10.04.2022 15:22
14151
Роналду телефонини ерга улоқтирган боланинг онаси: «Ўғлимни биринчи маротаба футбол кўриш учун олиб боргандим»

«Манчестер Юнайтед»нинг «Эвертон»дан учралган мағлубиятидан сўнг (0:1), «қизил иблислар» футболчиси Криштиану Роналдунинг мухлис телефонини олиб, ерга улоқтиргани акс этган видео муҳокамаларга сабаб бўлди. 

Маълум бўлишича, ушбу телефон 14 ёшли болакайга тегишли бўлган. Ушбу воқеа ҳақида унинг онаси қуйидагича фикр билдирди. 

«Ҳуштакдан сўнг «МЮ» футболчилари майдонни тарк этаётган эдилар. Биз тоннель ёнидаги трибуналарда ўтиргандик ва ўғлим уларни видеога олаётганди. У телефонини бироз пастроққа туширди, сабаби, Роналду унинг яқинидан ўтаётганди. У гетрасини тушириб олганди ва оёғидан қон оқаётгани кўриниб турганди. Ўғлим буни яқиндан кўрмоқчи бўлди, Роналдуга ҳеч нима демаганди ҳам. 

Роналду унга даҳшатли тарзда ташланиб, телефонини юлқиб олиб ерга улоқтирди ва йўлида давом этди. Унинг қўли қандай кўкариб чиққанини кўришингиз мумкин. Ҳозир гапираётган нарсам содир бўлганига ўзим ҳам ишона олмаяпман. 

Йиғлаб юбордим, титраб кетдим. Жейкоб (ўғли) бутунлай шок ҳолатига тушиб қолди. Уйга етиб борганимиздан кейингина нима бўлганини тушуниб етдим. Ўғлим қаттиқ хафа бўлди, энди уни яна футболга олиб бориш қийин кечади. Бу унинг ҳаётида биринчи марта футболга бориши эди ва мана шундай воқеа содир бўлди. 

Ўша сониягача ўғлим ва мен учун ушбу кун мўъжизавий тарзда ўтаётганди. Бу воқеа бизнинг ажойиб кунимизни барбод қилди. Роналду бу — кумир. Ҳа, у «Эвертон»да ўйнамайди, лекин жуда муҳим футболчи. Ўғлим стадионга етиб келгунимизча у ерда Роналду бўлишини айтиб, боши осмонда эди. Агар Жейкоб унга қандайдир ёқимсиз гап айтганда ёки унга тегинганида буни тушунган бўлардим, лекин у Роналдудан узоқда эди. Ўғлим футболчининг ҳужумига учради. Бу — менинг она сифатидаги тасаввурим», — деди болакайнинг онаси Сара Келли. 

Аввалроқ, Роналду ўз «Instagram» саҳифаси орқали бўлган воқеа учун узр сўраб чиққанди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар