25.11.2021 14:01
6745
Ўзбекистоннинг 12та клуби ОФК лицензиясини олди. «Навбаҳор» ва Суперлиганинг яна 4 клуби ОФК талабларига жавоб бера олмади

ОФК расмий сайти 2021 йилги лицензиялаш жараёни натижалари эълон қилинди. Унга кўра, бу йил 12та ўзбек клуби ОФК лицензиясига эга чиқди.

Лицензия олган клублар сони бўйича Ўзбекистон Япония ва Жанубий Кореядан сўнг БАА билан 3-поғонани бўлишиб турибди.

«Умуман лицензиялаш жараёни ўтказилишинг энг асосий сабаби – клубларимизнинг умумий инфратузилмасини босқичма-босқич яхшилаб бориш, уларнинг ҳар жиҳатдан профессионал мақомга мос тушишига эришиш саналади.

Шуни инобатга олиб ЎзПФЛ йил аввалида қитъа футбол конфедерацияси билан ҳамкорлик қилган ҳолда янги «Клубларни лицензиялаш регламенти» ишлаб чиқди ва унинг ижросини мавсум давомида назорат қилиб борди. Бунда клублар ОФК онлайн платформаси – AFC CLASга 5 асосий тамойил: спорт, инфратузилма, ишчи-ходимлар, ҳуқуқий, молиявий мезон бўйича зарур ҳужжатлар тўпламларини юклаб боришди.

Бу йил масалага жиддий ёндошув ўз самарасини берди ва биринчи бор ҳар бир клуб махсус платформага ҳужжатларни тўлиқ жойлади. Илгари халқаро майдон учун имкони бор клубларгина лицензиялашга жиддий эътибор берган, қолган клублар талабни деярли бажармаган.

Шунингдек, тарихда илк бор Про лига клублари ҳам лицензия олиш учун потенциал номзодга айланди, кўплаб клублар стадион ёритиш тизимини яхшлаш зарур эканини англаб, бу борада олдинга қадам ташлади.

Шу кунгача профессионал клубларимиз дуч келган энг катта муаммо аудиторлик ҳисоботлари билан боғлиқ бўлган. ЎзПФЛ бу йўналишда ОФК билан бир неча бор музокара олиб борди ва якунда барча клублар учун аудиторлик ҳисоботи бўйича ягона намуна ишлаб чиқилди. Биз аудиторлик хулосалари халқаро стандартлари асосида ОФК платформасига жойлаштирилишни уддаладик. Якунда 12 та клубимиз ОФК лицензиясини қўлга киритди», - дея ёзади ПФЛ сайти.

Юқоридаги барча жиҳатларни инобатга олган ҳолда 2022 йилги мусобақаларда қатнашиш учун лицензиялар 3 хил тоифада тақдим этилди:

ОФК лицензияси (12 та клуб) – «Пахтакор», «Нефтчи», «Бунёдкор», «Бухоро», «Динамо», ОКМК, «Қизилқум», «Сўғдиёна», «Насаф», «Локомотив», «Турон», «Металлург».

Миллий лицензия (12 та клуб) – «Пахтакор», «Нефтчи», «Бунёдкор», «Бухоро», «Динамо», ОКМК, «Қизилқум», «Сўғдиёна», «Насаф», «Локомотив», «Турон», «Металлург».

Миллий лицензия (шартли равишда – 9 та клуб) – «Машъал», «Навбаҳор», «Қўқон-1912», «Шўртан», «Хоразм», «Андижон», «Сурхон», «Янгиер», «Орол».

Эътибор бераётган бўлсангиз, «Нефтчи», «Бухоро» ва «Динамо» Про лигада иштирок этган бўлса-да якунда ОФК ва Миллий лицензия талабларини бажара олди. Ушбу 3 клубни аксар Суперлига иштирокчиларига ўрнак сифатида ҳам кўрсатиш мумкин. Зеро улар зарур камчиликларини вақтида бартараф этди ва ҳужжатлар тўпламларини тўлиқ тарзда топширишди.

Лекин баъзи клублар прожектор борасида ҳамон муаммога эга. Шу боисдан «Машъал», «Қўқон-1912», «Шўртан», «Хоразм», «Андижон», «Сурхон», «Янгиер», «Орол» клублари Миллий лицензияни ҳам шартли равишда қўлга киритишди. Шунингдек, ушбу клубларда ёшлар билан ишлаш тизимини ривожлантириш бўйича дастур, яъни академия ёки футбол мактаби йўриқномаси бўйича ҳам камчиликлар кузатилди. Ушбу санаб ўтилган клублар келаси мавсум стартига қадар ушбу камчиликларини тузатишлари лозим бўлади. «Навбаҳор» эса қолган барча мезонларга тўлиқ жавоб берса-да, клубнинг собиқ мураббийлари олдидаги қарздорлиги масаласи ҳал этилганича йўқ.

Қолаверса, мавсум ўртасида Про лигани тарк этган «Оқ-тепа»га лицензия рад этилди. Ҳали ташкил топганига ва ЎзПФЛ мусобақаларида қатнашаётганига 2 йил бўлмаган «Олимпик» эса Лицензиялаш регламенти «2-йиллик қоида»сига мос тушмагани боис лицензиялашда расман иштирок этмади.

«2016 йилдан бошлаб ОФК лицензиялаш талабларини қатъийлаштириб, уни янги босқичга олиб чиқа бошлади. 2018 йил ОФК лицензиясига санкциясиз эга чиққан клублар сони 4 тани ташкил қилди, 2019 йилда эса бу кўрсаткич 6 тага етди. 2020 йилда мазкур рақам 7тага олиб чиқилди. Бу йил эса 12 талик довонга етиб келинди», - дейилади ПФЛ хабарида.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар