19.02.2022 17:01
5538
АПЛда Гвардиола – Конте тўқнашуви, Ла Лигада «Барса» азалий рақибига қарши. Ҳафта ўйинлари анонси

Ҳафта ўртасида ўтган еврокубоклар жума куни миллий чемпионат ўйинларига, хусусан Турин дербисига уланиб кетди ва «Ювентус» яна очко йўқотди. Англияда эса бугун, 19 февраль куни Пеп Гвардиола ва Антонио Контенинг навбатдаги тўқнашуви бўлиб ўтади. Испанияда баск дербиси, шунингдек, Англиянинг энг катта қарама-қаршиликларидан бири ушбу дам олиш кунлари бизни кутиб турибди.

19 февраль (шанба)

МАНЧЕСТЕР СИТИ – ТОТТЕНҲЭМ

Ўйин бошланиш вақти: 22:30

ТВ-трансляция: FutbolTV

Жамоалар ушбу мавсумнинг илк турида ҳам Лондонда тўқнаш келишган ва ўшанда мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Кўп нарса ўзгарди, ҳатто «Тоттенҳэм»нинг мураббийи ҳам бошқа – Антонио Конте. «Манчестер Сити» эса ўша мағлубиятдан кейинги 24 ўйинда яна атиги бир марта ютқазди, холос ва айни дамда АПЛда 9 очколик фарқ билан пешқадамлик қилмоқда. Еврокубоклар ва тиғиз тақвимлар олдидан Гвардиола шогирдлари очко йўқотмасликка ҳаракат қилишлари табиий, зеро асосий таъқибчи бўлмиш «Ливерпуль» ҳам қаторасига ғалаба қозониб келмоқда.

Лекин «Тоттенҳэм» бироз муваффақиятсиз даврни бошдан кечиряпти. Конте келганидан бери, Англияда 8 ўйинда мағлубиятга учрамаган жамоа қаторасига уч ўйинда мағлубиятга учради. «Челси» билан сафар ўйинини тушуниш мумкин, рақиб кучли эди, аммо кейинги икки уй учрашувида жадвалда пастроқ жойлашган жамоалардан мағлубиятлар анча оғир бўлди. Йўқотилган очколар бўйича ҳатто АПЛда учинчи ўринда бўлган ва ЕЧЛ йўлланмаси учун курашда фаворит бўлган «Тоттенҳэм» 8-ўринга тушиб кетди.

Таркиблар борасида ҳар икки жамоада ҳам айтарли муаммо йўқ. Мезбонлардан Грилишнинг қайтиши ҳали номаълум бўлса, шунингдек, Жезуснинг ўйнаши ҳам шубҳа остида. Шу билан бирга «Сити» ҳафта ўртасида ЕЧЛ доирасида Португалияда ўз ўйинини ўтказди ва Гвардиола таркибда бир қатор ротацияларни амалга ошириши ҳам мумкин. Меҳмонлардан эса Танганга ва Оливер Скипларда жароҳат бор.

Шунингдек, Ҳарри Кейннинг «Этиҳад»да майдонга тушиши ҳам ўзига яраша эътиборга арзирли бўлиши керак. Ҳужумчини ёз бўйи «Манчестер Сити» сотиб олишга муваффақиятсиз уриниб кўрган ва ҳали ҳам фикридан воз кечгани йўқ. Футболчи эса Манчестерга ўтиш учун ҳатто ўз клубида машғулотлардан воз кечганди. Юқорида тилга олинган 1-тур ўйинида ҳам Кейн қатнашмаганди.

Ўзаро ўйинларга келсак, «Тоттенҳэм» ўз майдонида рақибга жиддий қаршилик қилиб келса-да, айнан Манчестердаги ўйинларда у қадар муваффақиятли эмас. Лондонликлар охирги ўн йилда атиги бир маротаба, 2016 йилнинг февралида сафарда ғалаба қозонган, холос. Аммо яна бир ўйин борки, мезбонлар учун мағлубиятдан ҳам аламли ютуқ билан тугаганди. Чемпионлар Лигаси чоракфиналида «Сити» 4:3 ҳисобида устун келган, аммо илк ўйинда 1:0 ҳисобида ютган «Тоттенҳэм» яримфиналга чиққанди. Льорентенинг голи билан вазиятни ўз томонига оғдирган меҳмонлар, сўнгги дақиқаларда Агуэронинг якунда ВАР ҳисобга олмаган голи, умуман ўша ўйин ЕЧЛнинг дурдона ўйинларидан бири сифатида тарихдан жой олганди.

20 февраль (якшанба)

ЛИДС – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД

Ўйин бошланиш вақти: 19:00

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

«Лидс» ва «МЮ» ўйинлари Англияда «Атиргуллар тўқнашуви» ёки «Пенин дербиси» деб номланади ва қарама-қаршилик шиддати ва жиддияти борасида жуда кўп инглиз дербиларини ортда қолдиради. Ушбу адоватнинг тарихи то 15-асрга, Ланкашир ва Йоркшир графликларининг «қизил ва оқ атиргуллар» урушларига бориб тақалади. Англияда футбол пайдо бўлиб, Шимолий Англияда бу клублар ўйнай бошлабдики, «атиргуллар дербиси» футболдан ҳам катта тўқнашувга айланиб кетади.

Тўғри, 90-йилларда ҳар икки жамоа ҳам юқори ўринлар учун курашган ва бу дерби АПЛда жуда катта воқеага айланиб кетарди.

Ҳозир ҳам ёмон эмас, биринчидан, «Элланд Роуд» ўн етти йиллик танаффусдан кейин биринчи марта «Манчестер Юнайтед»ни АПЛда қабул қилмоқда. Ўн йил олдин жамоалар фақат Англия кубогида тўқнаш келган бўлишса, ўтган мавсумдаги ўйин бўш трибуналар остида бўлиб ўтганди. «Лидс Юнайтед» мухлислари учун жуда катта воқеа. Иккинчидан, бу ўйинни қайсидир маънода мураббийлик мэтрларининг тўқнашуви деб ҳам баҳолаш мумкин. Бьелса испан, Рангник эса немис мураббийлари мактабининг ғоявий йўлбошчилари саналишади. Қизиқ бўлади.

«Манчестер Юнайтед» ҳозирда кучли тўртликдан ўрин олиб турган бўлса-да, рақобатчилар кўп, масалан «Арсенал» уч ўйин кам ўтказган ҳолда атиги 4, «Тоттенҳэм» эса 7 очко ортда қолмоқда. Яъни йўқотилган очколар бўйича «МЮ» топ-4 дан ташқарида ва очко йўқотишга ҳаққи йўқ. «Лидс»нинг ҳолати ҳам хавас қилгулик эмас – жамоа хавфли зонадан тепароққа чиқиб олган бўлса-да, атиги 4 очколик масофа бор холос. Ҳар бир ўйинда очко учун курашиши табиий. «Астон Вилла» (3:3), «Вест Ҳэм»га (3:2) қарши ўйинларда Бьелса шогирдлари жуда яхши спорт формасида эканликлари ва мавсум бошидаги «Лидс»дан кучлироқ эканини намойиш қилди. 

Асосий сабаб эса албатта, жароҳатланган футболчиларнинг анча камайиб қолганидир. Филипс ва Купернинг сафга қайтишига бир неча ҳафта бор, Бэмфорд ҳам бу ўйинга тайёр бўлиши имконсиз. Шунингдек, Стюарт Далласнинг ҳам ҳолати шубҳа остида қолмоқда. Меҳмонлардан эса Рангникнинг сўзларига қараганда, Эдисон Кавани машғулотларга қайтган бўлса-да, ўйинга тайёр бўлиши қийин. Аммо Неманья Матич ва кутилмаганда, «Брайтон» билан учрашув олдидан касалланиб қолган Рафаэль Варан борасида мураббий оптимистик тахминларни билдирди.

20 февраль (якшанба)

ВАЛЕНСИЯ – БАРСЕЛОНА

Ўйин бошланиш вақти: 20:15

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

«Атлетико»нинг чоршанба кунги мағлубиятидан сўнг, «Барселона»нинг топ-4 учун имконияти янада ошганини таъкидлаш мумкин. Эндиликда каталонияликлар «Атлетико»дан кўра бир ўйин кам ўтказган ҳолда бир хил очкога эга. Бу учрашув эса янада мустаҳкам жойлашиш ва 3-ўриндаги «Бетис»га яқинлашиш учун яхши имконият.

«Валенсия» икки ойдан бери Ла Лигада ғалаба нималигини билмай келмоқда. Охирги марта ўтган йилнинг 21 декабрида «Леванте»га қарши дербида ғалаба қозонганди. Қизиғи, шу ҳолатдаям валенсияликлар хавфли зонадан кўра, еврокубоклар йўлланмаси учун яқинроқ. Қаторасига икки ғалаба ҳам «Валенсия»га еттинчи ўринга кўтарилиш имконини беради.

Бордалас шогирдлари сафида фақат Габриел Паулиста ҳали тўлиқ тикланиб улгургани йўқ. Ўз вақтида «Барселона» шарафини ҳам ҳимоя қилган дарвозабон Силлессен ҳам бир неча ҳафтадан кейин сафга қайтади. «Барселона»да аксинча, ҳар ҳафта жамоа сафига жароҳатдан тикланган футболчилар қўшилаётган бўлса-да, лазарет ҳали ҳам тўла. Фати, Лангле, Умтити, Роберто ушбу учрашувда майдонга туша олмаслиги аниқ бўлган футболчилар. Шунингдек, Депай ва Араухонинг шерикларига ёрдам бериш имконияти жуда паст.

Ўзаро ўйинларга келсак, жамоаларнинг айниқса Валенсиядаги тўқнашувлари жуда шиддатли курашлар остида кечади. Ўтган мавсумда меҳмонлар 3:2 ҳисобида иродали ғалабага эришганди. Ундан олдинги тўрт учрашувда «Барселона» юта олмаган. Умуман олганда охирги 30 ўйиннинг атиги 4 тасида «Валенсия» устун келган, 17 учрашувда «Барселона»нинг қўли баланд келган.

Дарвоқе, Хави шогирдлари пайшанба оқшомида «Наполи»га қарши Европа Лигаси учрашувини ўтказди. Яъни тикланиш ва ўйинда яхшироқ жисмоний формада бўлиш борасида «Валенсия»да оз бўлса-да, устунлик бўлиши мумкин.

20 февраль (якшанба)

АТЛЕТИК – РЕАЛ СОСЬЕДАД

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

Айтиш мумкинки, ушбу мавсум баск жамоалари учун анча муваффақиятли кечмоқда. «Атлетик» Суперкубок финалида ўйнади, мамлакат кубогида эса «Реал» ҳамда «Барселона»ни мусобақадан чиқариб юбориб, яримфинал иштирокчисига айланди. Сан-себастиянликлар эса Ла Лигада юқори ўринлар ва Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашмоқда. Европа Лигасида ҳам «Сосьедад» плей-оффда «Лейпциг» билан сафарда дуранг ўйнади ва кейинги босқичга чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилган.

Охирги икки дербида бир хил – 1:1 ҳисобида якунланган ва қизиғи, ҳар икки учрашувда жамоалар навбати билан сўнгги дақиқа мағлубиятдан қутулиб қолишган. Умуман олганда охирни 25 тўқнашувнинг 7тасида бильбаоликлар, 11тасида эса сан-себастиянликларнинг қўли баланд келган. Айнан Бильбаода ўтган охирги ўйин эса мамлакат кубоги доирасида бўлганди – Ойарсабалнинг пенальтидан урган голи меҳмонларга кичик ҳисобдаги ғалабани тақдим этганди.

Таркиблар борасида меҳмонларнинг муаммоси кўпроқ – Монреал, Рико, Луна, Барранечеа ҳамда Янузай шерикларига ёрдам бера олмайдилар. «Атлетик» сафида эса Нико Уильямс ва Унаи Ванкедорда жароҳат бор. Шунингдек, Андер Капада ковид аниқланган.

Юқорида ҳам айтилгани каби, худди «Барселона» сингари «Сосьедад» ҳам пайшанба куни Европа Лигасида майдонга тушди. Яъни жисмоний тайёргарлик борасида мезбонларда қўшимча устунлик бўлади.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

19 февраль. АРСЕНАЛ – Брентфорд (20:00), ЛИВЕРПУЛЬ – Норвич (20:00), Кристал Пэлас – ЧЕЛСИ (20:00), Осасуна – АТЛЕТИКО (20:15), РОМА – Верона (22:00), МАНЧЕСТЕР СИТИ – ТОТТЕНҲЭМ (22:30), Салернитана – МИЛАН (20 февралга ўтар кечаси, 00:45), РЕАЛ – Алавес (20 февралга ўтар кечаси, 01:00), Нант – ПСЖ (20 февралга ўтар кечаси, 01:00)

20 февраль. Фиорентина - АТАЛАНТА (16:30), БАВАРИЯ – Гройтер (19:30), БОРУССИЯ Д – Боруссия М (21:30), ИНТЕР – Сассуоло (22:00)

21 февраль. Кальяри – НАПОЛИ (23:00).

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар