15.11.2021 13:13
7857
Теглар
Серблар Роналдуни плей-оффга жўнатди, Ибраҳимович шведларга ёрдам бера олмади, Россия «лой жанги»да мағлуб бўлди

Якшанба оқшомида Европада 2022 йилги жаҳон чемпионати саралаши доирасида тўрт гуруҳда сўнгги турлар бўлиб ўтди.

Саралаш циклининг асосий фаворитларидан бири ЖЧ-2022га тўғридан тўғри йўлланма ололмади.

A гуруҳи
Португалия — Сербия — 1:2
 (1:1)
Голлар: Ренату Санчеш, 2 (1:0). Тадич, 33 (1:1). А.Митрович, 90 (1:2).
Португалия: Руй Патрисиу, Жозе Фонти, Жоау Канселу, Рубен Диаш, Нуну Мендеш, Жоау Моутинью (Палинья, 64), Данилу Перрейра (Андре Силва, 90+2), Бернарду Силва (Бруну Фернандеш, 65), Ренату Санчеш (Рубен Невеш, 84), Криштиану Роналду, Диогу Жота (Жоау Фелиш, 84).
Сербия: Райкович, Велькович (Спаич, 65), Миленкович, Павлович, Тадич, Гудель (А.Митрович, 46), Живкович (Радоньич, 69), Костич (Йович, 90), Лукич, С.Милинкович-Савич, Влаҳович.
Огоҳлантиришлар: Жоау Канселу, 8. Гудель, 13. Жоау Моутинью, 61. Павлович, 66. Ренату Санчеш, 68. Миленкович, 70. А.Митрович, 90+1.
Ҳакам: Орсато (Италия).
14 ноябрь. Лиссабон. «Да Луш» стадиони.

Агар март ойи охирида Белградда ўтган ўйинда саралаш босқичидаги энг можароли воқеалардан бири (Жанубий Америкада Бразилия ва Аргентина ўйини тўхтатилиши каби шов-шувли эмас) рўй бермаганида, бу гуруҳда сўнгги турда ҳеч қандай интрига бўлмасди. Ўшанда ҳисоб 2:2 эканида, ўйинга қўшиб берилган дақиқалар тугаётганида серблар ҳимоячиси Стефан Митрович Криштиану Роналдунинг зарбасидан кейин тўпни дарвоза чизиғи ортидан олиб чиққан, аммо ўйин бош ҳаками Данни Маккели ҳам, унинг ёрдамчилари ҳам буни кўришмаган ва гол ҳисобга олинмаганди.

«Олтин тўп»нинг беш карра соҳиби қаттиқ норози бўлиб, ҳиссиёт аралаш сардорлик боғичини майдонга ташлаб чиқиб кетганди, кейинроқ у Instagram саҳифасида терма жамоа сардори бўлиш қанчалик фахрли экани ҳақида пост ёзишига тўғри келганди. Криштианунинг постдаги асосий сўзлари қуйидагича эди: «Шундай лаҳзалар бўладики, бутун миллат жабр чеккандек ҳис қиласан. Бошимизни кўтарамиз ва янги чорловларни қабул қиламиз! Олға, Португалия!»

Нидерландиялик рефери кейинроқ хатосини тан олганди. Маккели видеотакрорни кўриб чиқиб, португалияликлар бош мураббийи Фернанду Сантушдан узр сўраганди.

Бу воқеа туфайли Европанинг собиқ чемпионлари жавоб ўйинидан олдин қўшимча мотивацияга эга бўлишганди, Роналду эса Twitter саҳифасида мухлисларга мурожаат қилди. «Португалия ва португаллар учун биз яна жаҳон чемпионатига бормоқчимиз! Португалия ва португаллар кучи билан биз бунга эришамиз. Биз сизнинг қўллаб-қувватловингиздан умид қиламиз. Олға, Қатарга!» — дея ёзди сардор.

Португалия илк дақиқаларданоқ ҳужумга ўтди. Кучли прессинг иш берди ва бунда Бернарду Силванинг саъй-ҳаракатлари муҳим роль ўйнади, у тўпни қайтариши Ренату Санчешга голли узатма бўлиб борди. Ушбу яримҳимячи Евро-2016дан буён илк бор терма жамоа учун гол уриб, кутилмаган қаҳрамонга айланди. Беш йил олдин ўша вақтда жаҳон футболининг умидли юлдузларидан ҳисобланган Санчешнинг зарбасидан кейин Португалия чоракфиналда полякларга қарши ўйинда ирода кўрсатиб, ўйинни пенальтилар сериясига олиб ўтган ва юришини давом эттирганди.

Аммо мезбонлар нафақат ўз муваффақиятини ривожлантира олмади, балки уларнинг ҳимоясида муаммолар кузатилди — жамоага дисквалификацияга учраган Пепе етишмади. Сербларнинг бир голи ҳисобга олинмади. Бошқа вазиятда Влаҳовичнинг зарбаси устунга тегди, аммо учинчи уриниш муваффақиятли чиқди. Сербларнинг ҳужумини якунлашда Тадич  у қадар аниқ ҳаракат қила олмади, аммо ўйин арафасида терма жамоа сафидаги юзинчи ўйини муносабати билан табрикларни қабул қилиб олган Руй Патрисиу ўзига қарата берилган зарбани тўсишда муваффақиятсиз ҳаракат қилди ва тўпни дарвоза чизиғидан ўтгандан кейин ушлаб олди.

Дуранг ҳисоб ҳам Португалияни қониқтирарди. Лекин серблар биринчи бўлим якунларига кўра зарбалар беришда ҳам (8-5), тўпга эгалик қилиш борасида ҳам (56 фоиз) устунлик қилишди ва бу Фернанду Сантушнинг прагматизми оқибати эмас, амалда ҳам меҳмонлар кучлироқ экани исботи эди.

Иккинчи бўлимда ҳам серблар яхшироқ ўйнашда давом этди. Танаффусда яримҳимоячи Гудель ўрнига чемпионшипнинг энг яхши тўпурари Александр Митрович туширилди. Португаллар ҳимояда ҳам, майдон марказида ҳам эҳтиёткорона ўйин кўрсатишди, Данилу Перейра кўпроқ ортга қайтиб, учинчи марказий ҳимоячи позициясини эгаллади.

Финал ҳуштаги чалинишига бир неча дақиқа қолганида ҳам бу тўғри ёндашувдек кўринаётганди, Роналдунинг майдонда деярли билинмаётганини у терма жамоанинг ҳал қилувчи ўйинларида барча масъулиятни ўз зиммасига олмасликни одатлангани билан изоҳлаш мумкин. Масалан, Миллатлар лигасининг биринчи финалида бўлгани каби. Аммо Тадич дарвозанинг узоқ устуни яқинига тўп етказиб берган ва Митрович ўзига яқин бурчакка тўпни ерга сапчитиб йўллаб, Руй Патрисиуни  иложсиз қолдирганида бу фикрларнинг барчаси аҳамиятини йўқотди.

Сербия жасур ва умид билан ҳаракат қилди, Йович ўйин охирида майдонга тушгач, уч марказий ҳужумчи билан ўйнади. Серблар Лиссабонга фақат ғалаба учун келишганди ва бунга эришишди. Португалия эса плей-оффда иштирок этади, энди ЖЧ-2022 Роналдусиз ўтиши ҳам мумкин. Ўйин якунлангач газонга ўтириб қолган ва кўз ёшларини тия олмаган Криштиану энди март ойида ўзининг Супермен эканини эслаши керак бўлади.

Люксембург — Ирландия — 0:3 (Даффи, 67. Огбене, 75. К.Робинсон, 88).

Ибра билан икки ўйинда скандинавлар бирорта гол ура олмади

B гуруҳи
Испания — Швеция — 1:0 
(0:0)
Гол: Мората, 86.
Испания: Симон, Аспиликуэта, Жорди Альба, Ляпорт, Пау Торрес, Бускетс, Сарабия (Мората, 59), Ольмо (Эрнандес, 90), Солер (Мерино, 74), Гави (Мендес, 90), Рауль де Томас (Родриго, 60).
Швеция: Ульсен, Крафт (Март.Ольссон, 85), Аугустинссон, Линделеф, Нильссон, Экдаль, Классон, Форсберг (Куайзон, 63), К.Ольссон, Кулушевски (Сванберг, 63), Исак (Ибраҳимович, 73).
Огоҳлантиришлар: Крафт, 77. Эрнандес, 90+1.
Ҳакам: Бриҳ (Германия).
14 ноябрь. Севилья. «Олимпийский» стадиони.

Испанлар ва шведлар сўнгги йилларда бир-бирининг жонига тегиб кетган бўлса ажаб эмас, лекин улар барибир бир-бири билан қайта-қайта ўйнашига тўғри келмоқда. Евро-2020 саралаши ва турнир финал босқичидаги ўзаро ўйинлардан кейин улар ЖЧ-2022 саралашида ҳам тўқнашди.

Стокҳолмдаги ўйинда Янне Андерссон шогирдлари Испания билан тенгма-тенг курашган. Қолаверса, шведлар Александр Исак ва Виктор Классоннинг голлари эвазига 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришганди. Аммо скандинавлар бош мураббийи ўйин натижасига юқори баҳо беришни ўзига эп кўрмаганди. «Биз саралаш босқичидаги уч ўйинни ўтказдик. Яна беш ўйин бор. Фақат 14 ноябрь куни хулоса чиқаришимиз ва бу ғалабанинг аҳамиятига баҳо беришимиз мумкин. Аммо биз ҳозирда яхши вазиятдамиз», — деганди Андерссон уй учрашувидаги ғалабадан кейин.

У мутлақо ҳақ бўлиб чиқди. Евро-2020 яримфиналчиларини мағлуб этгач, Швеция Греция (1:2) ва Грузиядан (0:2) мағлубиятлар қабул қилиб олди. Испанлар ҳам грекларга қарши уй учрашувида очко йўқотган (1:1), аммо бу ўйин мартда бўлиб ўтганди. Сўнгги тур арафасида Луис Энрике шведлардан бир очко устунликка эга эди (15га қарши 16).

Севилиядаги «Ла Картуха» стадиони йил мобайнида иккинчи бор Испания ва Швеция учрашувини қабул қилди. Евро-2020 гуруҳ босқичининг биринчи турида қайд этилган голсиз дуранг мухлисларни у қадар ташвишга солмаганди, бу сафарги ўйин эса — буткул бошқача эди. «Евродаги билан таққослаганда бу бошқача стадион бўлади. «Ла Картуха» бугун дўзахга айланади, биз эса олға учамиз», — дея жанговар кайфиятни ифодалади ўйиндан олдин Луис Энрике.

Севильядаги «дўзах» Испанияни олға бошлади деб айтиш қийин. Биринчи бўлимда тўпга эгалик қилиш борасида 71 фоизлик устунлик майдон эгаларига бирорта вазият яратиш имконини тақдим этмади. Швеция эса, Эмил Форсбергнинг саъй-ҳаракатлари билан икки марта гол уришга яқин келди. 16-дақиқада ушбу яримҳимоячи қарши ҳужумда тўпни Унаи Симон қўриқлаётган дарвозанинг ўнг томондаги устунига теккизди, 39-дақиқада «Лейпциг» футболчиси Людвиг Аугустинссонни тўп билан таъминлаб, қулай вазиятга чиқарди, аммо у чап бурчакни аниқ нишонга ололмади.

Испанияга дуранг ҳам етарли эди, аммо жамоа бу натижани сақлаб қолиши қийин бўлди. Иккинчи бўлим бошида Сесар Аспиликуэтанинг қўпол хатосидан шведлар ҳужумчиси Исак фойдалана олмади. Испанларнинг тўпга эгалик қилиш бўйича устунлиги танаффусдан кейин ҳам самарасиз қолаверди. Иккинчи бўлим ўрталаридан ўтиб Швеция таркиби Златан Ибраҳимович билан кучайтирилди. 40 ёшли форвард Грузияга қарши ўйинда 90 дақиқа давомида югурган, аммо бу натижа келтирмаганди. «Милан» ҳужумчиси ҳал қилувчи учрашувда 20 дақиқа ўйнади. Аммо Ибранинг майдонга чиқиши, ўйинни янада кучайтирди дейиш қийин.

Ўйиндаги илк аниқ зарба 84-дақиқага тўғри келди: Альваро Мората тўпни Робин Ольсеннинг қўллари томон тепди. Аммо форвард бу билан чекланмади. Икки дақиқа ўтиб «Ювентус» футболчиси Испаниянинг ЖЧ-2022 йўлланмасини кафолатловчи голни урди. Дани Ольмо узоқдан кучли зарба йўллади, Швеция ҳимоячилари эса Ольсенни қўллаб-қувватлай олишмади ва Мората тўпга эга чиқиб, уни дарвозага киритиб юборишига тўсқинлик қилишмади.

Шведларнинг сўнгги дақиқалардаги штурми Испания дарвозаси томон бир неча стандарт вазиятлардан бошқа нарса келтирмади. Минимал ҳисобдаги ғалаба Луис Энрике ва компанияга ЖЧ-2022га йўл олиш учун кифоя қилди, Швеция эса март ойида ўтиш ўйинларида иштирок этишига тўғри келади.

Греция — Косово — 1:1 (Масурас, 44 — Раҳмани, 76).

Россия плей-оффда қатнашади

H гуруҳи
Хорватия — Россия — 1:0 (0:0)
Гол: Кудряшов, 81 — автогол.
Хорватия: Грбич, Ловрен, Соса, Юранович (Брекало, 76), Гвардиол, Модрич, Перишич, Брозович, Пашалич (Ливая, 75), Влашич (Петкович, 58), Крамарич (Станишич, 86).
Россия: Сафонов, Кудряшов, Джикия, Караваев, Дивеев, Ионов (Зобнин, 57), Баринов, Головин (Чистяков, 56), Фомин (Глебов, 80), Бакаев (Мостовой, 78), Смолов (Заболотний, 57).
Огоҳлантиришлар: Головин, 51. Смолов, 55. Ливая, 90. Грбич, 90.
Ҳакамлар: Маккели. де Врис, Стегстра (барчаси — Нидерландия).
14 ноябрь. Сплит. «Полюд» стадиони.

Россия дуранг ҳисобни сақлаб қолиш учун ўйнади ва ютқазиб, мундиалга тўғридан тўғри йўлланмадан маҳрум бўлди.

Россия ва Хорватия йил ўйинини кучли ёмғир остида ўтказишига тўғри келди. Биринчи бўлимда ёмғир майдонни у қадар ёмон ҳолатга келтирмаган бўлса, танаффусдан кейин футболчилар майдонда суза бошлади.

Бундай майдондаги ўйин кўпроқ 90-йилларни эслатарди. Бундай шароитда икки томон ҳам паслар узатишда муаммоларга дуч келди, лекин меҳмонларда ҳолат ёмонроқ эди - руслар икки-уч пасдан кейин тўпни йўқотишар ва тўпни ўзи билан олиб юришни ҳам уддалай олишмасди. Натижада Карпин шогирдлари чуқур ҳимояга ётиб, рақиб ҳужумларини қайтариш билан банд бўлди. 

Рақиб жарима майдонини қамал қилган хорватларнинг эса қайсидир ҳужуми самара келтириши тайин эди ва шундай бўлиб чиқди ҳам. Мезбонлар босими ҳимоячи ўз дарвозасини ишғол этиб қўйиши билан якунланди ва хорватлар энди Қатарга боради. Россия эса ўтиш ўйинларида имкониятларини синаб кўришга мажбур. Бу босқичда гуруҳларда иккинчи ўринларни эгаллаган 10 жамоа ҳамда Миллатлар лигасида гуруҳларида ғолиб бўлганларнинг (лекин ЖЧ саралаш босқичида иккинчи ўринларни эгаллай олмаган) энг яхши натижага эга иккитаси қатнашади. 

Плей-офф схемаси оддий — 12 терма жамоа қуръа асосида учга ажралади. Аввал бўлгани каби ҳар бир иштирокчи икки ўйин ўтказади, аммо ҳозир икки турли рақибни мағлуб этиш керак бўлади. Қуръа 26 ноябрь куни Цюрихда бўлиб ўтади. Ўйинлар баҳорга белгиланган: яримфиналлар — 24-25 март, финаллар — 28-29 март.

Яримфиналларда «сараланганлар» ва «сараланмаганлар» ажралади — бу уларнинг саралаш гуруҳ босқичидаги очколарига асосланади. «Сараланганлар» плей-оффнинг илк ўйинларини ўз майдонида қабул қилади.

Словения — Кипр 2:1
Голлар: Зайц (28), Гнезда (84) — Какулис (89).

Мальта — Словакия 0:6
Голлар: Руснак (6, 16), Дуда (8, 69, 80), де Марко (72).

J гуруҳи
Арманистон — Германия 1:4

Голлар: Мхитарян (59, пенальти) — Ҳаверц (15), Гундўған (45+4 пенальти, 50), Ҳофманн (60). 
Германия – тер Стеген, Керер, Та, Гинтер, Раум, Ҳавертц, Ҳофманн (Баку, 84), Сане (Брандт, 60), Гундўған (Арнольд, 60), Мюллер (Нмеча, 60), Нойҳаус (Фолланд, 73).

Германия натижаси аҳамиятсиз ўйинда ҳам йирик ҳисобда ғалаба қозонди, гуруҳда баҳорги ўйинларда немисларни мағлуб этган ҳолда сенсация қайд этган македонияликлар сўнгги тургача муваффақиятни давом эттириб, иккинчи ўринни олди ва плей-офф босқичига ўтди. Руминия бир очколик фарқ билан учинчи ўринда қолиб кетди.

Шимолий Македония — Исландия 3:1
Голлар: Алиоски (7), Элмаз (65, 87) — Торстейнссон (54). 
Шимолий Македония – Димитриевски, Велкоски, Ристовски (Зайков, 89), Муслиу, Алиоски, Барди, Чурлинов (Ашковски, 63), Костадинов, Элмаз, Трайковски (Спировски, 78), Ристовски (Миовски, 77). 
Исландия – Олафссон, Сайварссон, Гретарссон, Бьярнасон, Тораринссон (Траундарсон, 86), Тоурдарсон (Ҳельгасон, 72), Йоҳаннессон, Гудмундссон (Эллертссон, 86), Бьярнасон, Торстейнссон (Траустасон, 78), Гудьонсен (Гудьонсен, 72).
Четлатиш: Йоҳанессон (79). 

Лихтенштейн — Руминия 0:2
Голлар: Ман (8), Банку (87). 
Амалга оширилмаган пенальти: Станчу (35).
Руминия – Ницэ, Буркэ, Банку, Рус, Маня, Неделку, Моруцан (Чикилдэу, 73), Станчу (Максим, 63), Ман (Ҳажи, 74), Пушкаш (Алибек, 64), Иван (Сали, 82).

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар