Элдор миллий жамоа вилоятларда ўйнашидан мамнун, Уганда бош мураббийи Катанецни мақтади

Бугун, 23 март куни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Уганда миллий жамоалари «Navruz Cup-2022» турнирида иштирок этиш учун Наманганга учиб келишди. 

Жамоалар наманганлик мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди. 

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси ва сардори Элдор Шомуродов бундай турнирлар вилоятларда ўтказилишидан мамнунлигини айтди: «Наманганлик мухлислар ҳақида ҳамма билади. Миллий жамоа ўйинлари вилоятларда ўтказилишига доим позитив қараганман.

«Рома»да захирада қолаётганим? Албатта, ўйин амалиёти етишмаслиги мумкин. Аммо миллий жамоада ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан».

Уганда бош мураббийи Милутин Средоевич турнир ва Ўзбекистон миллий жамоаси устози Сречко Катанец ҳақида гапириб ўтди: «Бу турнирга таклиф этгани учун Ўзбекистон футбол ассоциациясидан миннатдорман. Бундай ўйинлар бизга ёздаги асосий баҳсларга тайёргарлик вазифасини бажаради. 

Рақиблар ҳақида деталлаштирилган маълумотларга эгамиз. Аммо бу ҳақда сизларга эмас, ўйинчиларимга айтаман.

Ўзбекистон миллий жамоаси тўғрисида ҳам биламан. Бош мураббийингиз Сречко Катанец билан болаликдан дўстмиз. У — сифатли мураббий. Катанецнинг ўтмишда қилган ишлари, у етиштирган футболчилар бундан далолат беради».

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни Тожикистон миллий жамоаси биринчи бўлиб водийга учиб келганди. 

Мусобақа тўрт жамоа иштирокида ўтказилади. 25 март куни яримфиналда Тожикистон Уганда билан, Ўзбекистон эса Қирғизистонга қарши баҳс юритади. 3-ўрин учун ва финал ўйинлари 29 мартга режалаштирилган. Беллашувлар «Навбаҳор» стадионида бўлиб ўтади.

Аъзамжон Иззатиллаев тайёрлади, 
Тасвирчи ва монтаж устаси — Боймирза Халилов

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар