24.11.2021 22:48
3190
«Локомотив» Микаэль Секейра билан хайрлашди

Тошкентнинг «Локомотив» клуби жамоанинг португалиялик бош мураббийи Микаэль Секейра билан хайрлашганини эълон қилди.

Клуб матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу мавсум «темирйўлчилар»ни бошқарган Микаэль Секейра «Локомотив» билан ўзаро келишган ҳолда жамоани тарк этган. 

«Португалиялик мутахассис бугун, 24 ноябрь куни тунда ўз юртига учиб кетади. Ушбу мавсум жамоамизни бошқарган Секейра ватанига кетиш олдидан жамоа аъзоларини бир жойга йиғиб, клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби ҳамда футболчиларга миннатдорчилик билдирди.

Ўз навбатида клубимиз раҳбарияти ҳам португалиялик мураббий шаънига илиқ фикрлар айтиб, якунига етаётган мавсум учун ташаккур изҳор қилди. «Локомотив» ПФК Микаэль Секейрага ўзаро ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдиради ҳамда мураббийнинг кейинги фаолиятига омад тилайди», - дейилади клуб хабарида.

Маълумот учун, «Локомотив» Суперлига 25-туридан кейин 36 очко билан 7-ўринни эгаллаб турибди. Клуб чемпионатдаги сўнгги ўйинни «Насаф»га қарши ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, «Локомотив» устози октябрь ойида Қўқондаги мағлубиятдан (1:2) кейин ўзбек футболи ва ҳакамлик ҳақида кескин фикр билдирганди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар