Ўзбекистон миллий жамоаси сардори, «Рома» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов «Instagram»даги саҳифасида миллий жамоа йиғинида берган интервьюси юзасидан тушунтириш бериб ўтди.
«Ҳаммага салом. Мен ҳақимда чиққан сўнгги янгиликларни ўқидим, интервьюларимдан бири нотўғри таржима қилинган кўринади. Шуни маълум қилишни истардимки, мен ушбу интервьюда жамоадан кетишни исташимни айтмаганман, кўпроқ учрашувларда майдонга тушишни исташим ҳақида гапирганман. Ҳеч қачон «Рома»дан кетишни исташим ҳақида гапирмаганман.
Мен ушбу клубнинг бир қисми эканимдан жуда ҳам хурсандман. Ҳар куни машғулотларда меҳнат қилиб, жамоадошларим ва мистерга (Моуриньо назарда тутиляпти) ёрдам беришни истайман», — деб ёзиб қолдирган 26 ёшли ҳужумчи.
Аввалроқ, Шомуродов миллий жамоа йиғинида «Рома»даги ҳолати ҳақида гапириб, захирада кўп ўтириб қолишни истамаслигини маълум қилганди.