада. Эртага яхши ўйин кўрсатиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз», - дея жамоа ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқуловнинг сўзларини келтирган клуб матбуот хизмати.

Маълумот учун, «Ал Виҳдат» - «Насаф» ўйини 27 апрель, чоршанба куни соат 22:15да бошланади. 5-турдан кейин вакилларимиз гуруҳда 8 очко билан 2-ўринда бормоқда. «Ал Виҳдат» ҳисобида эса 5 очко бўлиб, 3-ўриндан жой олган. Пешқадам «Ал Файсали» ҳисобида 9 очко мавжуд. «Ас-Садд» 4 очко билан сўнгги ўринда қолди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар