04.11.2021 21:18
4474
«Муссолини» Лондонда: мурватлар қаттиқ тортилиб, совринлар келиши бошланадими?

Лондоннинг «Тоттенҳэм» клуби ниҳоят «агент-мураббий» Нуну Эшпириту Сантуни истеъфога чиқарди. Клубдаги дастлабки уч ўйинида минимал ғалабага эришиб, ҳатто АПЛда ой мураббийи бўлган Санту охир-оқибат топ даражага кўтарилишни истаётган «Тоттенҳэм»га мос келмаслиги кўриниб қолди. «Вулверҳэмптон»да агент дўсти Жорже Мендеш билан футболчи олиб-сотишни дўндирган Санту дунёнинг энг зўр лигасида мураббий сифатида бир бош баланд сакрай олмади.

Санту истеъфога чиқарилгач, кўпчилик бир фамилияни такрорлай бошлади: Конте. Чунки «шпорлар» бошлиғи Даниэл Леви бирор топ мураббий билан келишиб қўйган бўлмаса, португалиялик мураббийни «отнинг калласидек» катта товон пули тўлаб бўшатмаган бўларди. Шундай бўлиб чиқди ҳам – Антони Конте «Тоттенҳэм» бош мураббийи бўлди. Хўш, у қийин ҳолатдаги «Тоттенҳэм»ни янги босқичга олиб чиқа оладими?

Кутилмаган тайинлов

Тўғриси, Контенинг «Тоттенҳэм»га келиши кутилмаган ҳолат бўлди. Ахир охирги йилларда дунё футболидаги энг кучли мураббийлардан бири бўлган ушбу мутахассиснинг каттароқ жамоага бориши кутилганди. Масалан, «МЮ»га. Аммо Сульшер Конте келади деган гап-сўзлар кўпайган бир вақтда «ҳамманинг устидан кулиб» худди Контенинг тактикаси билан кейинчалик унинг бўлажак жамоасига айланган «Тоттенҳэм»ни янчиб ташлади-да, «пропискасини чўздирди». Конте эса «МЮ»нинг таклифини шундоғам жуда узоқ кутиб юборди. Ортиқ ишсиз ўтиргиси келмаган мураббий «Тоттенҳэм» таклифини қабул қилди. Дарвоқе, «Тоттенҳэм»ни енгиб, Санту истеъфога чиқарилишини таъминлаган Сульшер эвазига Конте бошқарувидаги яхшигина бошоғриқ рақиб орттириб олди.

Санту ҳеч нарсани эплай олмади, ҳамма кетиш пайига тушиб қолди

Нуну Эшпириту Санту «Тоттенҳэм»га келгач, жамоада кутилган ўзгаришлар бўлишини жаноб Леви тахмин қилгандир, лекин футбол кўриб юрган одамлар Почеттино даврида бошланган ва ҳатто унинг ўзи давом эттиришга қийналган мураккаб эволюция Санту билан муваффақиятли кечишига ишонмаганди. «Саутҳэмптон»дан келган Почеттинонинг олдига узоқ муддатли вазифа қўйилганди. У аввалги иш жойида қилгани каби яхши жамоа шакллантириши, бор футболчилардан максимум натижа чиқариши лозим эди, Почеттино буни уддалади ҳам.

Аргентиналик мураббий даврида клубда ҳаммаси шунчалик тўғри қилина бошладики, янги келган футболчилар ҳам жамоага зўр киришиб кетиб, қарабсизки «Тоттенҳэм» ЕЧЛ финалида ўйнайдиган, АПЛда эса чемпионлик учун курашадиган жамоага айланди. Шимолий лондонликларда бинойидай характер ҳам кўриниб қолди. Қўшимчасига таркибда дунёнинг энг зўр ҳужумчиларидан бўлган Ҳарри Кейн бор эди. Жамоа тузиш ва уни янги босқичга олиб чиқиш каби олдига қўйилган миссиянинг биринчи қисмини Почеттино жуда яхши эплади. Аммо кейинги босқич янада қийинроқ эди – соврин ютиш, агар ўхшамаса, футболчиларга яна мотивация бериш. Аммо «Тоттенҳэм» футболчилари совринсиз мавсумлардан зерика бошлашди.

Охир-оқибат Почеттинонинг ўзи ҳам совринсизликдан қийналиб, жиловни бўшатиб юборди. Жамоада парокандалик бошланди, мураббий кетди. Шунчалик ёмон ҳолатда кетдики, ўзи ёшлигида тўп сурган жамоаси «ПСЖ»га бориб, Франция чемпионатини юта олмади. Бу тахминан «Пахтакор» билан Ўзбекистон чемпиони бўла олмаслик дегани эди. Хуллас, мана шундай мураккаб ҳолатдаги «Тоттенҳэм»га агент дўсти билан «Вулверҳэмптон»ни шоурумга айлантирган мураббий олиб келинди.

Футболчилар собиқ дарвозабон бўлмиш мураббийдан бошида нимадир кутди, аммо кейинчалик етакчилар кетиш пайига тушиб қолди. Ҳатто Кейн – Сон жуфтлиги ҳам бир-бирини тушуна олмай қолди. Кейн кетиши тобора аниқлашди, бу эса парокандаликнинг каттаси бошланмоқда дегани эди. Ниҳоят ноябрь ойига келибгина жиддий хатога йўл қўйганини тушунган Леви 15 миллион фунтдан кўпроқ товон пулининг баҳридан ўтиб, Сантуни истеъфога чиқарди. Энди йилига яна шунча маош тўлаб Контени ишлатади. Аммо яхши томони бор – «Тоттенҳэм»га мисли кўрилмаган умид кириб келди Конте билан бирга.

Мурватлар қаттиқ буралади

Антонио Контенинг охирги иш жойи Миланнинг «Интер» клуби бўлганди. Унинг қўл остида жамоа 11 йил ўтиб Италия чемпиони бўлди. Аммо мавсум якунида ҳатто асосий тўпурари Ромелу Лукакуни сақлаб қола олмаган жамоа раҳбарлари Конте билан келишмай қолишди. Топ даражадаги мураббий «МЮ»нинг захира футболчилари билан бутун бошли Италия чемпионатини ютгач, табиийки янги мавсумда янгича мақсадлар хоҳлаганди. Аммо клуб раҳбарлари футболчи сотишни бошлаб юборгач, Конте «тўрвасини йиғиштириб» кетди.

Бир сўз билан айтганда, Конте ҳали ишни унутадиган даражада кўп дам олгани йўқ. У шартнома имзолаган куниёқ машғулотларга киришиб кетди. Катта эҳтимол билан Контега бемалол ишлаш имкони берилади. У эса ишни тартиб ўрнатишдан бошлайди. Яъни, ўз одатига кўра мурватларни қаттиқ бураб олади. Унинг асосий устунлиги ҳам айнан тартиб. «Ювентус»нинг бугун якунига етаётгандек кўринаётган гегемонлик даври айнан Контенинг ҳайратланарли тартибга асосланган жамоасидан бошланган эди.

«Тоттенҳэм» учун эса тартиб мақтанадиган жиҳат эмас. Почеттино даврида жамоа асосан руҳий кўтаринкилик, эҳтирос ва ўта юқори тезлик эвазига натижага эришди. Яъни жамоа кўп гол ўтказиб юбораверса ҳам янада кўп гол уриш эвазига натижа қиларди, ҳимояга жиддий эътибор қаратишни ўйламасди. Конте эса бунақа бебошларча натижага рози бўлмайди. Чунки Почеттинонинг жамоаси бирор ўйинни 4:2 га ютиши ҳам, 0:4 га ютқазиши ҳам мумкин эди. Конте эса бундай риск устига жамоа қурмайди. Унинг жамоаси керак бўлса бутун мавсум давомида фақат 1:0 ҳисобида юриши мумкин.

Бу, албатта, минимум дастур. Конте ҳам жамоанинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолатда ўйин қилади. Сизда Кейн, Сон, Ндомбеле, Моура каби ҳужум вакиллари бўлганда ҳимоявий ўйинда ҳам 3-4талаб гол уриб юборишингиз мумкин. Бироқ ҳар қанақасига тартиб биринчи ўринда қолаверади, ақлдан озиб олдинги югуриш камаяди. Катта эҳтимол билан «Аякс» мағлуб этилгандаги каби фантастик ўйинлар ҳам бўлмайди. Бундай даражадаги ўйинлар бўлса, шунчаки 70-дақиқагача битта, ундан кейин битта гол уриб олиш тактикаси танланади, тамом. Ҳа, Контенинг жамоасига эҳтиросга максимал даражада кам имкон берилади, ҳиссиёт натижани кафолатламаслиги унутилмайди.

Футболчиларда кайфият ўзгаради

Эътибор берган бўлсангиз, «Тоттенҳэм»нинг аксар футболчилари Санту кетганидан кейин ўз саҳифасида у билан хайрлашиб пост ҳам қўйгани йўқ. Чунки улар португалиялик мураббий вақтида жамоада нималар бўлганини тушунмай ҳам қолишди. Контенинг келиши эса уларнинг кайфиятини ўзгартиргани табиий. Масалан, инглиз нашрлари Конте келганидан кейин Ҳарри Кейн жамоадан кетиш фикрини ўзгартиргани ҳақида ёзишди. Кейн эса «Тоттенҳэм»нинг ярми дегани. Кейн Англиядаги биринчи уринишида чемпион бўлган мураббий билан нималаргадир эришиш мумкинлигини ҳис қилиб, қарорини ўзгартирган бўлиши мумкин.

Тасаввур қилинг, зўр ўйинингиздан сўнг агент шериги билан сизни қайси жамоага сотиш мумкинлигини муҳокама қиладиган мураббий ўрнига охирги 7 мавсумнинг 6тасида камида 80 очко тўплаган, Туманли альбиондаги биринчи мавсумидаёқ АПЛни «ўз томорқасига айлантирган», «Ювентус»ни Италиянинг хўжайинига айлантириб, 11 йил ўтиб бошқа жамоа билан худди шу «Ювентус»нинг гегемонлигини тугатган топ мураббий келди. Сизда кайфият қандай ўзгарган бўларди? «Тоттенҳэм»дагиларда ҳам ҳозир шундай кайфият.

Конте тез натижа кўрсатиб, қочадими?

Антонио Конте ҳақида кўпчилик жуда тез натижа кўрсатадиган мураббий деб гапиришади. Қизиғи, натижа кўрсатишдаги тезкорлик мураббийнинг устунлиги эмас, камчилиги сифатида эътироф этилади. Ахир футболда садоқат, вафо тушунчалари ҳамма ерда амалда бўлиши керак деб ўйлайди-да мухлислар. Аммо бу чинакам спорт ва унинг асосий мақсади – натижа. Асосийси ғалаба эмас, иштирок дейиш эса мағлублар овунчоғи, тан олайлик.

Конте спортнинг асоси бўлмиш ғалабалар қандай келишини биладиган музаффар мураббий. Унинг тез натижа кўрсатиши – устунлик, мукаммал устунлик. У қайсидир жамоадан тез кетган бўлса, бу ўша жамоанинг муаммоси. Масалан, «Челси». Бу жамоа ўзига ёқмаган ҳар қандай мураббийни хоҳлаган вақтда кетказиб юборавериши мумкин. «Интер»дан эса Контени тез кетди деб бўлмайди. Клуб ваъдасини бажариб жамоани чемпион қилган мураббийга айтган шароитини қилиб бериш ўрнига асосий ҳужумчини сотиб юборди.

Ҳа, Контени тезда кетиб қолади дейиш осон, лекин у кетган жамоаларга қарасангиз, ҳамма ерда натижа қилиб кетган. «Тоттенҳэм»да мураббий узоқ вақт қолмайди деб ҳам ҳеч ким айтолмайди. Ҳар қандай мураббийда ҳам ўзи ёқтириб ишлайдиган жойи бўлади. Балки бу жой Контеда «Тоттенҳэм» бўлар.

Совринлар келадими?

Тўғрисини айтиш керак, ҳозирги «Тоттенҳэм» соврин ютадиган ҳолатда эмас. Охирги марта 2008 йил Хуанде Рамос билан лига кубогини ютган клуб нақ 5000 кундан бери ҳеч нарса ютгани йўқ. Мавсумолди машғулотларда ҳам қатнашмаган, ҳозир мағлубиятдан боши чиқмай қолган жамоани қабул қилган Контедан натижа талаб қилиш адолатдан эмас. Шундай экан, бу мавсумда «Тоттенҳэм»дан соврин кутиш қийин масала. Аммо Конте совринсиз туролмайдиган мураббий, балки биринчи мавсумида Англиядаги кубоклардан бирортасини ютиб, «Тоттенҳэм»нинг совринсиз жовони ҳақидаги ҳазилларга чек қўяр?

P.S. Италия тарихида қаттиққўллиги билан ёдда қолган диктатор Бенито Муссолини мухлислари Контени унга ўхшатганимиз учун хафа бўлмас. Антонио кескин гаплари билан тарихда ёмонотлиқ бўлган ватандошининг айнан қаттиққўллигини эслатади.

Ўткир Жалолхонов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар