17.02.2022 15:46
4444
«Бугун ютамизми эмас, нечта гол урамиз деб майдонга тушардик». «Нефтчи» собиқ етакчилари билан очиқ суҳбат

Юрий Саркисян Фарғонадаги 26 йиллик фаолияти давомида «Нефтчи» жамоасини Ўзбекистоннинг етакчи клубига айлантирган эди. Водий клуби нафақат Олий лигада, Ҳамдўстлик кубоги ва Осиё Чемпионлар лигасидаги иштироки билан ҳам МДҲ ва Осиёда ном қозона олганди. Tribuna.uz Саркисян мураббийлигидаги «Нефтчи» сафида жавлон уриб, клуб етакчилари даражасига чиқа олган Анвар Бердиев, Носир Отақўзиев ва Мансур Саидов билан учрашиб, интервью олди. Суҳбат давомида жамоанинг собиқ ўйинчилари 90-йиллар охири ва 2000-йиллар бошидаги воқеаларни эслаб ўтишди.

Ўша номдор таркибдаги «Нефтчи»дан Носир Отақўзиев ҳозирда Фарғона вилояти футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти сифатида ишлаётган бўлса, Анвар Бердиев «Турон» клуби бош мураббийи сифатида фаолият бошлаган. 38 ёшли яримҳимоячи Мансур Саидов эса жонажон клубини тарк этган бўлса-да, футболчилик фаолиятини расман якунлагани йўқ.

«Фамилияларни эшитсам, бошқача бўлиб кетардим». Энг кучли «Нефтчи» ҳақида

Анвар Бердиев: «Нефтчи»да энг кучли жамоа сифатида биздан олдин ўйнаган таркибни айта оламан. 90-йиллар бошидаги таркиб ҳужумида Рустам Дўрмонов, Равшан Бозоров, кейинчалик Шуҳрат Мақсудов ҳаракат қилганди. Самарқанд футбол мактабида ўқиб юрган кезларимда бу фамилияларни эшитсам, бошқача бўлиб кетардим.

1995 йилда «Машъал» кетма-кет Олий лига ва Ўзбекистон кубогида «Нефтчи» билан ўйнашига тўғри келиб қолади. Биринчи ўйиндан кейин Степан Атоян олдимга келиб, Юрий Саркисян менга қизиқиш билдираётганини айтди. Ўша вақтда «Нефтчи» Ўзбекистоннинг энг донгдор жамоаси эди ва бу мен учун алоҳида воқеа бўлган».

Носир Отақўзиев: «Ўзимдан олдинги таркибни «Нефтчи»нинг энг кучли жамоаси, деб биламан. Лекин мен фахрланадиган нарса шуки, ўша жамоада Сергей Лебедев каби катта футболчилар билан ўйнашга муваффақ бўлганман. 2003 йилда «Цементчи Қувасой» клубидан Фарғонага ўринбосарлар вакили сифатида келганман. Улар биз учун ҳақиқий афсоналар бўлганди, улар билан битта машғулот базасида яшаганимиздан, битта ошхонада овқатланганимиздан фахрланардик».

Мансур Саидов: «Нефтчи»нинг энг кучли таркиби сифатида ўтган асрнинг 90-йилларидаги таркибни айтган бўлардим. Охирги марта биз 2001 йилда чемпион бўлгандик. Лекин биламанки, улар ҳақиқий «олтин авлод» эди ва биздан кучли бўлишган».

«Вазгенович ўйинга икки кун қолганида футболчиларни базага қамарди» - Саркисян фактори 

Анвар Бердиев: «Очиғи, ўша вақтдаги баъзи ўйинларга руҳий тайёрланиш вақтида бугун ютамизми, ёки ютқазамизми деб эмас, нечта гол урар эканмиз, деб майдонга тушар эдик. Биласизми, агар тайёргарлигингиз зўр бўлса, ҳакам ҳам, мухлислар ҳам сизнинг ғалабангизга тўсиқ бўла олмайди. Ҳа, бир-икки маротаба омад келмай қолиши мумкин, лекин барибир кучли жамоа ютиб кетаверади. Мисол учун, биз бутун мавсум мағлубиятсиз ўтказган вақтларимиз ҳам бўлган».

Носир Отақўзиев: «Юрий Вазгенович учрашувга икки кун қолганида футболчиларни базага қамарди. Бу унинг услуби, баъзилар бир кун аввал футболчиларини клуб базасига тўплайди. Ўша икки кун давомида ҳам мураббий бизга ортиқча босим бермасди. Ўйиндан бир кун олдинги кўрик машғулотида ҳам йигитлар бир-бири билан ҳазиллашиб, кулишиб юрарди. Устунлигимизнинг асосий сабаби – ҳамжиҳатлигимиз бўлган. Шунингдек, бизда Саркисяннинг қўллаб-қувватлаши бор эди. Биз ёшларни ҳам ҳеч кимдан қўрқмасликка ўргатганди. У ташқаридан туриб, гап-сўзлари билан бизни жонлантира оларди. Рақиб ёки ҳакамни сўкса ҳам, биз уйғонишимиз кераклигини билиб олардик».

Мансур Саидов: «Юрий Вазгенович доим футболчилар билан ишларди. У оддий гаплар билан бизга мотивация бера оларди, фарғоналиклар бизнинг ғалабамиздан ҳафта давомида хурсанд бўлиб юриши керак, бизнинг ютуғимиз инсонларнинг уйига хурсандчилик олиб кириши кераклиги ҳақида гапирарди. Бизга мана шу оддий гаплар етарди, ҳеч қандай мукофот пуллари ваъда қилинмасди».

«Мухлислар машиналари ойнаси синдирилар, футболчилар аямай тепганидан, оёқларимиз кўкариб кетарди» - Принципиал рақиблар ҳақида 

Анвар Бердиев: «Биз ўйнаган даврда энг принципиал рақиб «Пахтакор» бўлган. Ҳа, «Навбаҳор»га қарши ўйинлар анча шиддатли ўтарди. Лекин барибир «Пахтакор» нисбатан кучлироқ жамоа эди. Айниқса, 2000 йиллардан кейинги даврда тошкентликлар анча кучли эди.

2007 йилда ОЧЛда «Ас-Садд»ни ютиб, кейинги учрашувда «Навбаҳор» билан ўйин учун Наманганга борганмиз. Ўша ўйин ҳеч қачон эсимдан чиқмайди. Сабаби, фаолиятимда биргина ўша учрашувда 50 минг мухлис қаршисида футбол ўйнаганман. Албатта, тўполонлар ҳам бўларди, баъзи вақтларда мухлисларнинг машиналар ойнасини синдириб кетишарди».

Носир Отақўзиев: «Ҳар бир рақибга бирдек тайёргарлик кўрардик. Лекин «Пахтакор», «Навбаҳор», «Насаф» ва «Бунёдкор»га қарши беллашувлар учун бизни ортиқча руҳлантириш шарт эмасди. Бу ўйинларнинг аҳамиятини шундоқ ҳам тушуниб турардик.

Лекин шахсан мен учун энг қийин рақиб «Машъал» бўлган. Муборак клубининг катта ҳимоячилари Дилявер Ваниев, Хайрулла Каримов аямасдан тепишарди. Ўйиндан кейин улар тепган жойлар кўкариб кетарди. Лекин кўплаб ўзбек футболи афсоналари билан бирга, уларга қарши ўйнашга эришганим мен учун фахрли хотира.G

Юрий Вазгенович ёшларга қўрқмай ишонч билдирарди. Ўйин вақтида кўп сўкарди, лекин биз бу гапларни кўрсатмадек қабул қилардик. У ўйинлардан сўнг, биздан узр сўраб чиқарди».

Мансур Саидов: «Навбаҳор» — асосий рақибимиз эди. Қолган ўйинларда ҳам рақиблар бизга қарши яхши тайёрланишарди. Лекин «Навбаҳор»га қарши ўйинларда мухлислар юзага келтирган атмосфера жуда бошқача бўларди. Мураббий бизга майдонда нима қилиб бўлса ҳам, курашиш, ғалаба қозониш кераклигини айтарди. Рақибларимиз нима еб чиқасизлар, деб сўрар эди. Биз ҳам улар каби оддий овқат еймиз, дердик.

«Euronews» кун бўйи голимни намойиш этганди, тўйим куни майдонга тушгандим». Фаолиятдаги энг муҳим ўйин ҳақида

Носир Отақўзиев: «Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этаётган пайтимизда Қатарнинг «Ас-Садд» клубига қарши ўйнаганмиз ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганмиз. Биринчи голни Анвар ака (Бердиев) урганди. Иккинчи таймда захирадан майдонга тушгандим ва ҳисоб тенг бўлиб турган пайтда ғалаба голини уриб кетгандим. Мана шу мен учун фаолиятимдаги энг муҳим ўйин, деб ўйлайман. Ўша ўйиннинг эртасига «Euronews» каналидан кун бўйи менинг голимни қайта-қайта намойиш этишганди. Стадион тўла одам, ҳатто чинорлар устида бўлса ҳам футболни кўришганди. Ўша пайтда ёш эдик, хурсандлигимдан осмонда юрардим.

Анвар Бердиев: «Чемпионлар Лигасида «Ас-Садд» ва «Ал-Карама»га қарши ўйинлар эсда қоларли бўлган. Айниқса қатарликлар билан Фарғонада ўтказган ўйинимиз ёдимда қолган. Ўйин соат 4да бошланарди, ўша куни чамаси 12лар атрофида яқин дўстим стадионга кира олмаётгани, жой қолмагани ҳақида айтганди. Ўша даврларни эслаб, демак шунча мухлисларга ва уларнинг оиласига қувонч бағишлаган эканмиз, дейман.

Мансур Саидов: «2006 йилда «Насаф» билан меҳмондаги учрашувда 2:1 ҳисобида ютиб, 2-ўрин масаласини ҳал қилгандик. Ўзим 2та гол уришга эришгандим. Яна бир эсимдан чиқмайдиган учрашув ўша мавсумда «Сўғдиёна» билан Фарғонада ўтказган ўйинимиз бўлган. Ўша куни тўйим бўлаётганди, Юрий Вазгенович бир тайм ўйнайсан деди. Ўйиндан аввал мураббий ўз машинаси ва ҳаёдовчисини берганди, келинни уйидан олиб, тўйга олиб бориб қўйгандик. Кейин ўйинни ўтказиш учун стадионга келганман. Биринчи таймдан кейин ҳам захирага олмаган. Иккинчи таймда эса жароҳат орттириб олгандим. Жароҳатдан сўнг, тўйга кетишимга рухсат берганди, дея эслайди Мансур Саидов.

Интервьюдаги тўлиқ савол-жавоблар ва қизиқарли воқеаларни Tribuna.uz сайтининг YouTube’даги каналида томоша қилинг.  

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси - Азимжон Воҳидов.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар