ОФК 2023 йил Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё кубоги саралаш босқичининг қуръа ташлаш маросими санаси ва вақтларини маълум қилди.
Унга кўра, қуръа ташлаш маросими 2022 йилнинг 24 февраль куни соат 12:00да Куала-Лумпурдаги ОФК қароргоҳида онлайн тарзда ўтказиладиган бўлди.
Ўзбекистон миллий жамоаси Баҳрайн, Иордания, Қирғизистон, Фаластин ва Ҳиндистон билан 1-саватчадан жой олган.
Саралаш баҳслари 2022 йилнинг июнь ойида марказлашган ҳолда ўтказилади. Гуруҳ баҳслари фақат битта ўйиндан иборат бўлиб, жамоалар ушбу босқичда 8, 11 ва 14 июнь кунлари 3та ўйин ўтказишади.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси 2022 йилнинг 21 январь куни Токиода Японияга қарши, 1 февраль куни эса Янги Зеландия миллий жамоаси билан халқаро ўртоқлик ўйинида майдонга тушиши ҳақида хабар берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси Сречко Катанец қўл остида бунгача 4та ўртоқлик учрашувида Швеция (1:2), Малайзия (5:1), Иордания (0:3) ва Грузияга (0:1) қарши сафарда ўйин ўтказган ва 3 мағлубият ва 1 ғалаба қайд этганди. Миллий жамоанинг кейинги ўйинлари ҳам Тошкент эмас, Токио ва Дубайда ўтказилади.