21.04.2022 18:54
8543
«Энг яхши ревизор» — Манчестердаги энг фойдали олти ой ҳақида

Виртуал реаллик кўп фантастик фильмларнинг мавзуси бўлган. Инсон бирор масалада ўз фикрига, хулосасига эга бўлиши учун ўша ҳолатни бошдан кечириши керак. Шунда симуляторлар ёрдамга келади, одам ўзи билмаган ҳолда, мазкур вазиятларни ҳақиқийдек бошдан кечиради. Ёки бирор нарсани ўрганиш, айтайлик, машина ҳайдаш учун симуляторлар бор – реалликка яқин шароитларда бошқариш, тезликда қарор қабул қилиш орқали бошқаришни ўрганиш мумкин.

Хўп, шунинг тескариси бўлса, нима дейсиз? «Манчестер Юнайтед»нинг жорий мавсуми худди шундай симулацияда кечгандек, клубдаги ҳақиқий вазиятни ўрганиш айнан шундай система заруриятини пайдо қилиб, Ралф Рангник шу рўлга ўтиргандек таассурот бўлмадими? Келинг, бир бошдан. Йўқ, аввал энг охиридан...

Ким нима деса, десин-у, «Манчестер Юнайтед»нинг ахборот бўлими яхши ишлайди. Расман янги мураббий эълон қилинди – табиий, клуб атрофидаги негатив муҳит мана шундай ижобий хабарлар билан алмашиб туриши керак. Мухлисларда умид пайдо бўлади, кечаги «Арсенал»нинг «Челси» устидан ғалабасидан кейин шундоғам якунига етган мавсумга расман қўл силтанади-да, мухлислар ўзларининг «кал бошли сеҳргар»ини кута бошлашади. Ажойиб.

Аслида Эрик тен Ҳаг бирданига Почеттино билан рақобатда ютиб, асосий фаворитга айланиб қолганигаям, букмекерлар унинг Манчестерга келишига тўлов қабул қилмай қўйганигаям анча бўлди. Бугун эса, жамоа энг тубга тушган паллада расмий эълон янгради – «Аякс»ни бошқараётган Эрик тен Ҳаг келаси мавсумдан бошлаб уч йил, яна бир йил узайтириш шарти билан «Манчестер Юнайтед»ни бошқарадиган бўлди.

Тен Ҳаг ҳақида ҳали батафсилроқ ёзилади, бу шубҳасиз. Ҳозир Ралф Рангникнинг Манчестердаги мисли кўрилмаган миссияси ва балким ўзи билмаган ҳолда, кутилганидан катта ишни амалга ошириб қўйгани ҳақида фикрлашамиз. Бунинг учун бир неча ой олдинга, «Манчестер Юнайтед» сафарда «Уотфорд»га 1:4 ҳисобида ютқазаётган даврларга қайтамиз.

Қизиғи, ҳозирги биз келиб қолган нуқта ҳам у қадар фарқ қилмайди – Ливерпулдаги йирик мағлубият, умуман, ўша кунги ўйин «Манчестер»нинг мен кўрган тарихдаги энг чуқур туби эди. Хўш, унда Ралф Рангникнинг клубдаги фаолияти навбатдаги хато бўлиб чиқдими?

Менимча, йўқ. Ҳа, аслида, ўша тайинлов ҳам катта хато эди, бўлиши мумкин, лекин анча фойдали бўлиб чиққани ҳам ҳақиқат.

Сулшер Уотфордда, ундан олдин «Сити» ва «Ливерпуль»га йирик ҳисобларда мағлубиятга учраганида, бир яхши жамоада нимадир бузилиб қолгани, ҳатто Роналдунинг трансфери шу пайтгача қурилган иморатнинг қулашига олиб келгани ҳақидаги фикрлар баландроқ чиқаётганди. Бугунги нуқтада эса, муаммо жуда чуқурлиги, жамоадаги асосий муаммо албатта, Роналду эмаслиги ҳам кўриниб қолди.

Энди тасаввур қилинг, ўша кунларда Сульшер ўрнига вазиятни қутқариш учун Марк Ҳюз ёки ҳатто Маурисио Почеттино келади ва балким Сулшернинг ўзига йил охиригача имконият бериларди. Катта эҳтимол билан вазият бироз ўнгланиши, таркибда савияли ижрочилар бўлган жамоа яхшироқ тактика билан кучли тўртликка мустаҳкам жойлашиши ҳам мумкин эди. Бундай мавсумлар кўп бўлди, ўша Сулшер тўлиқ бошқарган йилларни эсланг – дастлаб, муваффақиятсиз натижалар, кейин кўтарилиш, кучли учликка кириш ва яхши эмоциялар билан кейинги мавсумнинг кутилиши. Бундай сценарий табиийки, Манчестердаги ислоҳотларни ортга сурар, ҳатто умуман ислоҳот эмас, бир неча трансфер ҳаммасини ҳал қилиб қўйиши мумкиндек тасаввур уйғотиб қўярди. Худди охирги ёзда, Санчо ва Вараннинг келиши «МЮ»ни чемпионлик учун рақобатда фаворитлардан бири сифатида кўрсатиб қўйгандек.

Рангникка қайтамиз.

У аслида мураббий эмас. Охирги ўн йилда тўлақонли бош мураббий сифатида атиги бир йил ишлаган. Шу билан бирга футболни, айнан ўйиннинг ўзини назарий томондан яхши тушунади. Замонавий футбол, замонавий клуб структурасини жуда яхши билади. Режалаштириш, таҳлил қилиш ва энг асосийси, фикрини асослаб беришга қодир. У замонавий футбол хўжалигини ярата олган. Ўз компанияси ҳам бор. Қайсидир маънода, футбол соҳасидаги аудиторларга қиёслаш мумкин. Маълум ҳақ эвазига футбол клуби структураси, трансфер сиёсати, асосий ғоялар борасида таҳлил ва йўналиш тақдим этади.

Ҳа, бир қараганда, Сулшердан кейин мавсумни қутқариб қолиш, Роналду ва Каванини янги футболга мослаштириш нуқтайи назаридан энг ёмон вариант. Аммо сўнгги йиллардаги хаосни ҳам футбол, ҳам менежерлик тилида «Юнайтед» боссларига таҳлил қилиб бериш учун айнан Рангник зарур бўлиб чиқди. 

Одатда, ҳар қандай ёмон тажриба ёки муваффақиятсизлик кейинги қарорларни қабул қилишда ёрдам беради, бу хатоларни бошқа қилмасликка сабаб бўлади. Рангник қисқа вақтда шундай тажрибалар ўтказдики, уларнинг муваффақиятсизлик бўлиб чиқиши билан бирга, муаммонинг ҳақиқий илдизини топишда катта ойна бўлди. Муаммони ўрганиш Роналдунинг трансфери ёки Рэшфорднинг жароҳати, Магуайрнинг хатолари даражасидан чуқурроқ ва кенгроқ даражага ўтди.

Биринчиси. Услуб.

Масалан, айтайлик, Ралф Рангник келиши билан «МЮ»да ўз футболини қура бошлади. Юқори прессинг, турли схемалар ва режаларни синаб кўрди. Одатда, бу даврда келадиган мураббийлар бор услубини таркибдаги ижрочиларга мослаштиришга, уларнинг устунликларини натижага айлантиришга уриниб кўришлари талаб қилинади, тўғрими? Рангникнинг терс йўлдан бориши шуни кўрсатдики, жамоа таркиби жисмоний, ментал, руҳий ва маҳорат томонидан бундай ўзгаришларга тайёр эмас экан. Энди, Европадаги кучли клубларга, «Бавария», «Сити», «Ливерпуль» ёки «Челси»га қаранг – уларни умумлаштирувчи асосий жиҳат шундаки, жамоа ўйини структуравий жиҳатдан маълум талаблар ва юкламалар жамланмасига эга. Позицион ҳаракатланиш, тартиб, универсаллик, прессинг, тўп назорати – бу аспектлар бўйича «Манчестер Юнайтед» таркиби нафақат топ-клублар, балки ўртача ҳолатдан ҳам узоқлиги ойдинлашиб қолди.

Бу табиий, чунки Жозе Моуриньо ҳам, Сульшер ҳам асосан таркибдаги футболчининг устун жиҳатларини рўёбга чиқариш ва камчиликларини ёпишга қаратилган, яъни футболчиларга энг қулай бўлган услубни жорий қилиб келишган. Натижада, бироз ноқулайлик, юклама ва вазифалардаги ўзгаришлар деярли барча футболчиларнинг ўйин даражаларини тушириб юборганига гувоҳи бўлдик.

Тўғри, «Реал» ёки «ПСЖ» ҳам ижрочиларнинг устунликларига таяниб, услуб танлашади, кўпинча муваффақият қозонишади ҳам, аммо бу клубларда Европанинг энг кучли футболчилари тўп суришини ҳам инобатга олиш керак. Манчестердаги футболчилар ҳали у даражага чиқишмаган, ЕЧЛ ўлчовида ўртамиёна саналишади. Ўз ўзидан, ўртамиёна юлдузларнинг устунлиги ёки камчилигига барчасини мосласангиз, ўртамиёна жамоага эга бўласиз. Омад келиб қолганда, ҳаммаси фавқулодда ўхшаб қолса, «Лестер» ёки «Вилярреал»нинг омадли мавсумларини такрорлаш мумкин, лекин бу ҳам вақтинча ва кафолатли эмас.

Тизимли футбол йўлидан бориб, футболчиларнинг айнан ушбу тизим ичидаги даражасини оширувчи, уларнинг маълум шарт ва юкламаларда ўсиб бориб, маҳоратли ижрочига айлантирувчи услуб танланганда эса, кўриниб қолдики, футболчилар ҳар томонлама тайёр эмас. Бу ҳам Рангникка, ҳам ундан кейинги келадиган мураббийга асосий сигнал бўлиб хизмат қилди. Ралф «Ливерпул»га қарши ўйиндан кейин жамоа ислоҳотларга муҳтож экани, янги жамоа қуриш учун ҳатто ўнлаб янги футболчи келиши кераклигини бежиз айтмади.

Иккинчиси. Хўжалик

Рангник очиқ тилга олган яна бир жиҳат – трансферлардаги хатолар. Клуб мана шу таркибини йиғиш учун «Ливерпул» ўз таркиби учун сарфлаган маблағдан анча кўп ишлатди, лекин якуний натижа, жамоалар ўртасидаги фарқни сешанба оқшомида кўрдингиз. Эртасигаёқ «МЮ» бош скаути Жим Лоулор истеъфога чиқарилди.

«Ливерпул» ҳар бир трансферини нишонга ураётган бир пайтда, «Юнайтед» ван де Бек, Фекундо, Амад Траоре учлигига 100 миллион евро сарфлади. Бу футболчилар жами бўлиб АПЛда асосий таркибда майдонга тушган ўйини 10 та чиқмайди. Депай, Блинд, Шнайдерлин, Швайнштайгер, Мхитарян, Байи, Санчес, ван де Бек, Далот, Дармиян, Амад – сўнгги йилларда катта пул сарфланган ва якунда асосий таркиб аъзосига ҳам айлана олмаган номлар. Шу футболчилар учун ҳам клуб 300 миллион евродан ортиқ пул сарфлаган.

Учинчиси. Фалсафа.

Немис мутахассиси Манчестердаги йўналишни ўзгартириб юборган учинчи жиҳат, танловни Маурисио Почеттинодан Эрик тен Ҳаг томонга кескин ўзгартириб юборганидир. Айнан нидерландиялик мураббий тарафга оғиш Ралф Рангникдан бошланди, зеро унгача Почеттино бу ўрин учун яққол фаворит сифатида тилга олинган, футболчилар, айрим раҳбарлар ва ҳатто сэр Алекс ҳам кўпроқ аргентиналик мутахассисни устун кўраётганди. Аммо айнан Рангник бошқарувчилар фикрини ўзгартира олгани эҳтимоли катта.

Маурисио эмас, Эрик танланганининг асосий сабаби ҳам, «Манчестер Юнайтед» ўйинида тубдан ислоҳот амалга ошириш эҳтиёжи бўлиб, Ралф мана шу зарурат ҳақида кўп гапириб келади. Одатда Почеттино тен Ҳагга нисбатан мослашувчанроқ, катта эҳтимол билан бугунги «МЮ» таркиби билан ҳам, айрим тузатишлар ва харидлар ёрдамида яхшироқ, барқарорроқ натижа кўрсатишга қодир бўлиши мумкин. Аммо «Юнайтед» АПЛ пешқадамлари билан рақобат қилмоқчи бўлса, барқарорликнинг ўзи етарли эмас. Клуб шу даражада ортда қолдики, шунчаки, салоҳиятини намойиш қилишнинг ўзи етарли бўлмайди, энди худди Клопп келиб, «Ливерпул»да амалга оширгандек сеҳр керак. Бундай сеҳр эса, янги ғоялар, оқимга қарши бориш, перфекционизм керак бўлади. Почеттино бу таърифдан бироз узоқ, тен Ҳаг эса, Европада ўз услуби, ўйини ва принциплари билан кириб келаётган янги қон.

«Юнайтед» раҳбариятида ўзлари учун қулай бўлган, ишончли, тажрибали Почеттино эмас, бироз рискли, аммо романтика кўпроқ бўлган тен Ҳагга нисбатан қарор пайдо бўлганида Рангникнинг имзоси кўриниб турибди.

Фото: NESIMAGES/GETTY IMAGES

Тўртинчиси. Мулоқот.

Ва яна бир муҳим жиҳат. «Манчестер Юнайтед» тизимида ишлаш бир маънода Эрик тен Ҳагга ноқулайлик туғдириши мумкин. У бутун тизимни бошқарадиган, футбол билан бирга хўжалик устида ҳам бош қотирадиган тоифага кирмайди. Тен Ҳагнинг муваффақиятлари замирида «Аякс»даги спорт директорлари, персоналнинг ҳам ҳиссаси жуда катта. Эдвин ван дер Сар, Марк Овермарс каби мутахассислар мураббий учун идеал шароит яратиб бера олишган. Мана шу жиҳатдан тен Ҳаг ўрганиб қолган шароитнинг бутунлай тескарисига, балки Европадаги энг ёмон, энг нофутбол бошқарувга эга бўлган клубга келмоқда. Мураббий учун ҳам, «Манчестер Юнайтед» учун ҳам энг катта риск айнан шу – бир қараганда бир-бирига у қадар мос бўлмаган икки томоннинг қандай ишлаб кетиши бўлиб қолмоқда.

Мана шу паллада Ралф Рангникдан самарали фойдаланиш катта аҳамиятга эга. Юқорида айтилганидек, у ҳам футболни, ҳам бизнесни яхши тушунади. Ҳар икки тилни ўзлаштирган. Тен Ҳаг билан футбол тилида, Глейзерлар билан эса, менежер тилида суҳбатлаша олади. Ўзига яраша футбол «гик»и бўлган тен Ҳагнинг футболни тушуниш даражаси Эдвин ван дер Сардан ер ва осмон қадар фарқли бўлган Глейзерларга жамоага айтайлик, Рэшфорд эмас, Эредивизиядаги Энтони фойдалироқ бўлишини тушунтира олишини тасаввур қилиш жуда қийин, тўғрими? Рангник эса, жуда яхши таржимон бўла олади.

Эътибор берган бўлсангиз, Рангникнинг сўнгги интервьюларида вақтинчалик ҳиссиёти камайган, кўпроқ жамоа қуриш, бўлажак трансфер ойналари ҳақида кўп гапира бошлади. Бундан хулоса қилиш мумкинки, клубнинг кейинги фаолиятида ҳам Рангникнинг сўзи бўлади ва бу фактор тен Ҳаг билан музокараларда ҳам алоҳида ўрин тутган.

Хулоса.

Хуллас, «Манчестер Юнайтед» раҳбарлари мавсум ўртасида Ралф Рангникни тайинлаб, гўёки, футбол ўлчовларида энг мантиқсиз қарорни қабул қилган бўлишса-да, оқибатда, клуб учун балким энг фойдали танловга айланиш эҳтимоли бор. Рангник жамоа билан бир қозонда қайнаб, совринли ўринлар ёки кубоклар учун курашиб, том маънода мураббийлик қилиш ўрнига, текширувга келган аудитор мисоли клубни ҳам ичкаридан, ҳам ташқаридан таҳлил қилди. Фикрларининг кўпини футбол жамоатчилигига, ундан ҳам кўпроғини клуб раҳбариятига етказди. У «МЮ»га мураббий этиб тайинланган бўлса-да, деярли бу ишни қилмади.

Ралф Манчестер клубини реал режимда ўрганиб берди.

Баъзида мураббийлар, баъзида ёмон бошқарув жамоани энг тубга тушириб юборади. Балки «Юнайтед» анчадан бери тубда бўлган, лекин гоҳ алдамчи натижалар, гоҳида мураббий ва футболчиларнинг маҳорати буни сездирмагандир. Ралф раҳбариятни ана ўша алдамчи ҳиссиётлардан халос қилди ва клубнинг қанчалик тубда эканини намойиш қилиб берди. Бундан бадтари бўлмайди. Бундан кейин фақат юқорига чиқилади.

«Юнайтед» бунгача ҳам жуда кўп муаммоларга дуч келган. Унинг муаммолари ҳақида гапирмаган мутахассис, журналист, таҳлилчи қолмаган. Грэм Сунес дейсизми, Гари Невил ёки Каррагерми, Скоулз, Линекер, Рой Кин, Бербатов... Улар кўп. Рангник мана шундай таҳлилларни бошқа даражага олиб чиқди, профессионал равишда ўз ҳисоботини тайёрлаб берди. Зўр-а?

Бундан яхши аудитор борми?

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар