02.11.2021 18:57
2445
Ўзбекистон Кувайтни тор-мор келтирган беллашувдан фоторепортаж

Ўзбекистон ёшлар жамоаси 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати саралашидан ўрин олган сўнгги тур учрашувида Кувайт билан баҳс олиб бориб, 5:1 ҳисобида ғалабага эришди. 

Кувайт ёшлар жамоаси гуруҳ босқичининг дастлабки 2та турида аввал Бангладеш (1:0), кейин эса Саудия Арабистони ёшларини мағлуб этиб (2:1), 2022 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон мезбонлигида ўтувчи Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритишга улгуришганди. Шу сабабли, жамоа бош мураббийи Карлос Гонсалес ўзбекистонликларга қарши баҳсга аралаш таркибни майдонга ташлади. 

Ушбу йиғинга таклиф этилган футболчилар ичидан оптимал таркибни танлаб олган Темур Кападзе Кувайтга қарши учрашувни ғалаба билан якунлашни мақсад қилгани кўриниб турганди. Бир қатор етакчи футболчиларимизни инобатга олмаганда, июнь ойидаги Осиё чемпионатида Кападзе бугун майдонга ташлаган футболчилар асосий кучга айланиши аниқ. 

Ўйинни тўлиқ ўз назоратида ўтказган «оқ бўрилар» 5:1 ҳисобида рақибни таслим этишга эришди. Кувайт ёшлари томонидан киритилган гол эса олимпия жамоамизнинг энг оғриқли нуқтаси дарвозабон масаласини бизга яна бир марта эслатиб қўйди. Номинал мезбонлар қанот ҳимоячиси Абдулазиз Маҳран томонидан киритилган ягона гол эвазига ҳисобни бироз қисқартира олишди. Ушбу вазиятда рақиб ҳимоячиси аслида жарима майдонига пас беришни мақсад қилганди. Лекин тўп дарвоза томон йўл олди. Дарвозабонимиз Ҳамидулло Абдунабиев эса у қадар келмаётган тўпни ҳам қайтариб қола билмади. 

Конкурсдан ташқари қатнашган бўлса-да, Ўзбекистон U23 жамоаси «D» гуруҳида 7 очко билан 1-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

Қуйида сўнгги тур учрашувидан фоторепортажни томоша қилишингиз мумкин:

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар