«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ бош мураббийи Алекс Фергюсоннинг фикрича 1999 йилги Чемпионлар Лигаси финалида манкунианликларга омад кулиб боққан.
Эслатиб ўтамиз, «МЮ» иккинчи бўлимга қўшиб берилган вақтда 2та гол уриб, «Бавария»ни (2:1) мағлуб этганди.
«Менимча, бу энг катта муваффақиятимиз эди. Гуруҳ босқичида бизда «Бавария» ва «Барселона» бор эди, кейинги босқичга ўтишга муваффақ бўлдик. Чорак финалда «Интер»га қарши тўқнаш келишимизга тўғри келди ва бундан ҳам ўта олдик. Яримфиналда Туриннинг «Ювентус» клубини мағлуб этдик. Финалда Оттмар Хитцфельд мураббийлик қилган «Бавария» билан ўйнашимиз керак эди. У билан доим яхши муносабатда бўлганман.
Қийин ўйин бўлишини билардим, чунки улар ҳам бир мавсумда 3та совринни қўлга киритишни мақсад қилишганди. Финалда уларни мағлуб этиш — энг қийин вазифа.
Ўша оқшом бизга бироз омад кулиб боқди, десам тўғри бўлади. Сўнгги 20 дақиқагача «Бавария» энг яхши жамоа эди. Қўшиб берилган вақтда ғалаба қозониш ажойиб бўлди.
Жамоа мен билан илк бор Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонди ва бу ҳаётимиздаги энг муҳим ўйин бўлди», — дея Фергюсоннинг сўзларини келтиради Bild.