Бугун, 25 декабрь куни ўзбек футболининг 2021 йил якунларига бағишланган UZ Football Awards-2021 тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Элдор Шомуродов Ўзбекистоннинг 2021 йилдаги энг яхши футболчисига айланди.
«Рома» клуби ҳамда миллий жамоамиз ҳужумчиси ЎФА президенти Абдусалом Азизов қўлидан совринни қабул қилиб олгач, фикрлари билан ўртоқлашди.
«Очиғини айтсам, бу совринни ютганимдан жуда кўп хурсанд бўлмоқчи эмасман. Чунки 2019 йил дастлабки шундай совринни қўлга киритганимдан кейин менда озроқ «пауза» кузатилганди. Ўйлаб кўрсам, бу борада Одил ака Аҳмедовнинг рекордини янгилай олмас эканман. Бу – ҳазил, албатта.
Ёшлигимдан кўпчилик мухлислар менга ўзбекистонлик ўйинчилар ҳам Европанинг кучли клубларида ўйнай оладими, деб кўп савол беришарди. Италиядаги ўйинларим билан уларнинг саволларига оз бўлса-да, жавоб бера олдим, деб ўйлайман. Бундан кейин ҳам ўз ўйинларим билан мухлисларни хурсанд қилишни мақсад қилганман. Шу билан бирга совринларни ютишни вазифа қилганман.
Бу йил бу совринни олиш борасида омадим келди. Чунки Жалолиддин Машарипов ҳам, Ҳусайн Норчаев ҳам соврин учун муносиб ўйинлар намойиш этишганди. Барчага раҳмат деб қоламан», - дея Элдор Шомуродовнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.
Маълумот учун, «Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси» соврини энг кўп марта Одил Аҳмедовга насиб қилган – 6 марта. Шу билан бирга Аҳмедов 3 маротаба бу борада 2-ўринни олган. Қосимов, Шацких, Бугало, Жепаров ва Шомуродов эса 2 мартадан ушбу совринга эга чиққан.