19.12.2021 20:44
4147
«Орзунинг шонли йўли» якуни. Ўзбек футболи афсонасининг хайрлашувидан фотогалерея

Ўзбекистон миллий жамоасидаги фаолиятини якунлаган Одил Аҳмедов, 18 декабрь куни футболчилик фаолиятини тугатганини расман эълон қилди. Футболчининг фаолиятига бағишланган «Одил Aҳмедов: «Орзунинг шонли йўли» китоби тақдимот маросимида бутун ўзбек футбол оммасини залга йиғган 34 ёшли футболчи кутилмаган қарори билан кўпчиликни ҳайрон қолдирди.

Хайрлашув маросимида ЎФА президентидан тортиб, Одил Аҳмедов билан бирга ишлаган мураббийлар, ходимлар, бирга тўп сурган футболчилар, оила аъзолари, яқинлари, ОАВ ходимлари ва умуман, ўзбек футбол жамоатчилиги йиғилган эди. 

«Ҳар бир нарсанинг боши бўлганидек, охири ҳам бор. Яқинда Ўзбекистон миллий жамоасидаги фаолиятимни якунлаганим ҳақида эълон қилгандим. Бугун эса ўзим учун яна бир қарорни қабул қилдим. Бу қарорга келиш жуда оғир бўлди. Бугун сизларнинг кўз ўнгингизда бутсаларимни михга илиб, футболчилик фаолиятимни якунлаганимни маълум қиламан», - деди футболчи маросимни бошлаб берган нутқида. 

34 ёшли яримҳимоячи фаолиятини якунлаганини расман маълум қилгач, тадбирда сўз ЎФА президенти Абдусалом Азизовга берилди. Футболимиз раҳбари Аҳмедовнинг бу қарорига тайёр эди.

«Ўзбек футболи афсоналаридан бири Одил Аҳмедовнинг фаолиятини якунлашига бағишланган тадбирда йиғилиб турибмиз. Одил ўзбек футболига фидокорона хизмат қилди. Миллий жамоада 108 ўйинда иштирок этиб, фаолиятининг катта қисмида жамоа сардори сифатида ватанпарварлигини намойиш этган ҳолда Биродар Aбдураимов, Миржалол Қосимов сингари футбол афсоналари қаторида ўзбек футболи тарихидан жой олди», - деди Абдусалом Абдумавлонович.

Ўз ўрнида «Пахтакор» раҳбарияти Аҳмедовнинг клуб учун қилган меҳнатларини қадрлаб, у тўп сурган 25-рақамни абадий унга бириктирди.

Шундан кейин яна бир қатор мутахассислар, спорт ва футбол фахрийлари сўз олиб, Одил Аҳмедов ҳақида фикрларини билдиришди. 

Тадбирдан кейин эса 34 ёшли собиқ футболчи ОАВ вакиллари билан суҳбатда қароридан афсусланмаслиги ва энди нима билан шуғулланишини айтди.

«Бугунги қароримдан афсусланмайман, буни тўғри қарорларимдан бири дея оламан. Чунки бунга сабабларим етарли. Узоқ ўйлаб, яқинларим билан маслаҳат қилиб, фаолиятимни тугатишим тўғри қарор бўлади, деган фикрга келдик. 

Фаолиятимга бағишланган китоб ёшларга янги мақсадларга етишиш учун ёрдам бериши мумкин. Чунки унда қийинчиликларни қандай енгиб ўтганим ҳақида ёзилган. 

Энди нима билан машғул бўламан? Биласиз, ўзимни футбол академиям бор, ўша билан жиддийроқ шуғулланиш имкони бўлади. Умуман олганда, футбол ичида бўламан», - дейди Одил.

Tribuna.uz фотомухбирининг хайрлашув маросимидан тайёрлаган эксклюзив фотожамланмасини томоша қилинг.

Суратлар муаллифи - Абдулла Маннонов.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар