17.11.2021 15:11
4648
Теглар
Европада саралаш якунланди: Нидерландия мундиалга қайтади, Бензема ва Мбаппе Украинага ёрдам берди

Европада ЖЧ-2022 саралаши доирасидаги сўнгги учта гуруҳда ҳам ўйинлар якунланди. Ван Гаал Нидерландияга саккиз йил ичидаги илк жаҳон чемпионати йўлланмасини тақдим этди. Ҳоланд ва Эдегор эса ўзларининг илк йирик турнирини яна кутади.

Европанинг энг етакчи жамоаларидан бири ниҳоят мундиалга қайтади.

ЖЧ-2022. Саралаш турнири. Европа. G гуруҳи
Нидерландия — Норвегия 2:0
Голлар: Бергвейн, 84 (1:0). Депай, 90 (2:0)
Нидерландия – Силлессен, де Лигт, ван Дейк, Блинд, Думфрис, Вейналдум, Классен (де Рон, 73), де Йонг, Бергвейн, Груневелд (Аке, 89), Депай.
Норвегия – Нюланн, Страндберг, Мелинг, Ханше-Ольсон, Педерсен (Ольсен, 87), Торсби (Эурснес, 46), Норманн (Грегерсен, 75), Эдегор, Эл-Юнусси, Серлот, Сольбаккен (Кинг, 74)
Огоҳлантиришлар: Думфрис 79, де Лигт 80 - Торсби 39, Серлот 43
Ҳакам: Клеман Тюрпен

Якшанба куни Португалия баҳорда қайта имтиҳондан ўтиш учун плей-оффга юборилганди. Янги ҳафта эса Европанинг амалдаги чемпионлари — Италиянинг фиаскоси билан бошланди. Шундай экан нидерландиялик мухлисларда хавотирланиш учун сабаблар етарли эди, бир ҳафта олдин улар жамоа Қатарга боришига шубҳа қилмаётганди, аммо футболда бир лаҳзада барчаси ўзгариб кетиши мумкин.

Черногорияликларга қарши ўйиннинг 82-дақиқасига қадар «тўқсариқранглилар» байрамга тайёрланаётган, экспертлар ўйинда икки гол урган Депай яна қайси рекордларни ўрнатганини ҳисоблаётганди, кейин барчаси бошдан оёқ ўзгариб кетди. Ҳатто майдон ташқарисида ҳам, икки гол устунлиги бой берилган сафар ўйинидан қайтгандан кейин Луи ван Гаал велосипеддаги сайрни тугатиб, уйга кираётганида тойиб кетди ва сон суягини синдириб олди.

70 ёшли ван Гаал кечани шифохонада ўтказди, машғулотга эса гольф-карда келди, машинани ёрдамчиси Ҳенк Фрейзер бошқарди. Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида мураббий видеоалоқа орқали иштирок этди, у ногиронлар аравачасида матбуот маркази эшигидан сиғмасди, аммо у ҳазиллашди ва файласуфларча қайд этди: «Жисмонан ўзимни энг яхши формада ҳис қилмаяпман, аммо менинг миям ишлашда давом этмоқда. Мураббийлик иши эса бош билан амалга оширилади».

Норвегияликларга қарши ўйинда майдон четида туриб футболчиларни Данни Блинд бошқариб турди, Фрейзер эса қулоқчин таққан ҳолда захира ўриндиғида ўтирди. Аммо, афтидан, стадиондаги ложалардан бирида ўтирган ван Гаал алоқа воситасиз ҳам кўрсатмаларини етказа оларди. Шу куни «Де Кайп» трибуналари бўм-бўш эди - Нидерландияда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича рекордлар қайд этилаётгани туфайли ҳукумат уч ҳафтага мухлисларнинг спорт тадбирларида иштирок этишини тақиқлаган.

Зерикарли, аммо идеал режа
Эҳтимол, трибуналар мухлислар билан тўла бўлганида бу футболчиларни сергаклантирарди, аммо майдонда шу куни жуда зерикарли ўйин кечди. Мезбонлар илк 45 дақиқаликда Депайнинг бир неча ноаниқ зарбалари билан кифояланишди, бу ўйинда ғалаба учун борини бериши кутилган норвегияликлар ҳам жиддий вазиятлар ярата олишмади. Бу вақтда энг қизиқарлиси Twitter лентасини кузатиш эди, у ерда қўлида смартфон тутган ван Гаалнинг сурати турлича мемларга айланиб тарқалаётганди. Жумладан, терма жамоа бош мураббийлигида 50-ўйинини ўтказаётган ушбу мутахассис телефон орқали Туркиянинг Черногорияга қарши ўйинини кузатаётгани ҳақида ҳазил ҳам бор эди. Параллел учрашувда Бечирай 3-дақиқадаёқ ҳисобни очганди, бўлим ўрталарига бориб Октуркўғли жавоб қайтарди.

Танаффусдан кейин Роттердамдаги ўйин қизий бошлади, меҳмонлар устози Стол Сольбаккен вазиятни ўзгартириш учун футболчиларни алмаштира бошлади. Ҳауге ва Торстведт ўйинга қўшилгач, норвегиялик футболчилар тезроқ ҳаракатлана бошлашди. Уларга бу ўйинда ғалаба сув ва ҳаводек зарур эди, Туркия эса бу вақтга келиб Подгорицадаги ўйинда ҳисобда олдинга чиқиб олди. Нидерландлар эса бунга жавобан ўйин темпини туширишди, ҳужумкор яримҳимоячи Классен ўрнига қора меҳнатдан қочмайдиган де Рон туширилиши мезбонлар дуранг ҳисобга рози эканини англатарди.

Аммо бу иллюзия алдамчи бўлиб чиқди. Депай навбатдаги қулай имкониятини йўққа чиқарган бўлса, Бергвейн Данжуманинг пасидан кейин тўпни яқин «тўққизлик»ка йўналтирди. Энди оқшомдаги зерикарлилик йўқотиб, ҳақиқий байрам бошланиб кетди. Кўп ўтмай Бергвейн Депай билан комбинация уюштириб, иккинчи голни уюштиришди. Худди Нидерландия 80 дақиқа прагматик усулда ўйнаб, рақибнинг хатоларини ўрганишни режалаштиргандек эди. Ўйиннинг сўнгги ўн дақиқалигида мезбонлар 2014 йили бронза медалларга сазовор бўлиб, ўз постини тарк этган мураббий билан яна жаҳон чемпионатига қайтишди.

Черногория — Туркия — 1:2 (Бечирай, 3 — Карим Оқтуркўғли, 22. Ўрхун Кекжу, 60).
Гибралтар — Латвия — 1:3 (Уокер, 7 — Гутковский, 25. Ульдрикис, 55. Кроллис, 75).

Зинченко, Довбик, Бензема ва Мбаппе Украинани ўтиш ўйинларига олиб ўтди. Финландия эса қаторасига иккинчи йирик турнирда қатнашиш имконини бой берди.

Фото: Reuters

Босния ва Герцеговина — Украина 0:2
Голлар: Зинченко (59), Довбик (79).
Босния ва Герцеговина – Василь, Аҳмедҳожич, Ковачевич, Ҳажикадунич, Сушич, Стеванович, Ҳажиахметович (Налич, 71), Прцич (Крунич, 64), Гояк (Цимирот, 64), Демирович (Кодро, 80), Менало (Превляк, 71). 
Украина – Бушчан, Тимчик, Матвиенко, Забарний, Соболь (Шапаренко, 64), Степаненко, Малиновский (Сидорчук, 81), Зинченко, Циганков (Зубков, 75), Ярмоленко (Караваев, 82), Яремчук (Довбик, 75).
Огоҳлантиришлар: Демирович 66, Ҳажикадунич 90 - Забарний 66
Ҳакам: Антонио Мигель Матеу Лаос

ЖЧ-2022 саралаш босқичи бошлангандан буён ютқазмаган украинлар гуруҳда қолиб кетиши мумкин эди - чунки жамоа фақат дуранг ҳисоблар қайд этиб келган ва сўнгги тур арафасида учинчи ўринга тушиб кетганди. Босния ва Герцеговинага Александр Петраков жамоаси финнлардан 2 очко ортда қолаётган ҳолда етиб келишди. Ўтиш ўйинларига ўтиш учун украинлар сафарда ғалаба қозониши ва мундиал йўлланмасини ҳал қилиб бўлиб, мотивацияга эга бўлмаган Франция Финландияда ютқазмаслигига умид қилиши талаб этиларди — лекин амалдаги жаҳон чемпионлари натижаси ўзи учун аҳамиятсиз бўлган ўйинга иккинчи таркибни ташламади ва Финландияга бирорта очко бермади.

Украина французларга мағлуб бўлмаган бўлса-да (икки ўйинда ҳам 1:1), икки марта Қозоғистонга қарши ўйинларда ғалабани бой берди (уйда 1:1 ва сафарда 2:2). Финнлар бундай хатоларга йўл қўйишмаганди ва шунинг учун сўнгги тур арафасида яхши имконият ҳосил қилишди.

Барчаси биринчи навбатда украиналик футболчиларнинг ўзига боғлиқ бўлмаганига қарамай, Петраков Франция ва Финландия ўйини натижасига эътибор қаратмаслигини айтиб ўтди. «Мен рақибларнинг ўйинини кузатмайман ва майдондаги йигитларга бу ўйиндаги ҳисоб ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса айтмайди», — деди у.

Украиналиклар биринчи бўлим давомида тўпга эгалик қилишди, аммо ҳужумда хавфли вазиятлар яратилмади. Андрей Ярмоленко ва Роман Яремчук боснияликлар дарвозаси томон бир неча бор зарбалар йўллашди, аммо барчаси бесамар кетди. Деннис Ҳажикадунич эса сариқ-кўкларнинг ўтиш ўйинлари ҳақидаги орзусини кўмиб қўйишига бир бахя қолди. Бурчакдан тўп узатилган маҳалда у тўп учун яккакурашда устун келиб, дарвозанинг ўнг бурчагини нишонга олди, аммо Георгий Бушчан бармоқлари учи билан тўпга етишга улгуриб, уни дарвоза устуни томон йўналтириб, жамоасини қутқарди.

Танаффус арафасида голдан қутулиб қолган украинлар иккинчи бўлимда янада ҳужумкорроқ ўйнашди. Бу вақтга келиб французлар алоҳида ғайрат кўрсатишмаётган ва финнларга биринчи бўлимда гол уришмаганди. Аммо украинларнинг ўзи керакли ишларни қилишди. 59-дақиқада Александр Зинченко ҳисобни очди. Боснияликлар ҳимоячиси Ярмоленкога Виктор Циганковнинг узатмасидан кейин зарба беришга йўл қўйишмаганди, аммо бу вақтда жарима майдони ичида «Манчестер Сити» футболчисини ҳеч ким қўриқламаётганди.

Мезбонлар ҳеч нарсага даъвогар эмасди, аммо улар сўнгги турда ўз уйларида мағлуб бўлишни ҳам исташмасди. Бушчан яна бир марта жамоасини голдан қутқаришига тўғри келди: бу сафар у Смаил Превлякнинг бурчак томон йўллаган зарбасини тўсди. Босния стандарт вазиятдан фойдалана олмади, қарши ҳужумда Николай Шапаренко Артём Довбикни Николой Васил билан яккама-якка ҳолатга чиқарди. Қарийб майдон марказида тезлик олган форвард офсайддан сақланишга улгурди ва совуққонлик билан дарвозабонни доғда қолдирди.

Довбик иккинчи имкониятидан фойдалана олмади, аммо бу жамоанинг ишончли ғалабага эришишига халал беролмади — 2:0. Параллел учрашувда французлар ўз вақтида керакли ишларни қилишди. Карим Бензема ва Килиан Мбаппе биттадан гол уришди ва украинлар гуруҳ жадвалида Финландиядан ўзиб кетиб, иккинчи ўринга кўтарилишини таъминлади. Энди Петраков ва унинг шогирдлари март ойида ўтиш ўйинларида қатнашади. Украинлар сараланмаганлар гуруҳида бўлишса-да, сараланганлар гуруҳидаги Россияга тўқнаш келмаслиги кафолатланган — ФИФА, худди УЕФА каби, қуръада сиёсий сабабларга кўра бу икки жамоа бир-бирига рақиб бўлмаслигини таъминлайди.

Финляндия — Франция 0:2
Голлар: Бензема (66), Мбаппе (76).
Финляндия – Градецки, Уронен (Тэйлор, 73), О`Шонесси (Похьянпало, 82), Вяйсянен, Иванов, Ҳямяляйнен, Шюллер (Форсс, 64), Камара, Ниссиля (Валакари, 82), Луд, Пукки. 
Франция – Льорис, Дюбуа (Павар, 46), Зума, Упамекано, Кунде (Коман, 57), Динь, Рабьо (Верету, 86), Тчуамени, Гризманн (Гендузи, 67), Мбаппе, Диаби (Бензема, 56).

Е гуруҳи
Уэльс — Бельгия — 1:1 (Мур, 32 — Де Брюйне, 12).
Чехия — Эстония — 2:0 (Брабец, 59. Сикора, 85).

Шу тариқа, Европа қитъасида ЖЧга бориши керак бўлган 13 жамоадан 10таси маълум бўлди — Германия, Дания, Бельгия, Франция, Испания, Сербия, Хорватия, Швейцария, Англия, Нидерландия.

Қолган 3 йўлланма эгаси икки босқичдан иборат плей-оффда аниқланади. Унда саралашда ўз гуруҳида 2-ўринни олган 10та жамоа ва 2-ўринни эгаллай олмаганлар орасида Миллатлар Лигасида яхши натижага эришган — Австрия ва Чехия қатнашади. 

Жамоалар тўплаган очколарига қараб икки саватчага бўлинди. 6 жамоа қатнашган гуруҳдан чиққанларнинг сўнгги ўриндагилар билан ўйинларда тўплаган очколари олиб ташланди.

1-саватча: Португалия (гуруҳда 17 очко тўплаган, тўплар нисбати +11), Шотландия (17, +7), Италия (16, +11), Россия (16, +9), Швеция (15, +6) ва Уэльс (15, +5);

2-саватча: Туркия (15, +2), Польша (14, +8), Шимолий Македония (12, +3), Украина (12, +3), Австрия ва Чехия (Миллатлар Лигаси орқали).

Плей-офф яримфинал ва финалдан иборат бўлади. Яримфиналга 26 ноябрь куни қуръа ташланади. Фақат бир ўйиндан иборат баҳсни 1-саватчадаги жамоалар ўз майдонларида ўтказишади. 

Финалга қуръа ташлашда эса саватчалар бўлмайди. Ҳал қилувчи беллашувлар ҳам бир ўйиндан иборат бўлади.

Яримфиналлар 2022 йил 24 март, финаллар 29 март куни бўлиб ўтади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар