03.12.2021 15:02
7779
Роналду 800-голини урди, «Ливерпуль» рекордларни қайта ёзмоқда, «Реал» яққол пешқадам. Ҳафта ўйинлари якунлари

Ҳафта ўртасида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар.

«Манчестер Юнайтед» Кэррикнинг сўнгги учрашувида «Арсенал»ни енгиб, ЕЧЛ ҳудудига яқинлашди

Манчестер Юнайтед — Арсенал 3:2
Голлар: Фернандеш (44), Роналду (52, 70 пенальти) — Смит-Роу (13), Эдегор (54).
Манчестер Юнайтед — Де Хеа, Далот, Линделёф, Магуайр, Теллес, Фред, Мактоминей, Рэшфорд (Лингард, 79), Санчо, Фернандеш (ван де Бек, 90), Роналду (Марсиял, 88).
Арсенал — Рамсдэйл, Габриэл, Уайт, Томиясу, Тавареш, Томас, Эл-Ненни, Смит-Роу (Сака, 70), Мартинелли, Эдегор (Нкетиа, 79), Обамеянг (Ляказетт, 79).
Огоҳлантириш: Мактоминей (45+1).

Ральф Рангникнинг виза билан боғлиқ муаммолари туфайли манчестерликларни бу ўйинда ҳам Майкл Кэррик бошқарди. «Челси»га қарши ўйинда Криштиану Роналдуни захирада қолдирган Кэррик бу сафар уни бошланғич таркибга қайтарди. Далот ва Магуайрни ҳам. Сардор дисквалификация туфайли «Челси»га қарши ўйинни ўтказиб юборганди, «Стэмфорд Бриж»да Байи кучли ўйин намойиш этди, аммо Кэррик уни захирада қолдириб, Магуайрни туширишга қарор қилди.

«Арсенал»да ҳам бошланғич таркибда сюрпризлар бўлди: Ўйинга тўла тайёр бўлмаган Сака захирада қолди, Локонга ҳам. Ўйинни илк дақиқалардан Эль-Ненни бошлади — бунгача у чемпионатнинг жорий мавсумида фақат бир марта захирадан ўйинга қўшилганди.

«Арсенал» АПЛда бунгача қаторасига олти ўйинда «МЮ»га ютқазмаганди. Бу сафар ҳам ўйинни кучли бошлади — мезбонлар дарвозаси томон кетма-кет бурчак зарбалари белгиланди ва улардан бирида мавсумнинг энг резонансли голларидан бири урилди. Ташқаридан қараганда барчаси оддий: «стандарт» вақтида Фред Де Хеанинг оёғини босиб олди ва испаниялик посбон йиқилиб, оёғини ушлаб ётди. Арбитр Мартин Аткинсон дарвозабонга тиббий ёрдам кераклигини кўрмади ва ўйин давом эттирилди, Смит-Роу эса жарима майдони ташқарисидан туриб зарба йўллади, тўп бўш қолган дарвоза тўрига бориб тушди.

Аткинсон Де Хеага шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилаётган маҳалда видеоассистентлар билан маслаҳатлашди, ёрдамчилар эса унга «Арсенал» футболчилари томонидан қоидабузарлик содир этилмаганини ва голни ҳисоблаш мумкинлигини айтишди.

Лекин бу эпизодда этика масаласи бор. Смит-Роу дарвозабон йиқилиб ётганини кўрган-кўрмагани номаълум, аммо «Арсенал» футболчилари ва Артета голни қизғин нишонлашди. Шу билан бирга, агар Де Хеа йиқилиб қолмаганида, бу зарбани қайтариши ҳам кафолатланмаганди. Бундай вазиятда Артета футболчиларига гол ўтказиб беришни кўрсатма қилиши керакмиди? «Лидс» бош мураббийи Марсело Бьельса 2019 йил апрелида шунга ўхшаш вазиятда «Астон Вилла» футболчилари жавоб голини уриши учун шароит яратиб берганди, аммо шу қарори туфайли жамоанинг АПЛга чиқиши бир йилга кечикканди. Ўшанда дарвозабон эмас, майдондаги футболчи газонга ётиб қолганди, аммо аргентиналик мураббий ўз жамоаси урган голни ҳаққоний деб топмаганди. Бу сафар эса Артета сукут сақлади, шундай экан фейр-плей ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди.

Бу гол «Юнайтед»нинг жаҳлини чиқарди. Ўйининг дастлабки 15 дақиқалигида мезбонлар ўзларига ўргатилгандек футбол ўйнашган бўлса, кейин фақат олға интилишди. Афтидан, мезбонлар энди ўйинга бутунлай бошқача ёндаша бошлашди — «Арсенал»нинг голидан кейин «МЮ» рақиб футболчиларининг жароҳат олишига бефарқлик билан қаради — биринчи бўлим давомида «Юнайтед» ҳужум уюштираётган вақтда лондонлик футболчилар жароҳатланиши билан боғлиқ икки эпизод кузатилди, бу вақтда рақиб ўйинни давом эттирди.

Мезбонлар ўз голини барибир уришди: Фред хатосини ювди ва Бруну Фернандешга голли узатма берди. Танаффусдан кейин «МЮ» юбилейни ҳам нишонлади: Криштиану «Юнайтед»ни олдинга олиб чиқди ва шу билан бирга фаолиятидаги 800-голини урди.

Ўйин давомида Роналду навбатдаги голини пенальтидан урди, аммо португалиялик футболчининг икки голи орасида Эдегор ҳисобни тенглаштирганди. Шу билан бирга, норвегиялик футболчи кўп ўтмай жарима майдони ичида Фредга қўполлик қилди ва Аткинсон видеотакрорлардан кейин 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Роналду ҳисобни 3:2 кўринишига келтирди.

Бу ўйинда икки жамоада ҳам мудофаа чизиғида муаммолар кузатилди, ўйинда бешта гол урилгани ҳам шуни кўрсатиб турибди. Айтиш мумкинки, «Арсенал» мағлубиятга лойиқ эмасди, ҳисоб 3:3 бўлиши мантиқий ҳам эди. Аммо Де Хеа бунга рози бўлмади — айнан у Обамеянгнинг яқин масофадан йўллаган зарбасини тўсди ва «Манчестер Юнайтед» учун уч очкони сақлаб қолди.

«Қизил иблислар» муҳим ғалабага эришди ва Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи тўртинчи ўрин билан орадаги фарқни учтагача қисқартирди.

Англия: Уотфордда мухлиснинг ҳаёти сақлаб қолинди

«Уотфорд» — «Челси» — 1:2 (Деннис, 43 — Маунт, 29. Зиёш, 74)

Англия чемпионатининг жорий мавсумида иккинчи бор мухлиснинг соғлигидаги муаммо туфайли ўйин тўхтаб қолди. Бундай ҳолат илк бор «Ньюкасл» — «Тоттенҳэм» учрашувида кузатилганди, бу сафар эса ўйиннинг 13-дақиқасида танаффус қилишга тўғри келди. Бу сафар ҳам футболчилардан бири ҳакамни трибунадаги ҳолат ҳақида хабардор қилди, «Челси» ҳимоячиси Алонсо шифокорларни ёрдамга юборди. Мухлислардан бирининг юраги тўхтаб қолганида арбитр ўйинни тўхтатиб турди, шифокорлар уни ўзига келтириб, бемор шифохонага олиб кетилгач, ўйин давом эттирилди.

Бу танаффусдан кейин «Челси» ўйинни кучайтирди ва ҳужумлардан бири Маунтнинг аниқ зарбаси билан якунланди. Аммо «Уотфорд» Клаудио Раньери келганидан кейин нафақат рақиб ҳамлаларини қайтариш билан, балки фаворитларга кўнгилсизлик келтириш билан ҳам шуғулланмоқда. «МЮ» ва «Лестер»га қарши ўйинларда ҳам дарвозани ишғол этган Деннис бу ўйинда чиройли гол билан серияни давом эттирди. У тўпни Рюдигернинг оёқлари остидан ўтказди ва кейин Мендига ҳеч қандай имкон қолдирмаган ҳолда зарба йўллади. Аммо бу дуранг учун етарли бўлмади, иккинчи бўлимда Маунт Зиёш билан комбинацияда яна бир голни юзага келтирди.

«Астон Вилла» — «Манчестер Сити» — 1:2 (Уоткинс, 47 — Рубен Диаш, 27. Бернарду Силва, 43)

Стивен Жеррард Бирмингемда фаолиятини икки ғалаба билан бошлаганди, аммо «Манчестер Сити» — бутунлай бошқа даража. Буни Бернарду Силва ижросидаги иккинчи голдан ҳам билса бўлади, бу гол урилган комбинацияни футбол ўқув қўлланмаларига киритиш мумкин. Меҳмонлар прессингидан қандай чиқиб кетиш бўйича дарс ўтишди, португалиялик футболчининг тўпни тўхтатмасдан зарба бериши чиройли якун бўлди, биринчи бўлимда тўлиқ устунлик қилган «шаҳарликлар» шунга мос ҳисобда танаффусга йўл олишди.

Иккинчи бўлим ҳам «Астон Вилла» янги мураббий ҳали кўп иш қилиши кераклигини кўрсатди. Мезбонлар гол уриб ҳисобни тенглаштирган бўлса-да, ўйиннинг қолган қисми ҳам чемпионлар назоратида кечди ва улар бу ўйинда ғалаба қозонишига ҳеч қандай шубҳа уйғонмади. Хосеп Гвардиола эса майдонга яқин вақтгача бирмингемликларнинг кумири ҳисобланган Грилишни майдонга туширди, футболчини майдондаги мухлисларнинг бир қисми олқишлашди, қолгани — ҳуштакбозлик қилишди.

«Эвертон» — «Ливерпуль» — 1:4 (Грэй, 38 — Ҳендерсон, 9. Салоҳ, 19, 64. Диогу Жота, 79)

Дерби арафасида қизилларда барчаси жойида эди, «ирислар» эса қаторасига етти ўйиндан (бу қарийб икки ойга тенг) буён ғалаба қозона олмаётганди. Рафаэль Бенитес собиқ клубини мағлуб этишга ҳаракат қилишини айтди, аммо ҳозирда «Эвертон» ва «Ливерпуль» ўртасида фарқ катта. Ҳендерсон жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси билан ҳисобни очиб берди, 10 дақиқа ўтиб Салоҳ ҳимоячилардан қочиб кетиб, дарвозабонни ожиз қолдирди.

Гап урилган голлар ва йирик ҳисобда ҳам эмас, Юрген Клопп жамоаси жуда кучли ўйин кўрсатди. Лекин мезбонлар дербига мос бўлишга ҳаракат қилишди ва Грэй «Эвертон»нинг сўнгги ойдаги илк голига муаллифлик қилди. Аммо интрига узоқ сақланиб қолмади — Салоҳ навбатдаги солони намойиш этди. Диогу Жотанинг ўткир бурчакдан йўллаган зарбаси эса принципиал рақибнинг камситилишигаайланди. «Ливерпуль» ғалаба қозониб, Англияда абадий қоладигандек кўринган икки рекордни янгилади.

Қизиллар қаторасига 18 ўйиндан буён камида икки гол уриб ғалаба қозонмоқда, бу орқали «Сандерленд»нинг 1926/27 йиллар мавсумидаги натижаси яхшиланди. Худди шундай кўрсаткич сафардаги қаторасига 14 ўйинда қайд этилди ва бу борада «Престон»нинг 1888/89 йиллар мавсумдаги рекорди янгиланди.

Италия: «Милан» «Наполи»га деярли етиб олди

«Женоа» — «Милан» — 0:3 (Ибраҳимович, 10. Жуниор Мессиас, 45+1, 61)

Ҳар қандай қоидада истисно ҳолатлар бўлади, шу туфайли чемпионатнинг 18- ва 2-ўринларидаги жамоалар тўқнашуви диққат марказига тушди. Бу оқшомда Андрей Шевченко мураббий сифатида ўзининг собиқ жамоасини меҳмон қилди. Россонерилар афсонасига тақвим жуда ёмон келди, ўтган дам олиш кунларида Италиядаги мураббийлик фаолиятини «Рома»га қарши ўйин билан бошлаган мутахассис навбатдаги турда «Ювентус» меҳмони бўлади.

Ҳафта ўртасидаги турда эса «грифонлар» Милан клубини қабул қилди ва жамоага рақиб таркибидаги муаммолар ҳам ёрдам бера олади. Бу ўйинда миланликлар етакчиларидан бири Кьер майдонни замбилда тарк этишга мажбур бўлди. Бу йўқотишдан беш дақиқа ўтиб Ибраҳимович жарима зарбасини аъло даражада ижро этди, дарвозабон «тўққизлик» томон учган тўпга томошабин бўлишдан ўзга чора тополмади. Ёши ўттиздан ўтганда юлдузга айланаётган Жуниор Мессиас эса бу ўйинда дублни нишонлаб, йирик ҳисобдаги ғалабани таъминлади.

«Интер» — «Специя» — 2:0 (Гальярдини, 36. Мартинес, 58, пенальтидан)

«Болонья» — «Рома» — 1:0 (Сванберг, 35)

Амалдаги чемпионлар ортиқча куч сарфламасдан уч очкони қўлга киритди, лекин ўйиндаги голлар чиройли урилди. Ҳисобни очган Гальярдинининг якунловчи зарбасидан ҳам кўра Лаутаро Мартинеснинг товон билан узатган пасини эътироф этмоқ керак. Умуман, «Интер» учун барчаси хотиржам кечди, аргентиналик форварднинг ўзи ҳам иккинчи бўлимда пенальтини аниқ ижро этди, «нерадзурри» Симоне Индзаги бошқаруви даврида илк бор уч ғалабадан иборат серия қайд этди.

Болоньяда эса «Рома» жиддий қийинчиликка учради, лекин бу ўйинда мезбонларда ҳам муаммолар бор эди. Дебютдаёқ Синиша Михайлович зарбдор форварди Арнаутовичдан айрилди ва Сванберг ҳам тўқнашувда кичик жароҳат олди. Аммо швед футболчи тезда ўзига келди ва кейинроқ айланма зарбаси билан ҳисобни очди.

«Рома»да эса ҳеч кимда, шу жумладан иккинчи бўлим бошида Ал-Шаъровий жароҳат олгач, унинг ўрнига майдонга тушган Шомуродовда ҳам дарвозани ишғол этиш имконияти юзага келмади. Меҳмонлар сафидаги энг фаол футболчи Мхитарян бўлди, аммо унинг зарбалари дарвозабон томонидан қайтарилди, арманистонлик футболчи рақиб жарима майдони ичида йиқитилганида эса, арбитр қўйилган пенальтини офсайд туфайли бекор қилди.

«Сассуоло» — «Наполи» — 2:2 (Скамакка, 71. Феррари, 89 — Фабиан Руис, 51. Мертенс, 59)

Чемпионат пешқадами бу мавсумда фаворитлардан очко тортиб олиш билан машғул бўлаётган «Сассуоло» меҳмони бўлди. Октябрь ойида «Ювентус» устидан қозонилган ғалабадан кейин қора-яшиллар бир ой мобайнида ғалаба нималигини билмади, аммо кейин уларнинг йўлидан «Милан» чиқди ва бу жамоанинг мағлубиятсиз сериясига барҳам берилди. «Наполи» иккинчи бўлим бошида икки гол урганида мезбонлар ўз анъанасини давом эттиришини кўпчилик ишонмаётганди.

Дастлаб Скамакка ҳимоячилар қуршовида турган ҳолда тўпни кўкраги билан тўхтатди ва уни дарвоза тўсини остидан тўрга жойлади, ўйиннинг асосий вақти тугашига бир дақиқа қолганида Феррари Берарди узатмасидан фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди. «Сассуоло» ғалабани илиб кетиши ҳам мумкин эди, аммо учинчи гол ВАР аралашуви туфайли бекор қилинди, арбитр ҳужум бошланишида қилинган фолни ўтказиб юборганди.

Алессио Дионизи жамоаси бир неча кун фарқи билан чемпионат етакчиларини беш очкодан маҳрум этди, энди «Наполи» ва «Милан»ни турнир жадвалида атиги бир очко ажратиб турибди.

Испания: Мадрид савия эвазига устун келди

«Реал» — «Атлетик» — 1:0 (Бензема, 40)

Испаниядаги кўпчилик жамоалар кубок турнирида чигалёзди ўйинларини ўтказаётган вақтда, қаймоқранглилар ла лигада қолдирилган ўйинлар циклини бошлаб берди - бу ўйин кўплаб жанубий америкалик футболчилар ЖЧ-2022 саралашига жўнаб кетиши муносабати билан қолдирилган тур ўйинларидан бири эди. «Реал» шундай ўйнадики, жамоа бир неча кун олдин «Севилья»га қарши қийин ўйин ўтказганига ишониш қийин эди.

Карло Анчелотти жамоаси бу сафар илк дақиқаларданоқ ҳужумлар уюштирди, шу билан бирга бу сафар ҳам жамоа ҳимояси идеал ўйин кўрсатмади ва Куртуа яна супермен режимини ёқишига тўғри келди. Бензема эса ҳар ўйинда супермен ва бу сафар мавсумдаги 12-голини урди. Ўтган мавсумда — бу ҳам жуда ёрқин ўтганди — француздан бу натижага эришиш учун 23 ўйинда майдонга тушиш талаб этилганди, бу сафар эса 15 ўйин етарли бўлди.

Эндиликда энг яқин таъқибчисидан етти очкога ўзиб кетган «Реал»да Бенземадан ташқари Винисиус Жуниор, Модрич ва Куртуа ҳам жуда кучли ўйнамоқда. Аммо мадридликларга ҳозирча жамоавий ўйин етишмаяпти. Чоршанба оқшомидаги ўйинда «Атлетик» ўйинни бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин бўлган паллалар ҳам бўлди.

Франция: «Олтин тўп» билан, аммо ғалабасиз

«ПСЖ» — «Ницца» — 0:0

Францияда турнинг марказий ўйини олдидан «Парк де Пренс»да ўрнатилган фасадда «Париж — олтин шаҳар» ёзуви акс этди, унда шунингдек еттинчи марта «Олтин тўп»ни қўлга киритган Месси ва йилнинг энг яхши дарвозабон деб топилган Доннарумманинг суратлари ҳам бор эди.

Мухлисларга ўз совринини намойиш этган аргентиналик футболчига яна бир сабаб туфайли эътибор янада кучайди - у жамоа ҳужум чизиғидаги шериги Неймар жароҳат олган вақтда ўзини қандай кўрсатади. Бразилиялик футболчи икки ойгача сафга қайтмаслиги мумкин, у йўқлигида Маурисио Почеттино уч марказий яримҳимоячи билан ўйнашга қарор қилди.

Бу оқшомда эса парижликлар лигада учинчи ўринда бораётган «Ницца» ҳимоясини ёриб ўта олмади. Мессининг пасидан кейин Мбаппедан тўпни шунчаки дарвозага киритиб юбориш талаб этиларди, аммо француз футболчиси қулай позицияда туриб аниқ зарба беролмади. Аммо меҳмонлар фақат шунинг эвазига пойтахтдан 1 очко билан қайтишмади. Уларнинг ўзида ҳам бир неча қулай вазиятлар бўлди, Дольбергнинг вазиятида гол урмасликнинг ўзи қийин иш эди. Бу ўйинда яққол ажралиб турган жиҳат Кристоф Галтьенинг мураббийлик ишланмалари бўлди, у ўтган мавсумда Парижнинг гегемонлигига чек қўйган ҳолда «Лилль»ни чемпионликка етаклаб борганди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар