08.11.2021 18:41
3421
Европада ҳафта ўйинлари. Шомуродовнинг гол ва паси Моуриньони қутқаролмади, Испанияда даҳшатли камбэклар

«Барса» 3:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қололмади, Милан дербисида кучлар тенг келди, Неймар фаолиятидаги 400-голни урди. Дам олиш кунларида кучли бешлик чемпионатларидаги асосий воқеалар.

Италия: юқорида яна қўшҳокимлик
«Венеция» — «Рома» — 3:2 (Кальдара, 3. Араму, 65, пенальтидан. Окереке, 74 — Шомуродов, 43. Абраҳам, 45+2).

Кун ўйинларини бошлаб берган римликлар шундай бошлашдики, Жозе Моуриньонинг жамоа раҳбарлигида қолиш-қолмаслиги масаласи яна кун тартибига чиқди. Аммо «бўрилар» барибир Конференциялар лигасида «Буде-Глимт»га қарши муваффақиятсиз ўйинлардан кейин барибир тишини кўрсатди, ўзбекистонлик ҳужумчи Шомуродовни бошланғич таркибда тушириш қарори тўғри бўлиб чиқди. У «Венеция»га қарши ўйиннинг биринчи бўлими охирида икки голни ташкиллаштириб, ўйинда бурилиш ясади. Аввалига у рақиб жарима майдонидаги тартибсизликлардан фойдаланиб, август ойидан буён илк бор гол урди, бу унинг янги жамоаси учун А Серияда урган илк голи бўлди, икки дақиқа ўтиб, Абраҳамни голли пас билан таъминлади.

Аммо чемпионат аутсайдерларидан бири ўз майдонида таслим бўлиш ҳақида ўйламади ва Кальдаранинг ўйин бошидаги тезкор голи билан чекланмади. Бу ҳимоячи иккинчи бўлимда пенальти ишлади, уни Араму аниқ ижро этди. Ҳисоб тенглашгач, римликлар меҳмонлар жарима майдонини қамал қилишди, аммо рақиб қарши ҳужумдан фойдаланиб, Окереке ғалаба голини урди. «Рома»да ўйин инқирози юзага келгани кўриниб турибди: барча турнирлар доирасидаги сўнгги етти ўйинда жамоа бир ғалаба ва тўрт мағлубият қайд этган.

«Лацио» — «Салернитана» — 3:0 (Иммобиле, 31. Педро, 36. Луис Альберто, 69).

Венецияда мағлуб бўлиш орқали «Рома» нафақат «Аталанта»ни олдинга ўтказиб юбориб, кучли тўртликка кириш имконини бой берди, балки олтинчи ўринга ҳам тушиб кетди. Бешинчи ўрин Римнинг бошқа бир жамоаси «Лацио» томонидан тортиб олинди. «Бургутлар» сафида Иммобиле яна ёрқин ўйин кўрсатмоқда, у беш дақиқа ичида Италия чемпионатининг жорий мавсумида 10 гол урган биринчи футболчига айланиш билан кифояланмасдан, Педрога ассистентлик ҳам қилди. У ҳафта ичида иккинчи бор «Лацио» тарихига кирмоқда. Аввалига клуб тарихидаги энг яхши тўпурар сифатида, энди эса — қаторасига олтинчи мавсум камида 10 гол урган илк футболчи сифатида.

«Наполи» — «Верона» — 1:1 (Ди Лоренцо, 18 — Симеоне, 13).

Неаполитанликлар ноябрни Диего Марадона хотираси учун бағишлашмоқда ва барча ўйинларни буюк аргентиналикнинг сурати туширилган футболкаларда ўтказишмоқда. Фон сифатида ўтган йил вафот этган афсонанинг бармоқ излари танланган.

Бунда ўзига хос рамзий маъно бор, ахир дон Диего давридан буён скудеттони қўлга киритмаган «Наполи» айни вақтда чемпионатда етакчилик қилмоқда. Аммо ҳозирги «Верона» — ҳатто Лучано Спаллетти учун ҳам чақилмас ёнғоқ бўлиб чиқди. Жамоа ҳужум чизиғида ҳимояланишда ҳам моҳир бўлган, Диего Симеоненинг ўғли Жованни Симеоне жавлон урмоқда ва у бу сафар ҳам майдонни голсиз тарк этмади. Вероналиклар дуранг ҳисобни сақлаб қолишди ва бу турнир жадвалининг юқори қисмидаги ҳолатга ҳам таъсир кўрсатди.

«Милан» — «Интер» — 1:1 (де Фрай, 17, автогол — Хоқон Чалхонўғли, 11, пенальтидан).

Неаполдаги дуранг шуни англатардики, дам олиш кунларидаги асосий ўйинда ғалаба қозонса, «Милан» чемпионатнинг яққол пешқадамига айланиб оларди. Россонери А Серия ва Чемпионлар лигасида икки хил натижалар кўрсатмоқда — ички чемпионатдаги ўйинда мезбонлар тезкор гол ўтказиб юборди, жамоанинг собиқ футболчиси Хоқон Чалхонўғли пенальтидан унумли фойдаланди. Стефано Пиоли шогирдлари бу голга жавобан катта куч билан олдинга ташланишди ва Томори де Фрайни ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйишга мажбурлади.

Бундан ташқари, ўйинда психология нуқтайи назаридан ҳал қилувчи нуқта мезбонлар дарвозасига иккинчи 11-метрлик зарба қўйилганда рўй берди. Штатдаги пенальтичи ўрнига тўпни Лаутаро Мартинес нуқтага жойлаштирди. Аргентиналик футболчи бу орқали жамоадаги интизомни бузди ва бу айби учун Тэтэрушануга қарши дуэлда мағлуб бўлиб, тўлов қилди. Руминиялик посбоннинг сэйви жамоани руҳлантирди ва футболчилар бундан кейин унга муаммо туғдирмасликка ҳаракат қилишди, биринчи бўлим охирида тўп мезбон жамоа дарвозаси чизиғи устидан қайтариб юборилди.

Буларнинг барчаси иккинчи бўлимга таъсир кўрсатди, бўлимнинг аксар қисмида «Интер» яхшироқ ҳаракат қилди, аммо энди «нерадзурри»ларда яққол голли вазиятлар бўлмади. Ўйиннинг охирги қисми эса қизил-қоралар устунлигида кечди, ҳужумлардан бири якунида Салемакерснинг зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтди, қайтган тўпга зарба берган Кессьега аниқлик етишмади. Якунда — мантиқий дуранг ва бу фақат «Наполи» мухлисларини хурсанд қилди.

«Ювентус» — «Фиорентина» — 1:0 (Куадрадо, 90+1).

Ўтган турлардаги муваффақиятсизликлардан кейин Массимилано Аллегри «Ювентус» футболчиларини базага қамади ва бу қатъий қарор ўз самарасини берди. ЕЧЛда «Зенит»га тўрт гол урган туринликлар А Серияда ҳам ғалабага эришди. Шанба кунги ўйиннинг биринчи бўлими «Фиорентина» сценарийсида кечди, меҳмонлар ёрқинроқ ўйин кўрсатишди ва бўлим арафасида улар ҳисобни очиши ҳам мумкин эди, аммо бош ҳакам тўп Данилунинг қўлига теккан вазиятда пенальти беришга жазм этмади. Туринликлар аввалги турда «Сассуоло»га қарши мағлубиятли ўйинда бўлгани каби бу ўйиннинг биринчи бўлимида ҳам илк 45 дақиқаликда рақиб дарвозаси сари бирорта аниқ зарба йўлламади.

Танаффусдан кейин ҳам меҳмонлар ҳужумкор ўйнашда давом этишди, аммо 72-дақиқада Миленковичга иккинчи сариқ карточка кўрсатилиши ўйин тақдирини ҳал қилди. Сербиялик ҳимоячи майдон марказида аҳмоқона тарзда қўпол ҳаракат қилди ва кўпчилик бўлиб олган «Ювентус» буни ҳисобда ҳам акс эттирди. Сўнгги йигирма дақиқаликни тўлиқ олдинда ўтказган мезбонлар қатор голли вазиятларга эга бўлишди, Кьезанинг зарбаси тўсинга тегди, Моратанинг голи офсайддан урилгани учун инобатга олинмади ва ниҳоят қўшимча дақиқаларда Куадрадо яқин бурчакни аниқ нишонга олган ҳолда рақиб дарвозабонини иложсиз қолдирди.

Аллегри тўғри алмаштиришлар амалга оширди, колумбиялик футболчи мураббийга бьянконери бошқарувидаги 200-ғалабани тақдим этди. А Серия бошланган 1929/30 йилги мавсумдан буён бунгача фақат икки мутахассис — Жованни Трапаттони (319) ва Марчело Липпи (227) шундай натижага эришган.

Испания: Хави тайинланган кун «Барса» 3:0 ҳисобидаги устунликни бой берди

«Сельта» — «Барселона» — 3:3 (Аспас, 52, 90+6. Нолито, 74 — Фати, 5. Бускетс, 18. Депай, 34).

Шанба куни тонгида кўк-анорранглилар Хави жамоа бош мураббийлигига тайинлангани ҳақида расман хабар қилди, аммо у бироз кейинроқ ишга киришади: унинг расмий дебюти терма жамоалар учун танаффусдан кейин рўй беради — «Эспаньол»га қарши дербида. Вигодаги ўйинга эса «Барселона»ни иккинчи жамоа устози Серхи Бархуан олиб борди. Статистика нуқтайи назаридан бу уникал ўйин эди, «Сельта» жорий мавсумда ўз майдони «Балаидос»даги ўйинларда ҳисобда олдинда бормаган (уй учрашувларидаги ягона ғалаба сентябрь ойида «Гранада»га қарши ўйинда қайд этилган, 90+4-дақиқада ягона гол урилганди), каталонияликлар эса сафар учрашувларида ҳисобни очишмаётганди.

Аммо бу серия Ансу Фатининг голи билан бузилди, у ҳар бир ҳаракати билан мухлисларга ўзининг ўнинчи рақамга муносиблигини кўрсатмоқда. Хавининг шу кунги мухлисларга мурожаати барчани илҳомлантириб юборганди. Депай ҳам қаторасига иккинчи ўйинда гол урди, ҳатто собиқ жамоадоши қайтишини Бускетс гол билан нишонлади. Аммо Фати яна бир бор жароҳат олиши кўк-анорранглиларнинг биринчи бўлимни идеал тарзда якунлашига халал берди.

Аммо ҳозирги «Барселона» учун рақибни йирик ҳисобда тор-мор этиш эртакнамо сценарий бўлиб қолган. «Сельта» иккинчи бўлимни ҳужумкор ўтказиб ҳисобни қисқартирди, сўнгги дақиқаларда эса рақиб дарвозаси қамал қилинди ва ўйинга қўшиб берилган олтинчи дақиқада Аспас узоқдан йўллаган зарбаси билан дарвозанинг юқори тўққизлигини аниқ нишонга олди. Галисияликлар сардори — тер Штеген учун даҳшатли туш бўлиб қолмоқда, у германиялик дарвозабонга энг кўп гол урган футболчидир (7 гол). «Барселона» 1998 йил январидан буён илк марта учта гол фарқи билан устунликни бой берди, шу вақтгача учта гол фарқи юзага келтирилган 276 ўйинда ғалаба сақлаб қолинганди. Бу ҳолат жамоа ўйинидаги инқироз нақадар чуқурлигини ва Хавининг қаршисида қиладиган иш кўплигини яна бир бор кўрсатиб берди.

«Реал» — «Райо Вальекано» — 2:1 (Кроос, 14. Бензема, 28 — Фалькао, 76).

«Реал» аввалги икки уй учрашувини голсиз дуранг билан якунлаганди, аммо бу сафар «Сантьяго Бернабеу»да Мадриднинг бошқа бир жамоаси қаторасига 11-ўйинда мағлуб этилди. Ўйин бошида Крооснинг голи ҳакам томонидан офсайд қайд этилиб бекор қилинди, аммо видеотакрордан кейин узатма муаллифи Винисиус Жуниор офсайдда эмаслиги маълум бўлди ва гол ҳисобланди. Кўп ўтмай Алабанинг қанотдан оширган тўпини Бензема дарвозага жойлади примера ўйинларида қаторасига ўнинчи ўйинда гол урди, бу ўйинда ким ғалаба қозонишига шубҳа қолмади.

Ўйин охирида ўн кун олдин «Барселона» дарвозасини ҳам ишғол қилган Фалькао интригани қайтарди. Бундан аввалроқ «Райо» ҳужумларидан бирида тўп устунга теккан ва қаймоқранглилар мухлислари хавотирлана бошлаганди. Агар Фалькао ўйинга тушганига 7 дақиқа ўтганида мажбуран алмаштирилмаганида, меҳмонларда яна вазиятлар бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо қўшимча дақиқалар колумбиялик ҳужумчисиз ҳам қизғин кечди: Кроос тўпни дарвоза чизиғи устидан қайтариб юборди, Куртуа сейв қилди ва Камавинга рақиб оёғига тепишидан кейин пенальти белгиланмагани учун кичик можароли ҳолат юз берди.

Испанияда ҳакамларнинг Мадридга муҳаббати мавзуси яна долзарблашмоқда, Карло Анчелотти жамоаси эса шанба кунги ўйинлардан кейин чемпионат пешқадами бўлиб олди.

«Барселона»га ҳавас қилган «Атлетико»
«Валенсия» — «Атлетико» — 3:3 (Савич, 50, автогол. Уго Дуро, 90+2, 90+6 — Суарес, 35. Гризманн, 58. Врсалько, 60).

Валенсияликлар бу ўйинда ҳам Суаресни тўхтата олишмади. Уругвайлик форвард ўзи учун қулай бўлган бу рақиб дарвозасини 14-бор ишғол этди, иккинчи бўлимда автогол туфайли ҳисоб тенглашгач, у яна бир гол ташкиллаштирди. Бу эпизод тур якунларига кўра энг кўп муҳокама этилаётган вазият бўлмоқда, бу вазиятда тўп рақиб оёғидан уругвайликнинг қўлига тегиб, Врсалькога бориб тушганди.

ВАР бу эпизодда қоида бузилмаган деб топди ва арбитр майдон марказини кўрсатди. Икки дақиқа ўтиб «Атлетико» Гризманн ижросидаги «тўққизлик»ка йўлланган зарба орқали ҳисобдаги фарқни янада оширди, аммо «Валенсия» синиб қолмади ва шанба куни ирода кўрсатган «Сельта» жасоратидан илҳом олди. Бир томондан, галисияликлар «Барселона»га қарши ўйинда учта тўп фарқини йўққа чиқаргани билан зўрроқ кўринса, бошқа томондан Хосе Бордаласа жамоаси 90-дақиқадан кейин икки гол урганига ақл бовар қилмайди.

«Атлетико» учун ҳал қилувчи палла Гризманнга бурчакдаги байроқча олдида қилинган фол учун жарима зарбаси белгиланиши бўлди. Уго Дуро Ла Лига тарихига қўшимча дақиқаларда қутқарувчи дубль қайд этган илк футболчи сифатида кирди, ушбу ҳужумчи 85-дақиқада майдонга тушган ва бу вақт ичида фақат икки зарба берганди.

«Осасуна» — «Реал Сосьедад» — 0:2 (Мерино, 72. Янузай, 82, пенальти).

Аввалги ҳафталарда бўлгани каби бу турда ҳам шанба кунги ўйинлардан кейин лига етакчиси бўлиб олган «Реал» якшанба кунги ўйинлардан кейин бу мақомни Сан-Себастьян жамоасига қайтарди. Басклар биринчи бўлимдаги голсиз дурангдан кейин ҳам хотиржам эди. Биринчидан, «Осасуна» ўз уйида ҳам, сафар ўйинларида ҳам яхши ўйнай олмаяпти, иккинчидан «Реал Сосьедад» — айни вақтда иккинчи бўлимларда натижага эришиш борасида Европанинг энг яхши жамоаси бўлиб турибди. Якунда Мерино ва Янузай бу анъанани яна бир бор тасдиқлади: Иманола Альгуасиля жамоаси ла лигадаги 19 голидан 17тасини танаффусдан кейин урган.

«Бетис» — «Севилья» — 0:2 (Акунья, 50. Бельерин, 81, автогол).

Севилия дербиси анчадан буён ҳозирги каби турнир аҳамиятига эга бўлмаганди, якшанба кунги тўқнашув арафасида турнир жадвалида бешинчи ўринда турган жамоа учинчи ўриндаги жамоани қабул қилди - бу жамоалар орасидаги фарқ уч очкони ташкил этаётганди. Бу фарқни йўққа чиқариш учун «Бетис» 2018 йилдан буён илк марта ўз ҳамшаҳарларини мағлуб этиши талаб этиларди.

Аммо биринчи бўлим охирида Гвидо Родригес четлатилди ва амалда мезбонларнинг ғалаба учун умиди сўнди, ўйин ҳаками ушбу аргентиналик футболчига иккинчи сариқ карточкани анча аввалроқ кўрсатиши ҳам мумкин эди. Сон жиҳатдан устунликни Акунья ҳисобдаги устунликка кўчирди. Ҳужумга қўшилган аргентиналик ҳимоячи тўпни яқин «тўққизлик»ка жойлади. Бу кечанинг омадсизи Беллерин бўлди, унинг биринчи бўлимдаги голи офсайд туфайли бекор қилинганди, ўйин охирларида ушбу ҳимоячи ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди. Ўз фаолиятидаги 21-дербида майдонга тушган 40 ёшли Хоакин ўйинни қутқаришга ёрдам бера олмади - иккинчи гол туфайли ўйиндаги интрига ўлди.

Германия: «Бавария»нинг янги рекорди
«Бавария» — «Фрайбург» — 2:1 (Горецка, 33. Левандовски, 75 — Ҳаберер, 90+3).

«Бавария» жорий мавсумнинг асосий исёнкорини синовдан ўтказди. Мураббийлик фаолиятини ўтган асрдаёқ «Фрайбург» ёшлар жамоасида бошлаган Кристиан Штрайҳ асосий жамоада ўн йил ишлаб, яна бир кучли таркиб йиғди ва бу жамоа эндиликда кучли учликдан мустаҳкам ўрин эгаллаган. Мюнхенга сафаргача мавсумда бирор ўйинда мағлуб бўлмаган фрайбургликлар етакчидан уч очко ортда қолаётганди.

Бу рақибни мағлуб этиш орқали «Бавария» фарқни олти очкога етказди. Рақиб фаворитни меҳнат қилишга мажбурлай олди, ўйин охирида чемпионларнинг асаблари дош бермади ва ҳисоб қисқарди. Левандовски бу ўйинда ҳам гол уриб, баварияликларнинг йил бошидан буён урган голлари сонини 100тага етказиб қўйди. Бу янги клуб рекорди, турнир тарихидаги энг яхши натижа эса 1977 йилда «Кёльн» томонидан қайд этилган. Лекин йил охиригача анча бор ва яна бир неча аниқ зарбадан кейин бу рекорд ҳам янгиланади.

«Лейпциг» — «Боруссия» Д — 2:1 (Нкунку, 29. Поульсен, 68 — Ройс, 52).

«Зальцбург»нинг собиқ мураббийлари тўқнашуви Жесси Маршнинг Марко Розе устидан ғалабаси билан якунланди. Бу ўйинда «Боруссия» футболчилари амалга оширган ягона ёрқин ҳаракат — Меньенинг рақиб ҳимоясини ёриб ўтган Ройсга узатмаси бўлди, Марко бундеслигада сариқ-қоралар либосида 102-голини урди ва Дортмунд жамоасининг энг яхши тўпурарлари рўйхатида Стефан Шапюиз билан тенглашиб олди (тўртинчи кўрсаткич).

«Лейпциг»да эса асосий қаҳрамон — Нкунку. Аввалги мавсумларда самарадорлик кўрсатмаган бу яримҳимоячи жорий мавсумда 10 гол уришга улгурди. Бундан ташқари, ушбу француз ҳисоб 1:1 эканида йўллаган зарба дарвоза устунига тегди, кейинроқ Поульсенга ғалаба голини уришда ассистентлик қилди. Бунга қадар тўрт йил мобайнида «Боруссия»ни енга олмаган «ҳўкизлар» бу сафар ўтган турдагидан фарқли равишда ҳимояда тартибли ҳаракат қилишди, ўтган турда «Айнтрахт»га қарши ўйинда қўшиб берилган 4-дақиқада гол ўтказиб юборилиб, ғалаба бой берилганди.

Франция: Неймарнинг қайғули юбилейи

Неймар ва Килиан Мбаппе. Фото AFP

«Бордо» — «ПСЖ» — 2:3 (Элис, 76. Ньянг, 90+2 — Неймар, 26, 43. Мбаппе, 63).

Парижликлар ҳамон жароҳат сабаб сафдан чиққан Мессисиз ўйнашмоқда, аммо Мбаппе ва Неймар ўз жойида. Бу тандем биринчи ўйиндаёқ икки голни ташкиллаштиришди, аммо бразилиялик футболчи ўз муваффақиятини нишонлашдан тийилди. Биринчи голдан кейин у махсус футболкасини намойиш этди - у голни шу кунларда авиаҳалокатда вафот этган бразилиялик қўшиқчи Марилия Мендонсега бағишлади.

Неймар жорий мавсумда «ПСЖ» сафида ўйиндан гол урмаётганди. Қолаверса, форвард ўз профессионал фаолиятидаги 400- ва 401-голларни урди. Унинг 90та аниқ зарбаси Франциядаги фаолиятига тўғри келади, энг самарали даври эса — «Сантос» сафида қайд этилган (136).

Англияда ҳафта ўйинлари (обзор бу ерда)

Дам олиш кунларида Англия премьер-лигасида ўтказилган навбатдаги тур баҳсларида «Челси» очко йўқотди, «МЮ» «Сити»га қарши дербида ҳеч нарса қилолмади, «Ливерпуль» ютқазди ва навбатдаги ғалабадан кейин бешинчи ўринга кўтарилган «Арсенал»ни ўзига яқинлаштириб олди.

Кун статистикаси

  • «Тондела» яримҳимоячиси Жоау Педру Португалия чемпионатида танаффусга қадар уч марта пенальтидан гол уриб ҳет-трик қайд этган илк футболчи бўлди.
  • «Галатасарой» «Фотиҳ Қорагумрук»ни қаторасига уч ўйинда мағлуб этолмади. Бу Туркия суперлигасида Фотиҳ Терим шогирдларига мағлуб бўлмаган ягона жамоа бўлиб қолмоқда.
  • «Фейеноорд» футболчиси Дессерс қаторасига тўрт ўйинда захирадан майдонга тушиб гол урди. Эредивизяда роттердамликлар сафида бундай самарали жокер футболчи 1998/99 йилги мавсумдаги Игорь Корнеевдан кейин бўлмаганди.
  • «Парма» дарвозасини қўриқлаётган Буффон фаолиятида илк бор биринчи бўлимда 4 гол ўтказиб юборди.
  • АПЛда 5 қуруқ ўйин ва мавсумда фақат тўртта гол ўтказиб юбориш —   «Арсенал» дарвозабони Рамсдэйл шундай фантастик старт олди.
  • «Милан» сафида 8 дербида қатнашган Хоқон Чалхонўғли фақат «Интер»га ўтгач дербилардаги илк голини урди.
  • «Вест Ҳэм» АПЛда ўтган мавсум бошидан буён урилган 85 голидан 23тасини стандарт вазиятлар орқали киритган.
  • «Арсенал» бошқарувидаги 100 ўйинда Микель Артета 54 ғалабага эришди. Клуб тарихида ундан яхшироқ старт фақат Жорж Грэм томонидан қайд этилган - дастлабки 100 ўйинда 56 ғалаба.
Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар