25.11.2021 16:00
13845
«Ишга овозимни ўчириш учун чақиришмаган». ПФЛ директори Абрамов ва Бабаян ҳақидаги фикридан афсусланмаслиги ва Қосимовни нега танқид қила олмаслиги ҳақида

Ўзбекистон профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев «Online King» YouTube канали меҳмони бўлиб, иш фаолияти ва футболимиз ҳақидаги бир қатор саволларга атрофлича жавоб берди.

«Журналист сифатида гапириб келган камчиликларимни тузатишни ўзимга топширишди»

- Фаолиятингни тинимсиз танқид қиладиган ходим бўлса, уни ўчириш учун амал бер, деган метод сиз билан ҳам бўлганми?

- Йўқ, мен ўзим билан бундай воқеа бўлган, деб ўйламайман. Чунки, бу менга нисбатан ҳақоратли савол ҳисобланади. Менинг овозимни ўчириш учун бу ишга чақиришмаган ва мен лавозим учун жим бўлишга кўнадиган бола эмасман. Шунчаки, қўлимдан келадиган, ўзим биладиган ишни қилишдан қочмайман. Ҳамма нарса Худодан, эркак киши ҳаракат қилса, Яратган меҳнатига яраша йўл очиб беради ва мен билан ҳам шундай бўлган, деб ҳисоблайман. Бу саволни кўп эшитганман, одамлар кўп гапиради. Мен умуман қўшилмайман бу фикрга. Шу пайтгача журналист сифатида гапириб келган камчиликларимни тузатишни ўзимга топширишди, деб ҳисоблайман. Худога минг қатла шукрки, шу кунгача анча иш қила олдик.

- Балки, кўп мавзуларда сукут сақлаётганингиз бунга сабабдир?

- Сукут қилиш, шахсий каналимни юрита олмаётганим вақт билан боғлиқ масала. Яқинда УзРепорт ТВ раҳбари билан ҳам гаплашдим. Бир йил мобайнида ЎзПФЛ структурасини эпақага келтириб олганимиздан сўнг, шу йил августидан эътиборан футбол шарҳларига қайтишим керак эди. Режамиз бўйича «Барселона»нинг Мессисиз биринчи ўйинини мен шарҳлашим керак эди. Коронавирусга чалиниб қолдим ва оилавий касалликни бошдан кечирдик. Шу билан яна ЎзПФЛдаги ишлар билан банд бўлиб қолиб кетдим. Бу воқеаларни сукут билан баҳолаш нотўғри. Одамлар мендан айнан бир нарсани кутиши уларнинг муаммоси. Гапириш керак бўлиб микрафон берилганида гапирганман. Ишлаш керак бўлиб лавозим берилганида ишлаганман. Ҳозир иккинчиси. Мен ҳаётда фақат гапириб, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган инсон бўлиб ўтиб кетишни хоҳламайман.

- ЎзПФЛга раҳбар бўлиб келганингиздан сўнг, қайси жиддий масалани ўзгартира олганман, дея оласиз?

- Ҳозирги ҳолатда фахрланиб айтишим мумкин бўлган биринчи нарса бу - менинг жамоам. Мен келганимда муҳит ёмон эди дейишдан йироқман. Лекин бугун менинг қўл остимда йиғилган жамоада муҳит аъло даражада. Бевосита ишда қила олган натижаларимизга келадиган бўлсак, ўтган мавсум июнь ойида ишга киришган бўлсам, 2 ой ичида 7та клубни ОФК лицензиясидан ўтказишга муваффақ бўлдик. Бу йил 12та клуб ушбу лицензияга эга чиқиш арафасида турибди. Авваллари, ОЧЛ ёки ОФК Кубогида қатнашадиган саноқли клублар шу лицензияни ола билишарди. Бу йил ҳатто Про лига клублари ҳам лицензия олиши кутиляпти. Кўп вақтимиз меъёрий ҳужжатларни тартибга келтиришга кетяпти. Лекин бу ҳужжатларни тартибга келтирмасдан футболни ривожлантириб бўлмайди. Майдон сифати ёмон, ёритувчи чироқлар йўқ — лекин мана шу нарсаларни стандарт ҳолатда ушлаб турувчи меъёрий ҳужжат бўлмас экан, бу жараённи амалга ошириш иложсиз. Бу учун махсус жамоамиз бор ва улар таклифларни ишлаб чиқади. Мен ҳар бир слайд тепасида тураман.

«Вақти келиб, одамлар мана шу даврларни соғинади»

- ЎзПФЛда нимани ўзгартира олмадим, деб ҳисоблайсиз?

- Мен ҳали шу лавозимда эканман, ҳали ҳаммасини ўзгартиришга имкониятим бор. Ҳаммасига қадамма-қадам етиб келяпмиз. Одамлар майдон чимининг сифатсизлиги ҳақида гапиришади. Уларга қолса, майдон чимини ўпириб ташлаб, янги, сифатли майсани шунчаки ётқизиб қўйиш керак. Лекин бу бирданига бўлиб қоладиган иш эмас. Англияда майдон чими, прожекторлар ва барча жиҳозларнинг ўз паспорти бўлади. Унда ушбу инструментнинг характеристикаси тўлиқ келтириб қўйилади. Майдон чимини келгуси йилда ҳам тўғрилаб қўя олмаймиз. Мисол учун, бизнинг иқлимга мос чим топилди. Уни аввал майдондан ташқари жойга экиб, 8-9 ой мобайнида синаб кўриш керак. Унгача майдондаги дренаж тизими, майсани суғориш техникасини тўғрилаш, компьютерлаштириш керак. Бу ҳаммаси бўлиб 15 ойдан кам вақт олмайдиган жараён. Хўш, биз нима қиляпмиз? Стадионлар тўғрисидаги низомни буткул ўзгартириб, якунлаб чиқдик. Бунинг ичига стадион, кийим алмаштириш хоналари, мухлислар ва VIP зоналар қандай бўлиши ҳақидаги барча жиҳатлар белгилаб берилган. Бизда шу пайтгача тиббий лицензия қилинмаган. Сербиялик, хорватиялик футболчиларга қаранг: барчаси 180-190 сантиметр атрофида. Бизда футболчилар пианинодек ҳар хил. Чунки, витаминлаштириш тизими ишлаб чиқилмаган. Мана шу нарсаларга кетган вақтимизни бесамар кетди, деб ҳисоблайдиганлар ўзи билади. Вақти келиб, одамлар мана шу даврларни соғинади.

- Нима учун ихтисослашган футбол мактаблари ёпилиб, ўрнига академиялар тузилди? Бунинг натижалари нимага олиб келмоқда?

- Биласизми, бу борада вазият бирмунча чигал. Шахсан ўзимнинг энг кўп афсусланадиган, ичим ёнадиган нарса шу. Нега бундай қарорга келинди? Мен тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бизда шундай ҳолатлар кўпайиб кетдики, бирор жойга ишлагани кетаётган, боласи ортиқчалик қилаётганлар ҳам мактаб-интернатларга фарзандларини бериб кетадиган бўлишди. Ҳафта давомида у мактаб-интернатни ичида тўлиқ яшайди ва дам олиш куни уйига бориб келади. Лекин бу болаларнинг ҳаммасининг пешонасига футболчи бўлади, деб ёзиб қўймаган. Болалигини интернатда ўтказган ёшлар зомбидек бўлиб қолди. Улар на яхши футболчи бўлди, на сифатли таълим ва на ота-онасининг тарбиясини олди. Биз биринчи навбатда инсон тарбиялашимиз керак. Болалар 6-12 ёшлар оралиғида футбол мактабларида, ундан сўнг 17 ёшгача академияларда шуғулланиши керак. Чунки, 12 ёшгача футболчининг ўзи ҳам, мураббийлар ҳам ўзи учун кўп нарсани аниқлаштириб олади. Вилоятларда футбол мактаблари кўп, лекин уларнинг тепасида бирорта катта клуб йўқ. Бу болада қадриятни шакллантирмайди. Бола қайсидир клуб шарафини ҳимоя қиляпман, деб ҳисоблаши керак. У кўкрагида турган клуб рамзини ҳурмат қилишни ўрганиши керак. Акс ҳолда, бу кўпчилик ёшлигида бир муддат қатнашган сузиш ёки гимнастика тўгарагидан фарқи бўлмайди.

Одамлар юзада кўриниб турган нарсаларни танқид қилади ва бу нормал ҳолат. Лекин бугунги майдонларимиз 5 йил олдингидан анча яхши, мен бунга аминман. «Турон», «Навбаҳор» жамоаларининг стадиони қандай аҳволда эканини эслаб кўришсин. Умуман, бизда баҳор ва ёзда ҳам майдонлар ўз жойида эди. Майдонларда ажриқ асосий элемент бўлгани учун у сарғайиши табиий. Европада замонавий футбол аллақачон ажриқдан воз кечган. Улар гибрид майдонларни ишлатишади. Биз ғарб майдонларидаги майса тизимидан 20 йилга орқадамиз ва бу масофани қисқартиришга ҳаракат қиляпмиз. Тўғри ишласак, 3-4 йилда уларга етиб оламиз. Майдон чими масаласи билан агрономлар шуғулланиши керак ва ЎзПФЛ ёки ЎФА уларга пул тўлаб бериши, топшириқ бериши лозим. Зўр ўтни экиб қўйдик, энди 10 йил яхши сифатда туради, деган қараш нотўғри. Уни парвариш қилмаса, бир йилда йўққа чиқади. Бунинг учун, 70-80 минг долларга парваришлаш техникасини харид қилиш керак. Ҳамма ПФЛ қаерга қараяпти, дейишни билади. ПФЛ энди майдонга бориб, ўтини юлиб ҳам берсинми? Клубни ғурури, ори йўқми? Ўз футболчиларига сифатли майдон қилиб бера олмайдими? Меҳнати ҳалол, ўзи ҳаром эшак бўлишимиз керак эмас. Танқидни ҳамма қила олади, ишни эса барибир мутахассис қилади.

- Ўзбек футболи учун жаҳон чемпионати мақсад бўлмаслиги керак, деб айтгансиз. Нега?

- Мен ҳалиям шунақа дейман. Жаҳон чемпионатларида тасодиф билан ўйнаб қолган жамоалар нечта? Мисол учун, КХДР ўйнаган. Лекин сизлар уларнинг бирорта клубини биласизми? Лигасини-чи? Бирорта табиий майдони борми? Биз Япония ва Жанубий Корея йўлидан кетайлик. Тизим ташкил қилайлик. Жаҳон чемпионатига мунтазам чиқадиган тузилма шакллантирайлик. Биз мундиалга бориш учун ҳамма нарсани бузиб ташлашимиз керак эмас. Барча ишни тўғри йўлга қўйиб, жаҳон биринчилигига ўзидан ўзи чиқишимиз керак. Тошкентда нормал ишлаб, яхши пул топа оладиган одам Қатардаги мундиалга борган тақдиримизда ўша ерга бориб, Ўзбекистон иштирок этадиган 3та ўйинни кўришга қурби етармиди? 4 йилда бир бўладиган жаҳон чемпионатига бориб олиб, Хожибой Тожибоев айтгандек «музқаймоқ еб» қайтиб келишимиз керак эмас.

«Футболни гапирганнинг тили кесилмайди. Қолган соҳаларни гапириб кўрсин-чи!»

- Ўзбек футболи бу даражада пастлаб кетишига айнан нима сабаб?

- Бу савол нотўғри. Футбол нега паст, деб ўйлайсиз? Менда тескари савол бор: Ўзбекистонда қайси соҳа гуркираб ривожланган. Олий таълимми? Халқ таълимими? Тиббиётми? Бутун дунёда ҳамма соҳа бараварига ривожланади. Шунчаки, футболни гапирганнинг тили кесилмайди. Қолган соҳаларни гапириб кўрсин-чи! Ҳамма футболчиларимизни хоҳлаганича гапиради. Лекин бизнинг футболчи Италияда ўйнаяпти, бизнинг футболчилар Европани ўзига қаратяпти, йилига 4 миллион доллардан маош оладиган юлдузларимиз бор. Ҳа, кўп пул ажратиляпти. Лекин пул ажратишда ҳам на Япония, на Жанубий Корея ва на Қатардек бўляпмиз. Уларнинг яқинига бора олмаймиз. Биз футболга бир сўм тиксак, японлар футболга 10 сўм тикади. Лекин Ўзбекистон Японияга қарши ўйнаса, бизнинг мухлислар фақат ғалаба кутади. Биз олий таълимда Японияни ютишни вазифа қилиб бермаймиз-ку! Бизга футболкаларни сотиб, яхши даромад қилсанг бўлади, дейишади. Лекин вилоятлардаги ўйинларга қаранглар, 2006 йилдаги костюмида футболга келган отахон 2017 йилда ҳам ўша кийим билан стадионга келади. У отахон қандай қилиб 100-200минг сўмга «Сўғдиёна»нинг футболкасини сотиб олади. Яъни, аввал иқтисодиёт ўсади, одамлар еб-ичиш, дори-дармондан пул орттиради, ана ўшанда пулини ёки саёҳатга сарфлайди, ёки футболга. Бугун халқимиз қишда уйини қандай иситишни ўйлаб юрибди.

 

- Халқаро майдонда клубларимизнинг муваффақиятсизлиги ҳақида нима дея оласиз?

- «Насаф» ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас, деган фикрдаман. Чунки, клуб ўз академияси тарбияланувчилари кучи билан халқаро мусобақа финалигача етиб келди. Мен бу жамоани муҳокама қилишдан йироқман. Мен Баҳрайнда бўлдим. У ерда мезбонлик омиллари катта роль ўйнади. Учрашувни кўрган бўлсангиз, рақиб 25-дақиқадан кейин буткул ўйинни ташлаб юборди. «Насаф» тўлиқ устунлик қилди.

ОКМК халқаро майдон учун янги клуб. Уларга биттагина гапим бўлиши мумкин: пойдеворни қилиб олиш керак. Чунки, уларда имконият бор. «Пахтакор» етакчиларини қўйиб юборганди. Шота Арвеладзе пайтида ҳам Машарипов қизил карточка олганидан сўнг, плей-оффда қандай ютқазганимизни кўргандингиз. Лекин ўша вазият бўлмаганида мен ҳам мана шу «Пахтакор»нинг ОЧЛни ютишига ишонаётгандим. Мен биринчи марта Саудия ёки бошқа араб жамоаларига қарши учрашувлар олдидан юрагимни ҳовучламай ўтирдим. Бу йил ҳам аслида улар ёмон ўйнашмади. Исталган одам билан баҳс бойлашим мумкинки, гуруҳ босқичининг 6та ўйинида «Пахтакор» устунлик қилди. Биргина учрашувда Кайо исмли бразилиялик футболчи ҳимояни сочиб ташлаб, йирик ҳисобда ютқазишди. Араблар ўз футболидаги камчиликларни мана шу каби легионерлар билан ёпишмоқда. Демак, бизнинг футболга яхши пул ажратилиб, тўғри ишланса, уларни енгиш мумкин.

УЕФАга ўтиш ва тотализатор ҳақида

- Ўзбекистон футболи УЕФАга ўтишдан нима ютади, нима ютқазади?

- УЕФАга қўшилсак, ютадиган нарсаларимиз кўп. У ерга ўтиш зўр бўлади. Орзу қилиш айб эмас. Лекин ҳар нарсани тарозига солиб кўриш керак. Европага ўтсак, ривожланиб кетар эмишмиз. УЕФАда 30 йилдан бери Латвия, Литва, Грузия, Молдова каби давлатлар бор. Нега улар Англия бўлиб кетмади шу вақтгача? Қозоғистон неча йилдан бери УЕФАда лекин бирорта қозоқ йигитни Европа саҳнасида кўрдикми? Одам ўзи ўзгармаса, Европада ҳам, Осиё ёки Африкада ҳам ўша ҳолатда қолаверади.

Европани барча ривожланган давлатлари Ғарбий Европада жойлашган. Улар Россия ва Қозоғистонга келиб кетишга ҳам оғринади. Ўзбекистонни қўшиб олиш масаласи кўтарилса, уларнинг ҳаммаси қарши овоз беради. Унинг устига, Ўзбекистондан Европанинг нечта шаҳрига тўғридан тўғри рейслар бор? Бир нечта, холос. Улар Тошкентга келиш учун Истанбул ёки Москвага қўниб олиши керак бўлади. Улар учун бу оғир. Лекин Япония ва Жанубий Корея ОФКда ҳам ривожлана олди. Лекин аввалроқ айтиб ўтганимдек, уларда барча соҳа бирдек ривожланди. 

- Тотализаторни қонунийлаштириш тўғри, деб ҳисоблайсизми?

- Мен қолганлар Худодан қанчалик қўрқса, шунчалик қўрқадиган бир одамман. Ҳаром қилинган нарсага йўл берилиши керак демайман. Мен бошқа тарафдан бу йўналишдаги фикримни баён қилганман. Клублар давлатдан пул олмаса, бошқа тарафдан пул келиши керак. Қаердадир спиртнинг рекламаси, қаердадир букмекерлик компаниясининг баннери. Масалага иқтисодий кўз билан қарасак, бу амалиёт билан Россия, Малайзия ёки бошқа мамлакатларга чиқиб кетаётган пул Ўзбекистон банкларида айланишни бошлайди. Лекин Ўзбекистонда тотализаторни очиб бериш тўғри дейишга қўрқаман. Мен ҳам гуноҳга ботишдан қўрқаман. Мен букмекерликка тиш-тирноғим билан қаршиман. Яқинларимни бундай йўлга кириб қолмасликларига ҳаракат қилиб, назорат қиламан. Лекин Ўзбекистонда спиртли ичимлик дўконлари бор ва бу ҳам аслида ҳаром. Бу борадаги менинг позициям, инсон ўзини мана шу каби ҳаром нарсалардан тия билиши керак. Аммо легаллашмаган пайтда, ўша тотализатор ўйнаётганларни тўхтатиб қола оляпмизми? Ҳамма интернетга киради ва ҳар куни букмекерлик рекламаларига кўзи тушади. Биз ҳаётимизда бор мана шу нарсани одамларимизга йўқ деб кўрсатмоқчидекмиз. Биз одамларимизга бу ўйинни ўйнамаслик кераклигини тушунтиришимиз керак.

Менинг бу борадаги таклифим шуки, футбол ичидаги одамлар тотализатор ўйнаса, жаримага тортилсин. Келишилган ўйинни аниқладикми, ўша келишувда иштирок этганларни шунчаки футболдан четлаштириш эмас, жиноий суд орқали жазо бериш орқали бу йўлдан тийиб олишимиз керак.

- Абрамов, Бабаян ва Қосимов масаласида адолатлиман, дея оласизми?

- Мен Бабаян ва Абрамов ҳақида айтганларимдан деярли афсусдамасман. Улар яхши шароитда ишлай туриб, миллий жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқа олмади. Миржалол ака эса доим битта мағлубиятдан сўнг, жамоани қабул қилиб олган. Қосимовни танқид қила олмайман. Агар бу менинг нохолислигим бўлса, майли нохолис бўлай. Биринчидан, мен Миржалол Қосимовнинг ўйинини кўриб, футболга меҳр қўйган ва унга кириб келган одамман. Иккинчидан, у одам билан биз оилавий яқинмиз. Яъни, Миржалол ака ҳақида қанақадир фикрим бўлса, ўзларига ҳам айтиб қўя оладиган даражада яқинман. Абрамов ва Бабаян ҳақидаги танқидларим фактларга асосланган. Бу учала мутахассисни умумий олганда мен нохолис кўринишим мумкин. Лекин мана бу икки мутахассис ҳақида айтган гапларимнинг қайси бири хато. Қосимов бошқа одам, Бабаян бошқа одам, Абрамов умуман бошқа одам. Энг охирида тилга олганим энг ёмон одам. Мен футболни ичидаман-ку, барчасини ичидан биламан, - дейди ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар