АПЛда Манчестер дербиси, Италияда пешқадамлар тўқнашуви, «Реал» ва «Рома» учун жиддий синов. Ҳафта ўйинлари анонси

Мавсум охири яқинлашган сари, айниқса Италия ва Англияда чемпионлик курашида интрига ошиб, босим кўтарилиб бормоқда. Бу ҳафта ҳам катта учрашувлар кўп – «Милан» ва «Наполи» турни лига пешқадами сифатида якунлаш учун ўзаро тўқнашишса, Англияда бизни Манчестер дербиси кутиб турибди. «Атлетико» эса «Бетис» билан ўйинда тўртликка қайтишга уриниб кўради.

А Серия. 5 март (шанба)

РОМА – АТАЛАНТА

Ўйин бошланиш вақти: 22:00

ТВ-трансляция: СпортТВ

Моуриньо қўл остидаги «Рома»нинг энг яхши ўйини Бергамода бўлиб ўтганди. Ўшанда римликлар йирик 4:1 ҳисобида устун келишганди. Ўтган ҳафтада топ-4дан пастга тушиб кетган «Аталанта» ҳам ўз ўрнига қайтиш, ҳам биринчи даврадаги натижа учун қасос олишга ҳаракат қилишлари табиий.

Ўз навбатида «Рома» ҳам муаммолар гирдобида қолган – охирги тўрт ўйинида атиги битта ғалабага эришишди ва у ҳам бир ўйинчи кам бўлиб қолган аутсайдер билан ўйинда сўнгги дақиқаларда пенальтидан урилган гол ёрдамида қўлга киритилди. Қизиғи, ушбу ўйинда «Рома» рақиб дарвозасига 31 маротаба зарба берди, 7та ўта қулай вазият яратди, устунлик борасида чемпионат рекордини қайд этди. Аммо мавсум бошидан бери, «Рома» вазиятлардан фойдаланиш борасида қийналмоқда. Аслида вазиятлар яратиш, аниқ зарбалар борасида римликлар кучли тўртликдан жой олган. Лекин турнир жадвалида анча ортда қолиб кетган.


Таркиблар борасида «Рома» сафида ёш ҳужумчи Афена-Гьян бир неча ҳафта шерикларига ёрдам бера олмайди. Шунингдек, Спинаццола ва Оливейралар ҳам тўлиқ тикланиб улгуришмади. Меҳмонлар сафида эса Сапата ва Иличич ўйнай олмайди. Рафаел Толои эса «Сампдория» билан ўйинда навбатдаги сариқ карточкасини олди ва дисквалификация туфайли Римга бора олмайди.

Юқорида «Рома»нинг сафардаги ишончли ғалабаси тилга олинди, лекин сўнгги йилларда айнан Римда бўлиб ўтган ўйинларда «Аталанта» катта устунликка эга бўлмоқда. «Рома» мезбонлик қилган охирги 7 ўйинда ғалаба қозона олмаяпти, уч ўйинда меҳмонлар уч очко олиб кетган. «Рома»нинг «Аталанта» устидан ўз майдонида қўлга киритилган охирги ғалабаси 2014 йилнинг апрелида содир бўлганди.

Дарвоқе, Моуриньо ушбу ўйинда ҳамюртимиз Элдор Шомуродовнинг ёрдамидан фойдаланса, яхши бўларди. Шомуродов «Женоа» сафида «Аталанта»га қарши ўйинда дубл қайд этганди.

АПЛ. 5 март (шанба)

ЛИВЕРПУЛЬ – ВЕСТ ҲЭМ

Ўйин бошланиш вақти: 22:30

ТВ-трансляция: FutbolTV

Икки ой олдин Англия чемпионлиги «Манчестер Сити»га насиб қилиши вақт масаласидек кўриниб қолганди. Аммо «Ливерпуль» жуда яхши спорт формасига кириб олди ва қаторасига олти ғалаба билан интригани қайтарди. Агар йўқотилган очколар бўйича ҳисобласак, ҳозирча «Сити» ва «Ливерпуль»ни атиги уч очко ажратиб турибди холос. Апрелда эса бу икки жамоа ўзаро ўйинда ҳам майдонга тушади. Демак барчаси «Ливерпуль»нинг ўз қўлида.

Баҳорга жамоанинг шу ҳолатда етиб келиши ҳатто Клопп учун ҳам сюрприз бўлиши мумкин. Одатда жароҳатлар ва чарчоқлар билан ўралашиб қоладиган жамоа Клопп даврида илк марта барча фронтларда кураш олиб боряпти. Лига кубоги қўлга киритилди, Англия кубогида кейинги босқичга чиқишди, ЧЛ ва АПЛда асосий даъвогар бўлиб турганини эътиборга олсак, «Ливерпуль» мавсумда тўрт асосий совринни ютган илк инглиз жамоаси бўлиш имкониятига эга.

«Вест Ҳэм» еврокубок ўринлари учун курашишда давом этмоқда. Тўғри яққол фаворит эмас, аммо мавсум бошидаги инерция билан ҳам Мойес шогирдлари керакли очколарни қўлга киритишда давом этмоқда. Биринчи даврада лондонликлар ғалаба қозонганини эсласак, жуда шиддатли ва муросасиз баҳс бизни кутиб турибди.

Яқинда Клопп Ливерпулдаги фаолияти давомида илк маротаба таркибда жароҳатланганлар йўқлиги ҳақида айтганди. Кўз тегди шекилли, дарҳол лазарет яна тўлиб қолди. Матип ва Кейтада жароҳат бор, Фирмино ва Жонснинг майдонга тушиши ҳам сўроқ остида. Лига кубоги финалида эса Алкантара жароҳат олди ва камида икки ҳафтага сафдан чиқди. Меҳмонларда эса ҳимоя чизиғида муаммолар етарли. Соуфал, Масуаку ва Фредерикс машғулотларда қатнашишмаяпти. Огбонна мавсум охиригача сафдан чиққан. Шунингдек, украиналик Ярмоленконинг ҳолати ҳам ватанидаги вазият туфайли барчага маълум.

5 март (шанба)

РЕАЛ МАДРИД – РЕАЛ СОСЬЕДАД

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: FutbolTV 

«Реал» Ла Лига пешқадами, «Севилья» билан ўртадаги фарқ сақланиб қолмоқда, лекин айтиш мумкинки, сўнгги ўйинлар мадридликлар учун осон кечмаяпти. Айниқса, гол уриш борасида муаммолар етарли, «Алавес» билан ўйиндаги йирик ғалабани қўшмасак, охирги беш ўйинда «Реал» атиги 3та гол урди, холос. «Гранада» ва «Райо Вальекано» билан ўйинларда 1:0 ҳисоби қайд этилди. Табиийки, ўзига яраша кучли ва қаршилик кўрсата оладиган рақибларга қарши муаммо янада катталашиши турган гап.

«Сосьедад» айнан шундай жамоа. Басклар мавсумни яхши бошлашди ва бир муддат турнир жадвалини бошқаришди ҳам. Орада бир муваффақиятсиз сериядан сўнг, жамоа пасайган бўлса-да, ҳозир ўзига келиб олди. «Сосьедад» 26 ўйиндан сўнг, 44 очко жамғарган ва ЕЧЛ йўлланмасини тақдим этадиган ўринлардан атиги 1 очко ажратиб турибди, холос.

Ўзаро ўйинларда мадридликларда устунлик яққол – охирги 20 ўйинда сосьедадликлар атиги 4 маротаба ғалаба қозонган. Биринчи даврадаги учрашувда ҳам «қироллик клуби» 2:0 ҳисобида сафарга устун келганди. Аммо айнан Мадридда кечган тўқнашувларга эътибор қаратсак, басклар охирги икки ўйинда яхши натижа қайд этган. Март ойидаги чемпионат учрашувида фақат сўнгги дақиқадаги гол мезбонларни мағлубиятдан қутқариб қолган бўлса, Испания кубогида 4:3 ҳисобида басклар ғалаба қозониб, «Реал»ни турнирдан чиқариб юборганди. Ўша мавсумда «Сосьедад» якунда Испания кубогини ҳам қўлга киритганди.


Таркибларга келсак, меҳмонларда йўқотишлар кўпроқ. Мезбонларда Кросс ва Вальверде майдонга туша олмаса, басклар таркибида Янузай, Барренечеа, Луна, Рико ва Монреалларда жароҳат бор. Хосеба Салдуа эса вирусга чалинган. Шундай бўлса-да, мадридликлар келаси ҳафта «ПСЖ»га қарши ўта муҳим ўйинда майдонга тушишини ҳам унутмаслик лозим. Табиийки, бундай ўйин бўсағасида Анчелотти бор кучини Ла Лигага жалб қилмаслиги ҳам мумкин.

АПЛ. 6 март (якшанба)

МАНЧЕСТЕР СИТИ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД

Ўйин бошланиш вақти: 21:30

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

Агар «Атлетико» билан ЕЧЛдаги ўйинда эътиборга олмасак, «Юнайтед» бош мураббийи Ральф Рангник Англияда илк бор топ рақибга қарши майдонга тушади. Немис мураббийи ҳақида таассуротлар ҳали бироз мавҳум, бир томондан жамоа унинг қўл остида 18 ўйинда атиги бир маротаба мағлубиятга учраган бўлса, бошқа томондан жуда кўп ўйинларда дуранг қайд этилиб, очколар йўқотилмоқда. Энди эса нисбатан осонроқ рақиблар тугаб, март ойининг ўзида «МЮ» «Сити», «Тоттенҳэм», «Ливерпуль» ва «Атлетико»га қарши майдонга тушади. «Қизиллар» учун жуда масъулиятли палла.

Босим Гвардиола шогирдларида ҳам етарли. «Ливерпуль» бир ғалаба масофасигача яқинлашиб олди, демак ҳар қандай очко йўқотиш «Сити»да кутилмаган муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Ўйин нуқтаи назаридан ҳаммаси жойида, лекин ортиқча босим одатда Гвардиола шогирдларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини ҳам унутмаслик керак. Бунинг устига, айнан дербиларда, айниқса, «Этиҳад»даги ўйинларда мезбонларга қийин бўлаётганини таъкидлаш керак. Ушбу стадионда ўтган охирги уч ўйинда меҳмонлар ғалаба қозонишган. Сўнгги икки ўйинда «Манчестер Сити» ҳатто гол ҳам ура олмаган. Гвардиола даврида «Этиҳад»да энг яхши натижа қайд этаётган рақиб айнан «Манчестер Юнайтед» ҳисобланади – 6 ўйинда 4 ғалаба, 1 дуранг ва атиги 1 мағлубият. Меҳмонларга кичик устунлик берадиган яна бир фактор «шаҳарликлар» ҳафта ўртасида кубок ўйинида майдонга тушди, «Юнайтед» эса дербига тайёрланиш учун етти кунга эга бўлди.


Бўлди, бошқа жиҳатларда «Манчестер Сити» яққол устун ва албатта катта фарқ билан яққол фаворит ҳисобланади. Таркиблар борасида йўқотишлар йўқ. Рангникнинг айтишича, Эдинсон Кавани ҳам машғулотларга қайтган ва таркибда жароҳатланганлар деярли йўқ. Мезбонлар сафида эса Рубен Диаш жароҳат олди ва камида бир ойга сафдан чиқди. Қизиқ томони, ҳар икки жамоада ҳам биттадан футболчи (Менди ва Гринвуд) ўхшаш сабаблар туфайли таркибдан четлатилган ва жиноий жавобгарлик остида қолган.

А Серия. 6 март (якшанба)

НАПОЛИ – МИЛАН

Ўйин бошланиш вақти: 00:45

ТВ-трансляция: Sport

Кучли бешликда чемпионлик учун энг зўр интрига айнан А Серияда кечмоқда. Аввал «Наполи» ва «Милан» бошқалардан анча ўзиб кетгандилар. Кейин «Интер» қаторасига ғалабаларга эришиб, яққол пешқадамга айланиб олди. «Интер»нинг пасайишига тайёр турган «Наполи» ва «Милан» яна курашга қўшилдилар ва ҳозирда уч жамоада ҳам имкониятлар деярли тенг.

Тўрт ўйиндан бери гол уришда қийналиб келган ««Интер» кеча «Салернитана» устидан 5:0 ҳисобида устун келди ва очколар сонини 58 тага етказиб, 1-ўринга кўтарилиб олди. «Милан» ва «Наполи»да 57 тадан очкога эга. Қаранг, агар бу ўйинда дуранг қайд этилса, уч жамоада бир хил – 58 тадан очко бўлиб қолади. Тўғри, «Интер»да захира ўйини ҳам бор, аммо ушбу ўйин ғолиби яна бир муддат чемпионатда якка пешқадам бўлиб туришини ҳам унутмаслик керак.

Умуман сўнгги турларда Италия пешқадамлари навбати билан очко йўқотишни бошлаб юборишганди. Ўтган турда «Наполи» сафарда «Лацио» устидан сўнгги дақиқаларда устун келди. Ўша ўйингача «Интер», «Наполи» ва «Милан» иштирок этган қаторасига етти ўйинда фаворит жамоа ғалаба қозона олмай келди. «Милан» кутилмаганда «Салернитана» ва «Удинезе» билан дуранг ўйнади ва бу ўйинда юта олмаса, ғалабасиз серия уч ўйинга етади. «Наполи» ҳам Римдаги ғалабадан олдин икки ўйинда бир хил 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаганди.

Биринчи даврадаги ўйинда «Наполи» сафарда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Аммо Неаполда ўтган сўнгги учрашувларда меҳмонлар жиддий қаршилик кўрсата олишган. Охирги икки ўйинда бир дуранг ва бир ғалаба.

Ла Лига. 6 март (якшанба)

БЕТИС – АТЛЕТИКО

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

Андалус дербисида мағлубиятга учраган «Бетис» Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашида муаммо остида қолди. Жамоа агар «Атлетико»дан ҳам ютқазадиган бўлса, учинчи ўриндан биратўла 5-ўринга тушиб кетиши мумкин. Чунки «Атлетико»да 45 очко мавжуд ва «Бетис»дан атиги бир очко ортда бормоқда.

Аммо «Бетис» ҳозирда жуда яхши кайфиятда бўлиши керак. Жамоа кеча «Райо Вальекано» устидан ғалаба қозониб, Испания кубоги финалига чиқди. Жамоа бундан 17 йил олдин ушбу турнир финалида ғалаба қозонганди ва бу соврин андалусликлар учун охиргиси кубок бўлиб турибди. «Бетис» шунингдек, Европа Лигасида ҳам курашни давом эттираётганини инобатга олинса, Пеллегрини шогирдлари охирги бир неча ўн йилликда энг яхши мавсумларидан бирига айланиши мумкин. Мамлакат чемпиони саналса-да, ушбу мавсумда беқарор натижалар қайд этаётга «Атлетико» билан ўйин «Бетис» учун жуда яхши мотивация бўлиши турган гап.

Бунинг устига мадридликлар таркибда жуда катта муаммоларга дуч келган. Ҳимоячилар Васс ва Эрмосо, яримҳимоячи Кондогбиа, ҳужумчи Кунья шерикларига ёрдам бера олмайди. Савичда эса жароҳатдан ташқари дисквалификация ҳам бор. Ҳимоячи «Сельта» билан ўйинда навбатдаги сариқ карточкасини олганди. «Бетис» таркибида Каналес ҳам айнан карточкалар туфайли майдонга туша олмайди. Шунингдек, Миранда, Монтойа, ҳамда Камарасаларда жароҳатлар бор.

Ўзаро ўйинларга келсак, биринчи даврадаги ўйин 3:0 ҳисобида «Атлетико»нинг ғалабаси билан якунланган. Ўтган йили «Бетис» майдонидаги кечган учрашувда эса Тельо ва Каррасконинг голлари жамоаларга биттадан очкони тақдим этганди. «Атлетико» ва «Бетис» Ла Лигада гол уриш борасида етакчи жамоалар саналидишади ва мос равишда учинчи ва иккинчи поғонани эгаллашган. Гол ўтказиш бўйича эса ҳар икки жамоа ҳам турнир жадвалининг кейинги ўнлигидан жой олишган. Демак биз ушбу учрашувда голларга бой натижани кутишимиз мумкин.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

5 март. БАВАРИЯ – Байер (19:30), Бёрнли – ЧЕЛСИ (20:00), Ницца – ПСЖ (6 мартга ўтар кечаси, 01:00)

6 март. Уотфорд – АРСЕНАЛ (19:00), Эльче – БАРСЕЛОНА (20:15), ЮВЕНТУС – Специя (22:00). 

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар