Римнинг «Рома» клуби Италия А Серияси 26-тури доирасидаги «Верона»га қарши баҳсдан аввал таркиб борасида муаммоларга дуч келди.
«RomaPress» ва Италиянинг бир қатор нашрлари хабарига кўра, римликлар сафидан ҳужумчи Элдор Шомуродов ва яримҳимоячи Генрих Мхитарян коронавирус юқтириб олган. Бугун, 18 февраль куни ҳар икки ўйинчи ўзини яккалаш тартибига ўтказилиши кутилмоқда.
Бош мураббий Жозе Моуриньонинг таркиб борасидаги муаммоси бу билан чекланиб қолмаган. Жамоа етакчиларидан бири Никола Дзаньола ҳам жароҳати сабабли «Верона»га қарши баҳсни ўтказиб юбориши мумкин. Манчини ва Ибаньеснинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида экани айтилган.
Маълумот учун, «Рома» - «Верона» учрашуви эртага, 19 февраль шанба куни соат 22:00да бошланади. Римликлар турнир жадвалида 40 очко билан 7-ўринни эгаллаб турибди.