«Атлетико» раҳбарияти жамоа бош мураббийи Диего Симеонени истеъфога чиқариши мумкин, дея хабар бермоқда Cadena Ser.
Манбанинг ёзишича, Диего Симеоне жамоаси қониқарсиз натижалар қайд этаётган жорий мавсумда клуб раҳбариятининг қўллаб-қувватлашини сезмаяпти. 2011 йилдан буён Мадрид клубида мураббий сифатида ишлаётган аргентиналик мутахасссис жамоа раҳбариятининг янги мураббий билан музокара ўтказганидан хабар топгач, асабийлашган ва жамоада ўзини яхши ҳис этмаяпти.
Қайд этилишича, клуб раҳбариятига бир қатор мураббийларнинг номзоди тавсия қилинган ва дастлабки музокара ўтказилган. Бунгача Симеоненинг мадридликлар устози сифатидаги ўн йилдан кўпроқ фаолияти давомида клуб ҳеч қачон янги мураббий масаласини кўтармаган эди.
Аввалроқ, клуб президенти Энрике Сересо Симеонега мавсум якунига қадар ишонч билдириб, сўнг янги мураббий масаласида музокарага киришмоқчи экани ҳақида хабар берилганди. Раҳбарият футболчилар ва мураббий ўртасида муносабат совуқлашганидан хавотирланмоқда.
Маълумот учун, «Атлетико» сўнгги ўйинда аутсайдер «Леванте»га ютқазиб, Ла Лига турнир жадвалида 39 очко билан 5-ўринда қолди. Клуб кейинги ҳафтада ЕЧЛ 1/8 финали доирасида «МЮ»ни қабул қилади.