06.12.2021 15:44
4755
«МЮ»да янги давр, Хавида илк мағлубият, Германияда голлар шоуси. Ҳафта ўйинлари якунлари

Дам олиш кунларида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар.

Осон бўлмади, аммо барибир «Кристал Пэлас» таслим этилди.

Манчестер Юнайтед – Кристал Пэлас 1:0
Гол: 1:0 – 77 Фред.
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Диогу Далот, Магуайр, Линделеф, Теллес, Фред, Бруну Фернандеш (ван де Бек, 86), Мактомини, Санчо (Гринвуд, 62), Роналду, Рэшфорд (Эланга, 76).
Кристал Пэлас – Гуаита, Клайн, Томкинс, Гехи, Митчелл, Шлупп, Куяте (Эзе, 84), Галлаҳер, Айю (Олисе, 84), Заҳа, Бентеке (Эдуар, 67).

5 декабрь куни Ральф Рангник ниҳоят «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи сифатида дебют учрашувини ўтказди. «Қизил иблислар» «Кристал Пэлас»ни қабул қилди.

Германиялик мутахассисдан «Юнайтед»да кўп нарса кутишмоқда. Мавсум охиригача жамоа бошқа бир мураббий билан тўлақонли шартномага келишса ҳам, Рангник яна икки мавсум давомида клубда маслаҳатчи сифатида қолади.

«Мен жамоанинг ҳозирги даражасини қабул қилишим керак. «Манчестер Юнайтед» футболчилари буни англаш учун етарлича тажрибали ва ақлли. Мен икки, уч ёки тўрт ҳафтада футболчиларнинг ҳозирги ҳолатидан кучли прессинг қилувчи машина ярата олмайман. Таркибдаги футболчиларнинг имкониятларига қараш керак. Мен улардан қилишга одатланмаган ишларини талаб қила олмайман. Менинг футболим — албатта вальс тушиш эмас! Мен Юрген Клоппнинг ғояларидан унчалик узоқда эмасман. Буни яширмайман», — деди Рангник илк матбуот анжуманида.

«Кристал Пэлас»га қарши ўйинда 63 ёшли мутахассисдан камида натижа кўрсатиш талаб этиларди. Патрик Виейр шогирдлари бу мавсумда топ даражадаги рақибларни ранжитишга улгурган. Масалан, «бургутлар» Нуну Эшпириту Санту давридаги «Тоттенҳэм»ни йирик ҳисобда таслим этишган (3:0) ва Манчестердаги бошқа стадионда «Сити»ни 2:0 ҳисобида енгишган.

Биринчи бўлим Рангник ўз жамоаси прессинг қила олмаслиги ҳақида янглиш фикрда эканини кўрсатди. «Манчестер Юнайтед» меҳмонларга ўз ҳудудига киришга деярли йўл бермади ва аксар ҳолатларда тўп йўқотилиши билан қайтариб олинди. Шу билан бирга, «Кристал Пэлас» яхши ҳимояланди. Ҳимоячилар Криштиану Роналду томон узатмаларни ўтказишмади, португалиялик футболчи барибир тўпни қабул қилган ҳолларда унинг зарбалари йўлини тўсишди. Роналдунинг терма жамоадаги шериклари яхши вазиятларга эга бўлди, аммо 26-дақиқада Бруну Фернандешнинг зарбаси етарлича кучли бормади, Диогу Далот эса танаффус арафасида Висенте Гуаита қўриқлаётган дарвоза «тўққизлиги»ни нишонга олишда бироз адашди.

Ўйиннинг иккинчи ярмида лондонликлар бироз бошни кўтариш ва майдон марказидан ўтишга муваффақ бўлишди. «Манчестер Юнайтед» имкон берди, «Пэлас» ўйинни кучайтирди, ёки барчаси бир вақтда рўй берди, аммо Гуаита деярли ишсиз ўтирди. Алекс Теллеснинг 69-дақиқада жарима нуқтасидан берган зарбаси тўсинга тегди. «Бургутлар» жавоб қайтариб, Давида Де Хеа дарвозаси олдида юз фоизлик имконият яратишди. 75-дақиқада Жеймс Томкинс рақиб жарима майдонида иккинчи қаватда тўп учун курашда устун келиб, тўпни Жордан Айюнинг оёғига ташлаб берди. Ганалик футболчи дарвозабон ҳудуди атрофидан узоқ бурчак томон зарба берди, аммо тўп бироз хато кетди. «Пэлас»нинг бошқа икки футболчилари тўпга ташланиб, уни керакли йўналишга буриб юборолмади.

Меҳмонлар бу вазият йўққа чиқарилгани учун тезда жазоланишди. Комбинацион ўйин «МЮ»га Лондон клубининг жарима майдонига ёриб киришга имкон бермади, шу туфайли узун узатмалар амалга оширила бошланди. Ўтган турда «Арсенал»га қарши ўйинда хатосини ювган ҳолда ғалабага катта ҳисса қўшган Фред яна катта саҳнага чиқди. Ушбу яримҳимоячи ўзига хос бўлмаган ҳолда ўнг оёқда зарба бериб «Кристал Пэлас» дарвозасининг чап «тўққизлиги»ни аниқ нишонга олди — бу вазиятда Гуаитада тўпни қайтариш учун ҳеч қандай имкон йўқ эди.

Рангник бошчилигидаги илк ғалаба «қизил иблислар»ни АПЛ турнир жадвалида олтинчи ўринга олиб чиқди (еттинчи ўринга тушиб қолган «Арсенал» тур учрашувини бугун «Эвертон»га қарши ўтказади). Рангникнинг ўзи эса Англия чемпионатида дебютида ғолиб бўлган илк германиялик мутахассис бўлди. Ҳатто Томас Тухель ва Юрген Клопп ҳам (бу рўйхатда Магат, Зиверт ва Фарке ҳам бор) бунга эриша олмаганди.

8 декабрь куни «Манчестер Юнайтед» Чемпионлар лигасининг сўнгги турида «Янг Бойз»ни қабул қилади.

«Вест Ҳэм» — «Челси» — 3:2 (Лансини, 40, пенальтидан. Боуэн, 56. Масуаку, 87 — Тиагу Силва, 28. Маунт, 44)

Ўтган турда «Уотфорд» устидан қозонилган ғалабага қарамай Томас Тухель «Челси»нинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилмаганди. Германиялик мутахассисда Лондон дербисидан кейин ҳам шогирдларига саволлар бўлиши тайин, кўклар бу ўйиннинг илк дақиқаларидан майдонда устунлик қилган ва бурчак зарбасидан кейин ҳисобни очган бўлишса-да, ҳимояда ишончли ўйин кўрсата олишмади. Натижада Жоржиньонинг ўз жамоаси дарвозаси томон муваффақиятсиз узатмаси Мендини фол қилишга ва пенальти қўйилишига олиб келди.

Маунт «Челси»ни ҳисобда олдинга олиб чиққани алдамчи таассурот бўлиб чиқди. Бу гол жамоа ҳимоясидаги камчиликларни ёпа олмасди, мезбонлар сафида энг фаол ўйин кўрсатган Боуэн дубль қайд этиши ҳам мумкин эди (пенальтини ҳам айнан у ишлаганди), аммо у Антонионинг узатмасидан кейин тўпни дарвоза бурчагига тўғрилаб юбора олмади. Лекин бу кун «Челси» футболчилари учун эмасди, жамоа мавсумда илк марта бир ўйинда биттадан ортиқ гол ўтказиб юборди, айниқса Менди ишончсиз ўйин кўрсатди.

На дарвозабон, на АПЛда 96-ўйинида илк голини урган Масуаку қанотдан берилган узатма дарвоза тўрининг яқин бурчагига бориб тушишини кутганди. Меҳмонларга жароҳатдан тузалиб қайтган ва Ҳавертц жароҳат олгани туфайли тўлиқ бир бўлим ўйнаш имконига эга бўлган Лукаку ҳам ёрдам беролмади. Сенсацион мағлубият натижасида «Челси» чемпионат пешқадамлигини бой берди, бу турдаги ўйинларини кейинроқ ўтказган рақобатчилар олдинга ўтиб кетишди.

«Вулверҳэмптон» — «Ливерпуль» — 0:1 (Ориги, 90+4)

Юрген Клопп ўйиндан олдин ҳар доимгидек хушчақчақ эди, жонли эфирда шамол унинг ортидаги реклама баннерини ағдариб юборганида ҳазил ҳам қилишга улгурди. Аммо майдон «Ливерпуль»ни у қадар яхши қаршиламади, биринчи бўлим якунигача меҳмонлар бирорта аниқ зарба бера олмади.

Танаффусдан кейин эса ўз туғилган кунида (25 ёш) АПЛда юзинчи ўйинини ўтказган Диогу Жота мавсумнинг энг кулгили вазиятлари ҳит-парадига кирадиган эпизод қаҳрамонига айланди. «Бўрилар» дарвозабони Жозе Са тўпга чиқишда хатога йўл қўйгач, португалиялик форвард тўп билан дарвоза қаршисига борди, аммо у тўпни дарвоза чизиғида турган Коадига қарата тепди. Балки Жота собиқ жамоаси «Вулверҳэмптон» раҳбариятига кучли зарбаси билан ниманидир исботламоқчи бўлгандир, аммо у тўпни шундай куч билан тепгани хато бўлиб чиқди.

Шундан кейин ҳам мерсисайдликлар қатор вазиятларни йўққа чиқарди ва барча «Ливерпуль» бу кеча гол ура олмаслигига амин бўлаёзганди. Аммо Клоппда доим қийин паллаларда ёрдамга келувчи сеҳрли таёқча бор. Ориги жуда кам майдонга тушади, аммо у сўнгги дақиқаларда муҳим голлар уриш қобилиятига эга. Қолаверса, унга аъло даражада тўп етказиб берувчи Салоҳ бор, бундай узатмалардан фойдаланмасликнинг имкони йўқ. Мисрлик футболчи нафақат ғалаба голини уюштирди, балки ўз юбилейини ҳам расмийлаштирди, у АПЛ ўйинларида гол ва паслар бўйича 150 балл (108+42) тўплаб улгурди.

«Уотфорд» — «Манчестер Сити» — 1:3 (Эрнандес, 74 — Стерлинг, 4. Бернарду Силва, 31, 63)

«Ливерпуль» бир муддат пешқадамлик қилиб тургач, турнир жадвалининг юқори ўрнига амалдаги чемпион қайтди, «шаҳарликлар» навбатдаги ўйинда қийинчиликсиз ғалаба қозонди ва мавсум бошидан буён илк бор биринчи ўринга чиқди. Уотфордга Клаудио Раньери келгач, «Эвертон» ва «МЮ» каби жамоалар йирик ҳисобларда мағлуб этилди, сўнгги турларда «Лестер» (2:4) ва «Челси»га (1:2) жанг таклиф этилди. Аммо «Сити»га бундай номер ўтмади. Қолаверса, Хосеп Гвардиола учун «қовоғарилар» — Англиядаги энг қулай рақиблардан биридир. Агар барча турнирлар ҳисобга олинса, «Сити» «Уотфорд»ни қаторасига 10 ўйинда мағлубиятга учратган (тўплар нисбати 42-4). Ўйиннинг безаги — Бернарду Силванинг «тўққизлик»ка йўлланган кучли зарбаси бўлди, яна асосий таркибнинг алмаштириб бўлмас футболчисига айланаётган Стерлинг эса АПЛдаги голлари сонини 100тага етказиш арафасида.

Испания: «Реал» Бенземани йўқотди, Хавида илк мағлубият

Фото: ERIC ALONSO/GETTY IMAGES

«Реал Сосьедад» — «Реал» — 0:2 (Винисиус Жуниор, 47. Йович, 56)

Яқин вақтгача чемпионатда пешқадамлик қилиб келган «Реал Сосьедад» янги пешқадамни қабул қилди. Сан-Себастьянда турнинг марказий учрашуви ўтказилиши аён эди, аммо бу ўйин бошидаёқ Бензема билан ёқимсиз ҳолат рўй берди. Ла лиганинг энг яхши футболчиси ва тўпурари бўлиб турган француз ўзини алмаштиришларини сўради ва Карло Анчелотти жамоаси кучсизланди. Йович — унинг ўрнини боса олиши бироз шубҳали эди.

Шундан кейин жамоа Винисиус Жуниорнинг жасорат кўрсатишидан умид қилиши мумкин эди ва бразилиялик футболчи уялтириб қўймади, у иккинчи бўлим бошида ҳисобни очиб, чемпионатдаги голлари сонини 10тага етказди. Йович эса бу вазиятда танаси билан тўпни яширган ҳолда Бензема услубида пас бериб, танқидчиларига жавоб қайтарди. Сербиялик ҳужумчи жарима майдони марказида туриб, хато зарба берган ҳолда ўзининг илк голли имкониятидан фойдалана олмаган бўлса-да, бир неча дақиқа ўтгач, бурчакдан тўп узатилган вазиятда Каземиро ташлаб берган тўпни дарвозага йўллади. Мадрид орадаги фарқни оширмоқда, басклар эса Чемпионлар лигаси квартетидан тушиб қолди.

«Барселона» — «Бетис» — 0:1 (Хуанми, 79)

Сўнгги йилларда бу рақибларнинг ўзаро ўйинларида ҳаддан ташқари кўп гол урилган — 31 ўйинда 140 гол. Бир ўйинга ўртача 4,5тадан гол тўғри келади. Аммо бу сафар «Барса»га ижодкор футболчилар етишмади. Хави Френки де Йонгни ЕЧЛда «Бавария»га қарши ўйин учун асрашга қарор қилди. Ўйин арафасида «Камп Ноу»да аёл футболчилар учун «Олтин тўп»ни қўлга киритган Алексия Путельяс билан бирга 2021 йилнинг энг яхши ёш футболчиси учун берилган совринини намойиш этган Педри эса ҳамон ўйнашга тайёр эмас. Жамоадаги бошқа бир вундеркинд — Гави эса биринчи бўлим ўрталаридаёқ майдонни шифокорлар кўмагида тарк этишга мажбур бўлди.

Хави бошқарувидаги «Барселона» ҳали янги мураббий футболига энди ўрганмоқда, «Бетис» эса Мануэль Пеллегринининг ғояларини аллақачон ўзлаштирган. Севилияликлар ўзлари нима исташини ва бунга қандай эришиш мумкинлигини аниқ билишади. Меҳмонлар ҳал қилувчи ҳужумни намунали равишда «3га 3» ҳолатида ташкил этишди, Хуанми шундай позицияга чиқиб бордики, у худди машғулотлар вақтидаги каби осонлик билан гол урди.

2008 йилдан буён «Барса»га қарши ўйинларда ғалабага эришмаган Пеллегрини учун бу идеал ўйинлардан бири бўлди. Ўшанда чилилик мутахассис «Вильярреал»да ишлар, шундан кейин унинг бошқарувидаги жамоалар каталонияликларга қарши ўйинларда 16 бор мағлуб бўлиб, икки бор дуранг ўйнади. Ҳозир эса вазият бутунлай бошқача. «Бетис» бу ғалаба эвазига учинчи ўринга кўтарилди, Хави бошқарувга келгач илк бор мағлубиятга учраган кўк-анорранглилар эса ҳамон еврокубоклар ҳудудидан ташқарида.

«Севилья» — «Вильярреал» — 1:0 (Окампос, 16)

«Атлетико» — «Мальорка» — 1:2 (Матеус Кунья, 68 — Руссо, 80. Кубо, 90+1)

Ла лигада тур ўйинлари «Севилья»нинг собиқ бош мураббийи Унаи Эмерининг ҳозирги жамоаси устидан ғалабаси билан бошланганди. «Сариқ субмариналар» турнир жадвалининг иккинчи қисмидан чиқа олишмаяпти ва бир ойдан буён ла лигада ғалабага эришмади (=1-3). Бу эса жамоани босим остида қолдирмоқда ва «Вильярреал»нинг энг яхши тўпурари Жерар Морено эса бу ўйинда уддалаб бўлмас ишни қилди - бир метр масофадан туриб бўш дарвозани ишғол этолмади. Юқори спорт формасига чиқаётган Окампос эса ҳал қилувчи паллада хато қилмади ва «Рамон Санчес Писхуан»да қаторасига учинчи ўйинда гол урди.

Андалусияликлар иккинчи ўринга кўтарилди, чунки «Атлетико» «Реал»нинг асосий таъқибчисига айланиб олиш имкониятини қўлдан чиқарди. «Матрасчилар» одатда рақибга ўз қўлидаги ғалабани бериб қўймайди, аммо Матеус Куньянинг катта қийинчиликлар билан урган голи ғалаба голи бўла олмади. Мадрид клуби тарихида энг узоқ вақт давомида биринчи рақамли посбон бўлиб келаётган Облакнинг кайфиятини (244 ўйин) меҳмонларнинг марказий ҳимоячиси Руссо йўққа чиқарди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди ва ўйин охирида Диего Симеоне шогирдлари қулай вазиятни йўққа чиқарди, трансфер ҳуқуқи «Реал»га тегишли бўлган япониялик Кубо эса сўнгги дақиқаларда ғалаба голини урди.

Италия: «Рома»да йирик мағлубият, «Наполи» энди етакчи эмас

«Милан» — «Салернитана» — 2:0 (Кессье, 5. Салемакерс, 18)

Чап тиззасидаги хочсимон боғлами жароҳати туфайли миланликлар мавсумдаги энг яхши ҳимоячиси Кьерни мавсум якунига қадар йўқотди. Аммо «Салернитана» бундай йўқотишнинг ўрни сезиладиган рақиб эмас. Ўйиндан олдин даниялик футболчини қўллаб-қувватлаб акция ўтказган Стефано Пиоли жамоаси ўйиннинг дастлабки қисмидаёқ В Сериядан чиққан жамоага икки гол урди. 18-дақиқага келиб камида Неаполдаги ўйин бошлангунча «Милан» турнир жадвали етакчиси бўлиб туриши аниқ бўлиб улгурди.

«Россонери»да келгусида ҳимояда муаммолар бўлиши мумкин, аммо жамоада рақиблар дарвозаларини ишғол этиши мумкин бўлган футболчилар рўйхати кенг. Салемакерс — жамоанинг жорий чемпионатда камида битта гол урган ўн тўртинчи футболчисига айланди. Топ-5 чемпионатларида бу борада яхшироқ кўрсаткич фақат «Челси»да (16).

«Рома» — «Интер» — 0:3 (Ҳоқон Чалхонўғли, 15. Джеко, 24. Дюмфрис, 39)

Чемпионларга қарши ўйин олдидан Ўзбекистондан келган делегация Жозе Моуриньони зиёрат қилиб, унга миллий либослар ва буюмлар совға қилишди. Римликлар жамоасида айни вақтда жароҳатлар, дисквалификация ва коронавирус туфайли ҳужум чизиғида танлов қолмаган ва бу совға-саломларсиз ҳам Шомуродов бошланғич таркибда тушиши тайин эди.

Аммо майдонда «бўрилар» ҳужум чизиғи деярли имкониятларга эга бўлмади. Аниқроғи «Интер» бир бош баланд бўлгани учун мезбонларда ҳужумга чиқишнинг ўзи ҳам муаммога айланди. Бурчакдан тўп узатилган вақтда Ҳоқон Чалхонўғли икки ҳимоячидан ўтиб келган тўпни товони билан дарвоза тўрига жойлади. Меҳмонларнинг иккинчи голли комбинацияси ҳам мазхаромуз чиқди, Джеко эса ўзини норози қилиб жўнатишган бўлса-да, собиқ жамоасига урган голини нишонламасликка қарор қилди. «Рома» шунчаки иложсиз ҳолатда қолди, «нерадзурри» эса қаторасига тўрт ўйинда ғалаба қозонгач, пешқадам «Милан» билан орадаги фарқни биттагача қисқартирди.

«Наполи» — «Аталанта» — 2:3 (Зелиньски, 40. Мертенс, 47 — Малиновский, 7. Мерих Демирал, 66. Фройлер, 71)

Неаполитанликлар «Сассуоло»га қарши ўйиндаги ҳаракатларини давом эттиришди, ўтган турда Лучано Спаллетти жамоаси ўйин охирида икки гол устунлигини бой беришганди. Бу сафар эса муаммолар ўйин бошидаёқ давом этди, Малиновский Сапатанинг узатмасидан кейин узоқ масофадан туриб кучли ва аниқ зарба йўллади. Ўйинидаги пасайиш таркибдаги муаммолар билан изоҳланаётган «Наполи» эса Зелиньскининг голи билан жавоб қайтарди.

Иккинчи бўлим бошида Мертенс бергамолик ҳимоячиларни доғда қолдириб, жамоани олдинга олиб чиқди. Ўйиннинг қайсидир паллаларида мезбонларнинг омади келди, Сапатанинг зарбаси устунга тегди, бошқа бир вазиятда арбитр видеотакрордан кейин мезбонлар дарвозасига қўйилган пенальтини бекор қилди. Аммо Мерих Демирал марказий ҳужумчи позициясида пайдо бўлиши «Наполи» учун ёқимсиз сюрпризга айланди.

Неаполитанликлар қаторасига иккинчи ўйинда сўнгги қисмни жуда бўш ўтказишди. Жан Пьеро Гасперини жамоасида айни вақтда захира ўриндиғи кучли ва захирадан қўшилганлар исталган вақтда ўйинни кучайтира олишади. Бу сафар жокер ролини Иличич аъло даражада ижро этди, у тўпни қулай ташлаб бергач Фройлер ғалаба голини урди, қўшимча дақиқаларда эса янада қулай вазиятда Петанья берган зарба дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди. «Наполи» бир ҳафта ичида беш очко ва биринчи ўринни бой берди, Миланнинг икки жамоаси олдинга ўтказиб юборилди, қаторасига беш ўйинда ғалаба қозонган «Аталанта» эса жуда яқин масофада таъқиб қилмоқда.

Германия: Ҳуммелснинг муваффақиятсизлиги ва Шикнинг покери

«Боруссия» Д — «Бавария» — 2:3 (Брандт, 5. Ҳоланд, 48 — Левандовски, 9, 77, пенальтидан. Коман, 44)

Мюнхенликлар баъзида бўшашиши мумкин, аммо кимдир ички аренада уларнинг позициясига хавф сола бошласа, жамоа том маънода қутуради. «Бавария» ўзининг энг яхши версиясига қайтади ва рақибни яксон қилади, октябрь ойида бу ҳолат Леверкузеннинг «Байер» клубига қарши ўйинда содир бўлганди (5:1). Аммо «Боруссия» бундай аччиқ тажрибани ўзида  синаб кўришни истамади ва немис класикоси Брандтнинг тезкор голи билан бошланди.

Дортмундликлар баварлар прессингидан чиқа олишса, уларнинг тезкор ҳужуми жуда хавфли қуролга айланади. Лекин меҳмонлар биринчи бўлимда тўпга эгалик қилишда дарс ўтишди. Левандовски эса бундеслиганинг янги рекордини ўрнатди, у бегона майдонларда урган голлар сони 118тага етди. Команнинг голи — мезбонлар ҳимоясидаги қўпол хато туфайли юзага келди, тўпни узоқлаштиришга уриниш вақтида тўп Ҳуммеслга тегиб, йўналишини ўзгартирди ва франциялик футболчига бориб тушди.

Аммо Марко Розе танаффусда жамоасини яна руҳлантира олди ва иккинчи бўлим ҳам биринчиси каби бошланди. Левандовскидан ортда қолишни истамаган Ҳоланд тўпни айлантириб, узоқ бурчакка жойлади ва ўз графигини давом эттирди. У бундеслиганинг 51 ўйинида — 51 гол урган. Лекин «асаларилар»нинг хурсандчилиги узоқ чўзилмади, аввалига арбитр Ройснинг рақиб жарима майдонида йиқилишида фол кўрмади, кейин Брандт иккинчи бўлим ўрталарида майдонни замбилда тарк этди.

Оқшомнинг асосий антиқаҳрамони Ҳуммелс бўлди. Видеотакрор бурчак зарбаси ижро этилган вақтда у тўпни узоқлаштиришда қўлини ишлатганини кўрсатди ва ҳал қилувчи пенальти белгиланди. Розе норозилик билдирди ва арбитр томонидан трибуна остига жўнатилди, Ҳоланднинг алмаштирилиши ва ўйинга 10 дақиқа қўшиб берилиши ҳам дортмундликларга ёрдам бермади. Аксинча, қўшимча дақиқаларда меҳмонлар яна гол уришга яқин келди, аммо Толиссо бўш дарвозани ишғол этолмади. Аммо унинг голисиз ҳам «Бавария» принципиал рақибни қаторасига еттинчи ўйинда ҳам мағлуб этиб, турнир жадвалида бу рақибдан тўрт очкога ўзиб кетишни уддалади, Левандовски эса яна бир бор замонанинг энг яхши марказий ҳужумчиси ким эканини кўрсатди.

«Байер» — «Гройтер Фюрт» — 7:1 (Адли, 12. Тапсоба, 17. Хинкапье, 45. Шик, 49, 69, 74, 76 — Дудзияк, 33)

Бу вақтда Леверкузен учинчи ўринни мустаҳкамлаб олди. Жума куни «Унион» «Лейпциг»ни мағлуб этиб тўртинчи ўринга кўтарилгач (тур якунларига кўра жамоа яна олтинчи ўринга тушиб кетди), «аспиринчилар» бундеслиганинг асосий аутсайдерини осонлик билан тор-мор келтирди. «Гройтер Фюрт» қаторасига 12-ўйинда мағлуб бўлиши ўйин бошидаёқ аниқ бўлиб улгурди, Шик эса ҳисобни шармандали кўринишга келтирди. Бир ойлик танаффусдан кейин формасини тиклаётган чехиялик форвард «Байер» тарихида бундеслигадаги илк покерни қайд этди ва бир кечада голлари сонини 12тага етказган ҳолда, чемпионат тўпурарлари сафида иккинчи ўринга чиқиб олди.

Бу тур Германияда голлар шоусига айланди - 9 ўйинда жами 43та гол урилди. Яқинда «Бавария» дарвозасига жавобсиз 5 гол йўллаган «Боруссия» М «Фрайбург»га қарши ўз майдонида кечган ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ 6та гол олиб чиқди.

Франция: Мбаппе жокер ролида

«Ланс» — «ПСЖ» — 1:1 (Фофана, 62 — Вайналдум, 90+2)

Ўтган турда парижликлар сафида дебют қилган Серхио Рамоснинг муаммолари давом этади. Ҳафта ўртасидаги танаффус мантиқий кўринган бўлса-да, эндиликда испаниялик футболчининг мушакларидаги муаммо жиддийроқ экани маълум бўлди, шу туфайли у фақат якшанба кунига келиб машғулотларга қайтадиган бўлди. «ПСЖ» мавсумнинг катта қисмини Рамоссиз ҳам ўтказганди, ҳозирда Маурисио Почеттино жамоасига ҳимоядан кўра ҳужумдаги голлар муҳимроқ.

Лекин мураббий Мбаппени захирада қолдиришга қарор қилди, Икардини майдонга тушириб, ҳужумда аргентиналиклар триосини ўйнатди. Аммо Мессининг зарбалари ўхшамади, Ди Мариянинг яқин масофадан йўллаган кучли зарбасини дарвозабон тўсди, «Ланс»нинг меҳнаткаш футболчилари ўз мақсадига эришди. Тўпни йўқотган Месси ҳакамнинг ҳуштаги чалинишини кутиб газонда ўтирганида, Фофана узоқ масофадан йўллаган зарбаси билан олдинроққа чиқиб кетган Кейлор Навасни тўпни дарвозасидан олиб чиқишга мажбур этди.

Мезбонлар қолган вақт давомида ҳисобдаги устунликни мустаҳкамлаши ҳам мумкин эди, аммо «ПСЖ» каби рақибга қарши ўйинда кўп имконият берилмайди. Мбаппе эса барибир жамоани фиаскодан қутқариб қолди, ўйиннинг қўшимча дақиқалари ўтаётган паллада у тўпни Вайналдумнинг бошига қўндириб берди. Қўшимча дақиқалар якунига қадар Месси жарима зарбасидан гол уриши мумкин эди, аммо бу ҳолда ўйин натижаси адолатли бўлмасди. «Ланс» очкога муносиб ўйнади, аргентиналик футболчи эса мавсумдаги энг ёмон ўйинини кўрсатди ва ўйиндан кейин L’Équipe нашри унга 4 баҳо қўйди - бу ўйинда қатнашган барча футболчилар орасидаги энг паст баҳо эди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар