«Зенит» клуби ва Эрон миллий жамоаси форварди Сардор Озмун Европанинг бир қатор клубларидан таклиф олган.
«Матч ТВ» хабарига кўра, эронлик ҳужумчига «Севилья» клуби асосий даъвогарга айланган. Испания клуби таклиф тайёрлагач, спорт директори Рамон Мончи Сардорни кўндириш учун Андалусиядан Санкт-Петербург етиб борган. Қайд этилишича, Озмуннинг ўзи Ла Лига эмас, Премьер-лига ёки Бундеслигада тўп суришни истамоқда.
Эрон миллий жамоаси ҳужумчисига «Севилья»дан ташқари, Франциянинг «Лион», Англиянинг «Ньюкасл», Германиянинг «Байер» клублари ҳам таклиф жўнатган.
Аввалроқ, «Севилья» клуби ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовга қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар берилганди.
Маълумот учун, Сардор Озмун жорий мавсум жами 21 ўйинда 10та гол ва 4та голли узатмага муаллифлик қилган. Унинг питерликлар билан амалдаги келишуви 2022 йилнинг ёзига қадар имзоланган.