Англияда «Уэмбли» финали йўлидаги сўнгги тўқнашувлар, Италияда чемпионлик пойгаси, Франция ва Испанияда эса пешқадамлар учрашуви. Европа эътиборимизга шиддатли баҳсларни ҳавола қилишда давом этмоқда. Бугун эса Тошкент вақти билан ифтор пайтида АПЛда Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашаётган уч жамоа деярли бир пайтда сиртдан рақобатга киришадилар. Ёқимли иштаҳа.
16 апрель (шанба)
Англия кубоги. Яримфинал
МАНЧЕСТЕР СИТИ – ЛИВЕРПУЛЬ
Ўйин бошланиш вақти: 19:30
«Ливерпуль» сўнгги йилларда АПЛ ва Чемпионлар Лигасида доимий фаворит бўлиб келаётган бўлса-да, ушбу мавсумдан Клопп жамоаси янги босқичга кўтарилди. Энди ливерпулликлар ўзи иштирок этаётган барча турнирларда ғолиблик учун курашни бошлади. Эсингизда бўлса, авваллари Англия кубоги ёки Лига кубоги каби мусобақаларда жамоа илк босқичлардаёқ мағлубиятга учрарди. «Ливерпуль» Лига кубогини қўлга киритди, энди эса Англия кубоги финалига чиқиш учун «Манчестер Сити»га қарши баҳс олиб боради.
Сўнгги йилларда классикага айланиб бораётган Пеп – Клопп рақобати ҳақида етарлича гапирилмоқда, ҳатто ўз вақтидаги Фергюсон – Венгер қарама-қаршилигига солиштираётганлар бор. Албатта, футбол нуқтаи назаридан бу икки мураббийнинг майдондаги рақобати ўта юқори даражада, лекин аввалги мураббийлар бу рақибликни майдондан ташқарига ҳам кўчира олишарди, ҳаяжон ва интрига бутун мавсум давомида, матбуот анжуманларида ҳам рўй берарди. Пеп ҳам, Клопп ҳам бир-бирига нисбатан ўта дўстона муносабатни сақлаб қолишяптики, ушбу рақобатни Венгер ва Фергюсон ёки Пеп ва Моуриньо зиддиятларига солиштириш қийинчилик туғдирмоқда.
Нима бўлгандаям, айни дамда Европанинг энг кучли деб ҳисобланаётган бу икки жамоаси бир ой ичида учта йирик соврин учун баҳс олиб боришади. АПЛдаги рақобат сўнгги турларгача давом этиши шубҳасиз, Чемпионлар Лигасида эса финалда тўқнаш келиш мумкин. Ундан олдин эса дунёнинг энг қўҳна турнири саналган Англия кубоги яримфинали, «Уэмбли» кутиб турибди.
Жамоалар ҳолатини тилга оладиган бўлсак, манчестерликлар Мадридда «Атлетико»га қарши жуда қийин баҳсни ўтказдилар. Симеоне шогирдларига қарши ҳар қандай ўйин жуда катта жисмоний кучни олиши турган гап. Шу томондан, «Бенфика»га қарши биринчи учрашувдаёқ масалани деярли ҳал қилган ва жавоб ўйинида Трент, Робертсон, Ван Дейк, Алкантара, Салоҳ, Мане, Фабиньо каби етакчиларга дам берган «Ливерпуль» анча яхши ҳолатда бўлиши турган гап. Аммо танганинг иккинчи томониям бор – Клопп шогирдлари уч кун ўтиб АПЛ доирасида «Манчестер Юнайтед»га қарши майдонга тушадилар. Бир неча турнирнинг ҳал қилувчи палласида ливерпулликлар ўзларини қандай тутишлари ростанам қизиқ.
Бундан ташқари, бугунги ўйинда манчестерликлар сафида Кевин Де Брюйне ва Уокернинг майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Улар Мадриддаги ўйинда кичик жароҳатлар олишганди.
Дарвоқе, «Ливерпуль» ушбу совринни 16 йил олдин, 2006 йилда қўлга киритган. Умуман жамоанинг Англия кубогида охирги финалига ҳам роппа-роса ўн йил бўлди. АПЛ ва Чемпионлар Лигасидан сўнг, балки забт этиш мумкин бўлган навбатдаги турнир...
17 апрель (якшанба)
Англия кубоги. Яримфинал
ЧЕЛСИ – КРИСТАЛ ПЭЛАС
Ўйин бошланиш вақти: 20:30
Эртага «Уэмбли»да Англия кубогининг иккинчи яримфинали бўлиб ўтади ва айтиш мумкинки, биринчисидан асло қолишмайди. Биринчидан, бу Лондон дербиси, икккинчидан эса айнан Англия кубоги финали бу жамоалар учун бегона эмас. «Кристал Пэлас» 2015/16 мавсумда Алан Пардью қўл остида финалгача етиб борган ва фақат қўшимча вақтлардагина мағлубиятга учраганди. Умуман жамоа тарихида иккита финалдан бошқа ҳеч нарса йўқ – Виейра бургутларни тарихидаги илк совринга етаклаётган бўлса не ажаб.
«Челси» эса охирги икки мавсумда финалда мағлубиятга учраб келмоқда. Умуман охирги беш мавсумда «Челси» 4 маротаба финалга чиқди ва фақат 2018 йилда ғалаба қозонди. Икки марта «Арсенал»га, ўтган йили эса «Лестер»га финални бой берганди. Турнирда энг кўп «Арсенал» (14) ғалаба қозонган. «Юнайтед»да 12та, «Челси» ва «Тоттенҳэм»да эса 8тадан ғалаба бор. Демак «Челси» бу борада тоза учинчи ўринга чиқиб олиш имконияти учун курашади. Чемпионлар Лигасидаги аламли мағлубият эса Тухел шогирдларида мавсумни бирор соврин билан якунлаш учун ягона имкониятни қолдирди.
Ушбу рақиблар ўртасидаги дербиларда, айниқса, сўнгги йилларда «Челси»нинг яққол устунлиги бор. Охирги ўн учрашув «Челси»нинг ғалабаси билан якунланган. Аммо шуни таъкидлаш керакки, Патрик Виейранинг жамоаси топ-клубларга қарши муносиб ўйнай олмоқда. Февралда бўлиб ўтган сўнгги тўқнашувни эсланг, фақат Зиёшнинг сўнгги дақиқалардаги зарбаси Тухел шогирдларига уч очко олиб келганди. «Кристал Пэлас» бу мавсумда «Тоттенҳэм» ва «Арсенал»ни йирик ҳисобда енгди, «Манчестер Сити»дан очко олишни уддалади. Яъни «Челси»га осон бўлмаслиги шубҳасиз.
Бунинг устига «Челси» ҳафта ўртасида Мадридга сафар қилди ва ўта муҳим учрашувда майдонга тушди. «Кристал Пэлас» эса ҳафта давомида чалғимай ушбу яримфиналга тайёргарлик олиб бориш имкониятига эга бўлди. Таркиб борасида эса томонлар деярли тенг ҳолатда. «Челси»да Лукаку ва ковидга учраган Барклининг майдонга тушиши сўроқ остида. Виейра эса Олисе, Фергюсон, Митчел ҳамда Хьюзнинг ёрдамидан фойдалана олмайди.
Бундеслига. 30-тур
БАЙЕР – ЛЕЙПЦИГ
Ўйин бошланиш вақти: 22:30
Эрик Тен Ҳагнинг «Манчестер Юнайтед»га ўтиши ҳақидаги хабарлар орасида «Лейпциг» номи ҳам кўп тилга олинди. Клуб жуда катта лойиҳа бошлаётгани, Тен Ҳагга бор шароитни яратиб бериб, Бундеслига тахтидан «Бавария»ни туширишни режалаштираётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Тўғри, нидерландиялик мураббий Манчестерни танлади, аммо бу «Лейпциг» раҳбарларини шаштидан қайтармаслиги аниқ. Хусусан, Доменико Тедеско мавсум ўртасида жамоани қабул қилиб олгач, жуда яхши иш олиб боряпти.
Ўтган йилнинг декабрь ойида Тедеско жамоани қабул қилиб олгач, дастлабки уч ўйиндан бир мағлубият ва бир дуранг қайд этди. Аммо кейин «Лейпциг» деярли «Барселона» режимида давом этмоқда – кейинги 16 ўйиндан атиги бир мағлубият. У ҳам бўлса, «Бавария» билан сафар ўйинида қайд этилди холос. Мана шундай серия ёрдамида жамоа Бундеслигада Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берадиган ўринлардан бирига қайтди, Германия кубоги ва Европа Лигасида яримфиналга чиқди. Айниқса, Европа Лигасида «Аталанта» каби кучли жамоа устидан қозонилган ғалаба жуда қадрли. Ўша ўйинда дубл қайд этган Кристофер Нкункунинг номи эса Бензема ва Мбаппе каби юлдузлар билан бирга тилга олинмоқда – унинг жорий мавсумдаги гол+пас очкоси 30га етди.
«Байер» аксинча, масвум бошларида анча яхши натижалар қайд этган ва маълум вақт «Бавария» билан тенгма-тенг борганди. Аммо кейинчалик натижалар пасайди. Шундай бўлса-да, леверкузенликлар учинчи ўринда боришмоқда. «Байер»да 52, «Лейпциг»да эса 51 очко мавжуд. Демак бу ўйин ғолиби учинчи ўринга мустаҳкам жойлашиб олиш билан бирга 48 очко билан ортдан қувиб келаётган «Фрайбург»дан узоқлашиб олади. Ўртада Чемпионлар Лигаси йўлланмаси тикилган.
Таркиблар борасида мезбонларда йўқотишлар кўпроқ. Лунев, Вирц, Фримпонг, Белараби, Озмун ва Фосу-Менсаларда жароҳатлар бор. Меҳмонлардан эса жамоа етакчиларидан бири Амаду Айдара майдонга туша олмайди. У миллий жамоа сафидаги учрашувда жароҳатланганди.
Эслатиб ўтамиз, жамоаларнинг биринчи даврадаги учрашуви «Байер»нинг 3:1 ҳисобидаги ишончли ғалабаси билан тугаганди. Бу «Байер»нинг «Лейпциг» устидан иккинчи ғалабаси бўлган ва қизиғи, айнан Ливеркузенда, ўз мухлислари қаршисида «Байер» бу рақибини енга олмай келмоқда. Шу пайтгача ўтказилган беш ўйиндан учтасида дуранг қайд этилган бўлса, икки учрашув «Лейпциг»нинг ғалабаси билан якунланган.
Ла Лига. 32-тур
СЕВИЛЬЯ – РЕАЛ МАДРИД
Ўйин бошланиш вақти: 23:55
«Реал» Чемпионлар Лигаси яримфиналига чиқди ва «Сити»га қарши ўйингача Ла Лигада икки ўйин ўтказади. Мадридликлар бу ўйинларда ғалаба қозонишса, мавсум тугашига 5 тур қолганда 9 очколик фарқни сақлаб қолган бўлишади. Сўнгги турларда Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашаётган «Атлетико», «Бетис» каби рақиблар ҳам борлигини инобатга олсак, «Реал» учун ҳозирги масофани сақлаб қолиш жуда муҳимдир. Зеро бошқа турнирлардаги иштирокини якунлаган «Барселона» деярли очко йўқотмаяпти.
Тўғри, йўқ жойдан интрига яратиш ҳам шарт эмас, зеро «Севилья» учун ҳам бу ўйин жуда аҳамиятлидир. «Севилья» Ла Лигада охирги беш учрашувда атиги бир маротаба – ўтган турда «Гранада» устидан ғалаба қозона олди, холос. Узоқ вақт катта фарқ билан 2-ўринда борган андалусияликлар агар бу учрашувда мағлубиятга учраса, ҳатто бешинчи ўринга тушиб кетиши ҳам мумкин. 57 очкодан тўплаган «Атлетико» ва «Бетис» атиги уч очко масофада қувиб келмоқдалар. Лопатеги қўл остида жуда яхши ва барқарор ўйнаб келаётган «Севилья» якундаги пасайиш ҳисобига Чемпионлар Лигаси йўлланмасидан қуруқ қолиши, албатта, клуб режасига кирмайди.
Ҳар икки жамоада ҳам йўқотишлар етарли. Мезбонлар сафида Фернандо, Рекик, Сусо ҳамда Делайни шерикларига ёрдам бера олмайди. Меҳмонларда эса учрашувда қатнашиши сўроқ остида қолган футболчилар жуда кўп. Каземиро «Хетафе»га қарши ўйинда сариқ карточка олган ва дисквалификация туфайли майдонга туша олмайди. Азар мавсум охиригача ўйнай олмайди. Марсело бир неча ҳафтага сафдан чиқди. Себальосда ковид аниқланди. Менди ва Начоларда ҳам кичик жароҳатлар бор ва «Севилья» билан ўйинда майдонга тушишлари шубҳа остида. Карим Бензема ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Франциялик ҳужумчида жароҳат бўлмаса-да, чарчоқ борлиги, муҳим яримфиналлар олдидан Анчелотти унга дам бериши мумкинлиги айтилмоқда.
2018 йилнинг сентябрида «Севилья» ўз майдонида «Реал»ни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратганди. Шундан буён ўтган 6 учрашувнинг 5тасида «Реал»нинг қўли баланд келган, бир ўйин дуранг билан якунланган. Биринчи даврадаги тўқнашувда мадридликлар 2:1 ҳисобида устун келишган, Севильядаги охирги ўйинда эса Бунунинг автоголи меҳмонларнинг минимал ҳисобдаги ғалабасига сабаб бўлганди.
А Серия. 33-тур
18 апрель (душанба)
НАПОЛИ – РОМА
Ўйин бошланиш вақти: 22:00
Италияда чемпионлик кураши авжига чиққан ва «Наполи» ҳамон ушбу пойга иштирокчиларидан бири бўлиб турибди. Афсуски, ўтган турда Спалетти шогирдлари ўз майдонида «Фиорентина»га ютқазиб қўйди ва чемпионлик курашида жамоанинг имконияти миланликларга нисбатан пасайди. Аммо деярли ҳар турда пешқадамлардан кимдир очко йўқотаётганини эътиборга олсак, «Наполи»да ҳали имконият бўлиши турган гап.
Неаполликлар ҳозирда «Интер»дан 3, «Милан»дан 5 очко ортда бормоқда. «Милан»да бир учрашув кўпроқ ўтказилган. Яъни ҳар икки рақобатчи билан «Наполи»ни биргина муваффақиятсиз учрашув ажратиб турибди холос. Неаполликлар учун ушбу ўйиннинг яна бир аҳамиятли томони, жамоанинг кейинги рақиблари асосан ўртамиёна ва аутсайдерлардир. Масалан, «Милан»ни олдинда ўша «Фиорентина», «Лацио», «Аталанта»га қарши қийин учрашувлар кутиб турибди. «Интер»нинг ҳам «Рома» билан ўйини бор. Хуллас, «Наполи» ушбу ўйинда очко йўқотмаслиги шарт.
Ўз навбатида «Рома»нинг ҳам ўз кураши бор. А Серияда 9 январдан бери ютқазмай келаётган Моуриньо шогирдлари топ-4га деярли яқинлашиб олишди. «Ювентус» билан орадаги фарқ 5 очкони ташкил қилмоқда холос. Тўғри, пастда ҳам «Фиорентина», «Лацио», «Аталанта» каби рақиблар қувиб келяпти, бунинг устига олдинги абзацдан сезган бўлсангиз, «Рома»ни қийинроқ тақвим кутмоқда. Шундай бўлса-да, Моуриньо жамоалари бурчакка қадалганда натижа кўрсата олишини ҳам яхши биламиз. Шунингдек, «Рома» Конференциялар кубогида ниҳоят «Будё Глимт»ни енгишнинг уддасидан чиқди ва энди яримфиналда «Лестер»га қарши ўйнайди. Хулоса қилиш мумкинки, ҳозирда «Рома»нинг спорт формаси ҳам, натижалари ҳам жойида ва Моуриньо «Рома»нинг устунликлари ва асосий қуролларини ўзи учун аниқлаб олди. Афсуски, Шомуродов уларнинг орасида йўқ.
Балким, унчаликмасдир, Шомуродовнинг ўз сўзини айтиш палласи етиб келгандир? Абраҳам «Будё»га қарши учрашувда гол уриш билан бирга жароҳат ҳам олди ва камида икки ҳафта майдога туша олмаслиги мумкин. Ўша ўйинда ҳет-трик қайд этган ва умуман «Рома» ҳужум чизиғи етакчиларидан бири бўлган Дзанольо ҳам жароҳат олди. Айтишларича, Пеллегрини ҳам майгача сафга қайтмаслиги мумкин. «Салернитана»га қарши ўйинда атиги 22 дақиқа ҳаракат қилган бўлса-да, жуда яхши вазиятлар яратган ва юқори баҳо олган Элдор балки ниҳоят Моуриньонинг ишончини қозонар? «Рома»нинг асосий уч қуроли четга чиққан пайтда Шомуродов қутқарувчи вазифасида намоён бўлар?
БОШҚА ЎЙИНЛАР
16 апрель. ТОТТЕНҲЭМ – Брайтон (16:30), БОРУССИЯ Д – Вольфсбург (18:30), МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – Норвич (19:00), Саутҳэмптон – АРСЕНАЛ (19:00), ЮВЕНТУС – Болонья (21:30)
17 апрель. Арминия – БАВАРИЯ (18:30), АТЛЕТИКО – Эспаньол (19:15), ПСЖ – Марсель (23:45)
18 апрель. БАРСЕЛОНА – Кадис (23:55).