22.01.2022 17:57
4541
Италияда «Милан» - «Ювентус», Англияда «Лондон дербиси». Ҳафта ўйинлари анонси

Дам олиш кунлари Европа миллий чемпионатларида марказий учрашувлар кузатилади. Англия Премьер-лигасида мухлислар Томас Тухель ва Антонио Конте мураббийлигидаги жамоалар тўқнашуви гувоҳига айланишса, Италия А Сериясида азалий рақиблар «Милан» ва «Ювентус» ўзаро рўбарў келади.

АПЛ. 23-тур

22 январь (шанба)

МЮ – ВЕСТ ҲЭМ

Ўйин бошланиш вақти: 20:00

ТВ-трансляция: UzReport TV

«Манчестер Юнайтед»нинг жорий йилдаги асосий мақсади мавсум аввалидагидек АПЛдаги чемпионлик эмас, Чемпионлар лигасига йўлланма олишдир. Ральф Рангник шогирдлари сўнгги уч баҳсдан иккитаси «Вулверҳэмптон» ва «Астон Вилла»га қарши ўйинларда бор йўғи бир очкони қўлга киритгач, топ-4лик учун ҳам имкониятларни пасайтиришганди. «Брентфорд»га қарши ҳафта ўртасидаги баҳсда эса ишончли ҳисобдаги ғалабага эришилгач, «Юнайтед» шу ҳафтадаёқ 4-ўринга чиқиб олиш имкониятини қўлга киритди. Бунинг учун «Олд Траффорд» эгалари энг аввало 4-поғонани эгаллаб турган «Вест Ҳэм»ни мағлуб этишлари талаб этилади.

Бугун, 22 январь куни Манчестер клуби ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш олиб бораётган яна бир жамоа «Вест Ҳэм»га қарши майдонга тушади. Баҳс олдидан жамоалар ўртасидаги очколар фарқи 2тани ташкил этаётган бўлса-да, «МЮ» захирасида яна бир учрашув бор. Дэвид Мойес жамоаси 37 очко билан 4-ўриндан жой олган бўлса, «МЮ» 35 очко билан 7-ўринда бормоқда. Рангник шогирдлари бу баҳсда уч очко ололса, «Вест Ҳэм»га қарши ўйинда рақобатчисидан ўзиб кетиш имкониятини қўлга киритади. Шундай экан, «Олд Траффорд»да бизни шиддатли баҳс кутади. Ушбу баҳс олдидан икки жамоада ҳам йўқотишлар мавжуд. Роналду ва Кавани жамоа машғулотларига қайтган бўлса, Погба,Уан-Биссака ва Шоу жароҳатдан тикланиш жараёнида, Линделеф ва Санчо оилавий сабаблари туфайли клубларига ёрдам бера олишмайди. Байи эса Африка кубогида иштирок этмоқда.

Меҳмонлар сафидан эса Огбонна ва Ноблда жароҳат бор, Соучек ва Зуманинг таркибда бўлиши сўроқ остида, Бенраҳма эса Африка кубогида қатнашмоқда.

АПЛ. 23-тур

23 январь (якшанба)

ЧЕЛСИ – ТОТТЕНҲЭМ

Ўйин бошланиш вақти: 21:30

ТВ-трансляция: Futbol TV/UzReportTV

Англияда турнинг марказий учрашуви Лондонда ўтади. «Челси» мухлислари қаршисида азалий рақибларидан бири «Тоттенҳэм»ни қабул қилади. Айни дамда ҳар икки жамоани икки поғона ва 8 очко ажратиб турган бўлса-да, аслида Тухель клубининг айни дамдаги вазияти Антонио Конте жамоасидан яхши эмас. Сабаби «Тоттенҳэм» 8 очко ортда бўлса-да, рақибидан 4та кам ўйин ўтказган ва бу потенциал 12 очко демакдир. Яъни, ушбу баҳсларда Конте жамоаси 12 очко жамлаб «Челси»ни турнир жадвалида ортда қолдириш имкониятига эга. «Челси» Англия лига кубоги доирасида «Тоттенҳэм»ни икки баҳсда ҳам мағлуб этгани жамоага руҳий жиҳатдан устунлик бериши мумкин. Аммо кубок баҳслари билан Премьер-лига учрашуви катта фарқ қилиши барчага аён. Ушбу баҳсда Конте жамоаси турнир жадвалидаги фарқни қисқартириш учун тўп суриши аниқ. Тухель шогирдлари эса АПЛ доирасидаги сўнгги кетма-кет 4 ўйинда ғалаба қозона олишмади – 3 дуранг ва бир мағлубият. Шундай экан, якшанба куни «Стемфорд Бриж»да бизни қизиқарли баҳс кутиб турибди.  

А Серия. 23-тур

23 январь (якшанба)

МИЛАН – ЮВЕНТУС

Ўйин бошланиш вақти: 00:45

ТВ-трансляция: Спорт 

Италия А Сериясида марказий учрашув «Сан-Сиро»да ўтказилади. «Милан» ва «Ювентус» ўртасидаги учрашув нафақат турнинг, балки мавсумнинг энг муҳим тўқнашувларидан бири саналади. Стефано Пиоли ва Массимилиано Аллегри жамоалари ўртасидаги очколари фарқи айни дамда 7 очкога қадар қисқарган. Айниқса, миланликларнинг сўнгги турда «Специя»га кутилмаганда мағлубиятга учраши фақат «Интер» ва «Наполи»ни эмас, қолган даъвогарларни ҳам хурсанд этгани аниқ. Навбатдаги мағлубият «россонерлар» ва «кекса синьоралар» ўртасидаги фарқни 4 очкога етказиши ва «Милан» 3-поғонага пастлаши ҳам мумкин. Шундай экан, «Сан-Сиро»даги шиддат ваъда қилаётган қарама-қаршиликда қизғин курашлар остидаги баҳсни кутсак бўлади. 

Бошқа учрашувлар:

22 январь (шанба)

Ҳоффенҳайм – Боруссия Д (19:30), Интер – Венеция (22:00), Саутҳемптон – Манчестер Сити (22:30), Лацио – Аталанта (00:45), Атлетико – Валенсия (01:00)

23 январь (якшанба)

Арсенал – Бёрнли (19:00), Кристал Пэлас – Ливерпуль (19:00), Наполи – Салернитано (19:00), Реал – Эльче (20:15), Ҳерта – Бавария (21:30), Эмполи – Рома (22:00), ПСЖ – Реймс (00:45), Алавес – Барселона (01:00).

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар