Ўзбекистон Суперлигасида ҳакамлик ва мураббийларнинг матбуот анжуманларидаги фикрлари футбол мухлисларининг муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Бир неча кун аввал Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА)да Суперлига сўнгги тур беллашувларида ҳакамлар томонидан қабул қилинган баҳсли қарорлар мавзусида матбуот анжумани ташкил қилиниб, миллий чемпионат ҳакамлари ва ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматовнинг изоҳлари тингланди. Масаланинг иккинчи тарафи эса Ўзбекистон профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ)га боғлиқ. ЎзПФЛ клубларни лицензиялаш ва халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Зоҳиржон Акрамхонов билан ўтказилган суҳбатда футболимиз атрофида юз бераётган сўнгги воқеликлар ҳақида сўз юритилди.
Сўнгги пайтларда бўлиб ўтган бир қатор муаммоли вазиятларга қарамай, айни пайтда футболимиз катта совринни қўлга киритиш арафасида. Қаршининг «Насаф» клуби ОФК Кубоги финалида ўйнайди. Буни бевосита ЎзПФЛнинг ҳам ютуғи дейиш мумкин. Ҳал қилувчи беллашув олдидан сизларда қандай ҳиссиётлар кечмоқда?
- «Насаф»нинг ютуғи нафақат клуб ёки мамлакат футболи расмийлари, балки ўзбек футболига бефарқ бўлмаган барча мухлисларнинг, ватандошларимизнинг ҳам ютуғи, десак тўғри бўлади. Қитъа миқёсидаги турнирлар финалида ўйнаш ҳар доим ёқимли ҳисларни тақдим этади.
Албатта, лекин нега биз 10 йилга яқин вақт мобайнида ОФК Кубогида қатнашмадик? Бу ЎФА ёки ЎзПФЛнинг қарори бўлганми? Ёҳуд Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) бизга лицензия бермаганми?
- Биласизми, футбол мухлисларимиз Европа футболини жиддий қизиқиш билан кузатиб борганлари учун ОФК квоталаш тизимини тушунтириш бироз қийин кечади. УЕФА ва ОФКнинг бу борадаги сиёсати анчагина фарқ қилади.
ОФК сўнгги йилларда ушбу турнирнинг мақомини ўзгартириш ва уни ривожлантиришга киришди. Шу мақсадда, турнир ғолибига Осиё Чемпионлар Лигаси (ОЧЛ)да ўйнаш имкони тақдим этиляпти. Бунгача ОФК футболи ривожланган давлатларни ОЧЛда, бироз пастроқ даражадаги мамлакатлар клубларини эса ОФК Кубогида ўйнатарди. Сўнгги мавсумга эътибор қаратсак, ОЧЛда Ҳиндистон, Тожикистон, Туркманистон клубларига ҳам квоталар тақдим этилганини кўришимиз мумкин.
ОФК квота ажратишда нафақат клубларнинг халқаро майдондаги натижаси, балки миллий жамоанинг ҳам рейтингига эътибор қаратади. Сўнгги вақтларда Ўзбекистон миллий жамоаси ҳам муттасил равишда ФИФА рейтингида пастлаб боряпти. Бу ҳам ОФК Кубогида иштирок эта бошлашимизга сабаб бўлдими?
- Фикрингизда қисман жон бор, лекин ушбу жараёнга бироз бошқача ёндашган маъқул. ОФК квота ажратишда миллий жамоанинг ФИФА рейтингидаги ўрни ва клубларнинг қитъа миқёсидаги турнирлардаги иштирокини ҳисобга олади. ОФК квота тақсимотида 2 йиллик режимда иш олиб боради. Мисол учун, 2021 ва 2022 йилги мавсумлар учун Ўзбекистонга 1+1(+1) кўринишида йўлланма тақдим
- этилган. Келгуси йилги квота тақсимотида клубларимизнинг яхши натижалари ва рақобатчиларимизнинг муҳим рейтинг очколаридан қуруқ қолгани боис йўлланмаларимиз сони ошиши кутиляпти.
«Насаф»нинг ОФК Кубоги финалида ўйнаётгани қувончли ҳолат. Лекин ушбу жамоамиз аслида ОЧЛда қатнашиши керак эди. Мухлисларда айнан нима учун қаршиликлар ўрнида ОКМК Чемпионлар Лигасида қатнашди деган саволлар мавжуд?
- Ҳақли эътирозлар. Мамлакат биринчилиги кумуш медаллари соҳиби «Насаф» нега ОЧЛда қатнашмаяпти? ОЧЛда қатнашиш учун клублардан нафақат чемпионатда совриндорлар қаторидан жой олиш, балки ОФК лицензиясидан ўтиш ҳам талаб этилади. Айнан мана шу жиҳатдан «Насаф» жамоасида бир қатор камчиликлар кузатилди.
«Насаф» Суперлиганинг энг яхши стадион, инфратузилма, академияга эга жамоаларидан бири. Ва улар лицензиялашдан ўта олмаслигини тасаввур қилиш қийин. Содир бўлган воқеада клуб мутасаддилари бепарволик қилмаганми?
- Ростдан ҳам «Насаф» ҳеч бир жабҳада Суперлиганинг бошқа жамоаларидан ортда қоладиган, ОФК лицензиялашидан ўта олмайдиган ҳолатда эмасди. Гап шундаки, клуб масъуллари ОФК лицензиялаш жараёнининг ўта муҳим эканлигига эътибор қаратишмади ва ҳужжатлар ўз вақтида ташкилотга топширилмади. Натижада, клуб клублар миқёсидаги Осиёнинг энг нуфузли турнирида қатнашиш имкониятидан мосуво бўлди.
Мухлис баҳонларни тушунмайди. «Насаф» 2-ўринни олдими, ушбу жамоа ОЧЛда қатнашиши керак? Бу ҳолат бошқа қайтарилмаслиги учун ЎзПФЛ ва клублар нималар қилмоқда? Қайси клубларимизда жорий йилги лицензиялаш бўйича муаммолар бор?
- Энг аввало, клубларимиз раҳбарияти тушуниши керак - лицензиялаш жараёни жамоаларнинг нафақат миллий чемпионат, балки халқаро турнирларда ҳам иштирок этиши учун жуда муҳим жараён. «Насаф» билан содир бўлган ҳолат барчамиз учун дарс бўлди, дейишим мумкин. Чиндан ҳам, «Насаф»дек жамоанинг ОЧЛ йўлланмасидан четда қолиши оддий мухлис учун қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Шу сабабли, барча клублар лицензиялаш жараёнининг қанчалик муҳим эканини англаб етишди.
ЎзПФЛ регламентни бажармаган клубларни жазолайдими? Ёки сифатсиз майдонларда футбол ўйнашда давом этамизми?
- ЎзПФЛда ёш таркиб шаклланган. Биз миллий лицензиялаш регламентини тузиб чиқдик ва унинг ижросини ҳам йўлга қўйганмиз. Шу сабабли, жорий мавсум Суперлиганинг бир қатор клублари ёз ойлари давомида уй учрашувларини нейтрал майдонларда ёки сафарда ўтказишга мажбур бўлишди. Клублар ушбу камчиликларни бартараф этмаса, кейинги мавсумни тўлиқлигича ўз майдонида ўтказмаслиги ҳам мумкин.
Аслида, ЎзПФЛ регламент меъёрлари ОФКникидан баланд. Масалан, ОФК талабида стадионларнинг минимал ёритиш тизими 1200 люксдан кам бўлмаслиги керак. Миллий лицензиялаш регламентимизда эса биз клубларимизга камида 1800 люксли ёритиш тизимларини ўрнатишни талаб қилиб қўйганмиз. Жорий мавсум «Турон» клуби буткул янгидан сифатли ёритиш тизими ўрнатнан бўлса, «Қизилқум», «Локомотив», «Пахтакор» ва «Сўғдиёна» клублари прожекторларини яхшилаб олди. Биз суҳбатни амалга ошираётган «Бунёдкор» стадионида ёритиш даражаси 2900 люксни ташкил этади. УЕФА 2500-3000 люкс ёруғликни талаб қилаётган бир пайтда, бизнинг клубларимиз 1200-1400 люкс даражани ҳам таъминлай олмайман дейиши оғриқли ҳолат.
Футбол томошабоплиги унинг адолатли бошқарилишига боғлиқ. Афсуски, сўнгги пайтларда Суперлига учрашувларидаги ҳакамликни қониқарли деб бўлмайди. Устига-устак, ҳакамлар энг кўп хатога йўл қўяётган учрашувларда ВАР тизимининг ишламаётгани тасодифдек кўринмаяпти…
- Ҳакамларнинг юқори даражага кўтарилиши оз фурсатда юзага келадиган жараён эмас. Бунинг учун кўп вақт ва тажриба керак бўлади. Суперлига учрашувларига ҳакамларни ва ВАР тизимини ЎФА белгилайди. ЎФА қошида ҳакамларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш курслари ташкил қилинган.
ВАР тизимининг ўйинларга тайинланиши ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ЎФАнинг ҳакамлар ва назоратчилар бўлими томонидан аниқланадиган жараён. Бунда учрашувнинг муҳимлиги, жамоаларнинг ўрни, ҳакамларнинг тажрибаси ва ВАР техникасининг бир ўйиндан иккинчисига етиб боришини ҳисобга олишади.
Ўзбекистон Лига Кубоги қўшни Қирғизистон ва Тожикистон клублари иштирокида ўтиши керак эди ва пандемия сабаб бу жараён тўхтаб қолди. Хўш, бу турнир тақдири нима бўлади?
- ЎзПФЛнинг Лига Кубоги мусобақаси борасидаги режалари катта. Пандемия сабаб бироз кечиктирилган бўлса-да, насиб этса, кейинги мавсумдан бошлаб Қирғизистон ва Тожикистон клублари билан биргаликда ушбу турнирни ўтказмоқчимиз. Режаларимиздан Қозоғистон ва Туркманистон клубларини ҳам жалб этиб, ушбу мусобақани марказий осиё клубларини жамлаган катта турнирга айлантириш ўрин олган.
Абдулвосид Валихонов суҳбатлашди.