«Navruz Cup-2022» турнири олдидан Ўзбекистон миллий жамоасининг Тошкентдаги йиғинига келиб қўшилган Элдор Шомуродов журналистлар билан суҳбатда «Рома»даги фаолиятига тўхталди.
- Элдор, кайфиятингиз қандай?
- Миллий жамоага келганимда кайфиятим ҳар доим аъло даражада бўлган.
- «Рома»даги ишларингиздан кўнглингиз унчалик тўлмаётган бўлса керак?
- Албатта. Кўпроқ ўйнашни хоҳлайман.
- Бунга нима тўсқинлик қилаяпти?
- Билмадим, балки ўзимни етарлича яхши кўрсата олмаётгандирман.
- Жозе Моуриньо билан муносабатингиз ёмонлашмаганми?
- Йўқ, ҳаммаси яхши. Яъни, ҳар доимгидек. Энди, жуда бошидагидек эмас-ку, лекин яхши.
- Режангизда кейинги мавсумда ҳам «Рома»да қолиш борми?
- Шартномам бор. Агар, ўйнайдиган бўлсам, қолиш ниятим бор. Лекин кўп вақтни захирада ўтказиш ниятим ҳам йўқ.
- Тэмми Абраҳамнинг Англияга қайтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар янграмоқда. Унинг «Рома»дан кетмоқчи экани сизнинг қарорингизга таъсир қила оладими?
- Йўқ, бунинг аҳамияти йўқ деб ўйлайман, – дея Элдор Шомуродовнинг сўзларини келтирган Tribuna.uz мухбири.
Аввалроқ, Италия нашрлари «Рома» мавсум якунида Шомуродов билан хайрлашиши мумкинлиги ҳақида ёзишганди.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси форварди жорий мавсум А Серияда 21 ўйинда 2та голга муаллифлик қилган.