28.10.2021 17:58
10011
Куманни ҳайдашди, аммо барчасига фақат у айбдор эмасди. «Барселона»ни энди ким қутқаради?

Бош мураббийни ниҳоят ишдан бўшатган каталонияликлар энди янги ҳаёт бошлаши керак.

27 октябрь — истеъфо куни
«Райо Вальекано»га қарши мағлубиятдан кейин «Барселона» директорлари кенгаши Роналд Куманни истеъфога чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиши воқеалар ривожининг мантиқий ва кутилган давоми бўлди. Нурсиз ўйин, «Бавария», «Атлетико» ва «Реал» каби топ-рақибларга қарши ўйинларда бутунлай иложсизлик ҳолати, мухлисларнинг норозилиги (улар «Камп Ноу»даги класикода мағлубиятга учралгач, бош мураббийнинг автомобилига ҳужум қилишди), барчаси истеъфога етаклаётганди.

58 ёшли мутахассиснинг истеъфосини фақат клубдаги оғир молиявий ҳолат ва шартнома бир томонлама бекор қилиниши учун тўланиши керак бўлган ортиқча 13-14 миллион евро йўқлиги кечиктириб келаётганди. Шундан 6 миллион евро — Куман ўз орзусини амалга ошириш учун Нидерландия термасини тарк этганида ўз ёнидан харжлаган маблағ эди. «Барса» бу маблағни 2022 йилда у билан шартнома яна бир йилга узайтирилмаган тақдирда ҳам мураббийга қайтариши керак эди.

Президент Жоан Лапорта, албатта, доимий равишда Куман ишдан олинмаслигини маълум қилди ва унга оғир вазиятларда жамоа билан ишлашга тайёрлиги учун миннатдорчилик билдириш кераклигини айтди. Аммо бу гапларни айтиш унга нақадар қийин бўлганини сезиш қийин эмас. У илк марта мураббийни ҳимоя қилиб чиқиши Куман раҳбариятнинг қўллаб-қувватловини сезмаётганидан ғазабланиб, матбуот анжуманларидан бирида саволларга жавоб беришдан бош тортганида кузатилди.

Ўшанда Лапортанинг сўзлари кўпроқ вазиятни юмшатиш учун ва мураббий бир йил олдин бўлгани каби муваффақиятга эришиб, барчани қутқаришига бўлган умид оҳангида янграганди. Шу билан бирга президент «Барселона» учун қабул қилиб бўлмайдиган нарсалар ҳақида ҳам гапирганди. Мағлубиятлар уни ҳам аччиқлантиргани сир эмасди, аммо у нафақат натижалардан, балки мураббий клуб фалсафасига мос келмаётганидан норози бўлаётган директорлар кенгаши аъзоларининг ихтиёрига зид ўлароқ, қатъий қадамлар ташлашдан сақланди.

Лекин вазият ортиқ чидаб бўлмас нуқтага етганида раҳбариятда шунчаки бошқа йўл қолмади. Қолаверса, 27 октябрь оддий кун  эмасди, бир йил муқаддам кўк-анорранглилар клубини оғир иқтисодий инқироз ҳолатига келтириб қўйган собиқ президент Жозеп Бартомеу ҳам истеъфога чиққанди.

Мослашувчанликнинг йўқлиги
Клуб раҳбариятидаги ягона муқобил вариант — сабр қилиш ва мураббийга ишлашга имкон бериш эди. Ўтган мавсумда шундай бўлган, Куман мавсумни кутилганидек ёрқин бошлай олмаганида унга вақт берилганди. Ҳозирги тўққизинчи ўрин ўтган мавсумдаги турнир жадвалининг иккинчи қисмидаги ўрин билан солиштирганда у қадар ёмон кўринмайди, аммо ўтган мавсумда нидерландиялик мутахассис вазиятни 180 даражага ўзгартира олганди. Месси сўнгги йиллардаги энг яхши футболини намойиш этишга киришган, клуб ниҳоят Испания Кубогидаги совринлар коллекциясини тўлдирган, чемпионатда эса фақат ўз йўқотишлари туфайли «Атлетико»нинг қоқилишларидан фойдалана олмаганди.

Ўшанда, дарвоқе, Куман тактик инқилобга қўл уриб, уч марказий ҳимоячили схемага ўтганди. Бунга ЕЧЛда «ПСЖ»га қарши уй учрашувидаги йирик мағлубият (1:4) сабаб бўлганди, лекин янги мавсумда мураббий яна 4-3-3га қайтди. У клубнинг анъанавий ўйин услубига қайтишни истадими ёки Эрик Гарсия 20 ёшида ҳимоя марказидаги муаммоларни ҳал қилиб Жерар Пике учун идеал шерикка айланиши ёки янги Карлес Пуйол бўлишига умид қилганмиди?

Бу қадар таваккалчилик — Куманнинг яққол хатоси бўлди, унда мослашувчанлик йўқ эди. Тактика борасида ҳам, футболчилар билан муносабатларда ҳам. Мураббий Луис Суарес билан боғлиқ вазиятдан чиройли чиқиб кетиши мумкин эди, ахир уругвайлик футболчи билан хайрлашиш — клуб раҳбариятининг қарори эди. Бунинг ўрнига футболчига қисқа қўнғироқ келди, бунинг учун футболчи клубни ҳеч қачон кечирмайди. Яна бир норози қилинган футболчи — мураббий томонидан игнор қилинган Пьянич бўлди.

Мухлисларнинг севимлиси бўлган Рики Пуч ҳам нидерландиялик мутахассиснинг ғазабига йўлиққанлардан. Ушбу мураббий жамоага келиши биланоқ ушбу умидли футболчи унинг тактик тузилмаларига мос келмаслигини айтганди. Кейинроқ Куман бутун жамоа олдида ушбу футболчини ички маълумотларни ОАВга сиздириб юборишда айблади. Бундан ташқари, бошқа кичик можаролар ҳам бўлиб турди, масалан, мураббий апрел ойидаги ўйинлардан бирида майдондаги Оскар Мингесанинг ҳаракатларидан норози бўлиб у билан айтишиб қолди, кўп ўтмай уни ўйиндан олиб ташлади. Ёш футболчи алмаштирилгач захира ўриндиғидаги мураббий олдига бориб унга қўл бермоқчи бўлди, мураббий эса уни очиқчасига инкор этди. Ишдан бўшатилган мураббий баъзида шундай ҳаракатлар қилардики, унинг тарафдорлари ҳам у ҳақида шубҳалана бошлашарди.

Ҳозирда, масалан, кўпчилик унинг қуйидаги сўзларини эсламоқда: «Мен туфайли «Барселона»нинг келажаги бор». Унинг Люк де Йонг айрим паллаларда Неймардан яхшироқ экани ҳақидаги гапи ҳам мем қилинмоқда. Лекин у бу гапни нидерландиялик футболчининг қанотдан узатмалар вақтидаги устунлигини ифодалаш учун айтганди. «Севилья»дан ёши ўтиб қолган ушбу форвардни кейинроқ сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олиши — энг тушунарсиз қарорлардан бири бўлганди. Аммо объектив бўлиш ва тан олиш ҳам керак: клуб таркибини шакллантиришда Куман вазият қурбонига айланди.

Жамоани ким қутқариши мумкин?
«Барселона» раҳбарияти клубнинг янги бош мураббийини тайинлаш бўйича қарор қабул қилинмагунча, жамоани вақтинча Серхи Бархуан бошқариб туришини маълум қилди. Қуйида клубга келиши мумкин бўлган номлар санаб ўтилади.

Хави — ҳозирда «Ас-Садд»ни бошқармоқда
У Каталонияга бош мураббий сифатида қайтиши ҳақида икки йилдан буён ёзишади. Бунгача айрим тўсиқлар мавжуд эди (масалан, у Месси етакчи бўлган жамоани бошқаришдан ҳайиқди), аммо энди Хави жонажон клубига қайтишга яқин. Лекин унинг қаршисидаги миссия жуда мураккаб бўлади.

Андреа Пирло — ишсиз
Яқин ўтмиш юлдузларидан яна бирининг мураббийликдаги илк уриниши муваффақиятсиз чиқди, аммо услуб жиҳатдан Пирло «Барселона»га жуда мос келади.

Роберто Мартинес — ҳозирда Бельгия термасини бошқармоқда
Бельгияликлар билан муваффақият Мартинесни доимий равишда топ-клублар назарида тутиб турибди. Айниқса унинг ҳужумкор ўйин услуби кўпчиликнинг эътиборини тортган. Лекин мураббийнинг ўзи «Барса»дагилар у билан алоқага чиқишмаганини айтмоқда.

Эрик тен Ҳааг — ҳозирда «Аякс»ни бошқармоқда
«Аякс» бу мавсумда яна ёрқин ўйин кўрсатмоқда: ички чемпионатдаги 10 турда 37 гол урилди, ЕЧЛ гуруҳ босқичидаги уч ўйинда 11 гол. Тен Ҳааг жуда кучли жамоа қурди. У ишини давом эттириш учун «Ньюкасл»нинг жуда жозибали таклифига рад жавобини берган.

Антонио Конте — ишсиз
Услуб жиҳатдан «Барселона»га мос эмас, аммо натижа келтириш борасида айнан ҳозир унга эҳтиёж бор. Конте қисқа вақт ичида тўғри тизим йўлга қўйиши мумкин, аммо бунинг учун кенг ваколатлар сўрайди.

Юрген Клопп — ҳозирда «Ливерпуль»ни бошқармоқда
Яқиндагина «Барселона» раҳбарияти Клопп билан ҳамкорлик қилишни истаётгани тўғрисида хабар тарқалганди. Аммо у «Ливерпуль»га шу қадар боғланиб қолганки, уни ҳатто «Барса» ҳам ўзига жалб этиши қийин.

Микель Артета — ҳозирда «Арсенал»ни бошқармоқда
«Барселона»даги ўйинлари орқали танилган, клубнинг Европадаги гегемонлик даврини бошлаб берган Гвардиоланинг шогирди. Артета услуб жиҳатдан тўғри келади, аммо бу танловда риск жуда юқори бўлади. Артета ҳозирча «Арсенал»да ёмон ишламаяпти, лекин унинг ўзи ҳам янги ва мураккаб лойиҳани зиммасига олишга тайёр бўлмаса керак.

Тьерри Анри — ҳозирда Бельгия термасида бош мураббий ёрдамчиси
«Монако»да бош мураббий сифатидаги фаолияти ўхшамади ва Анри Бельгияга ассистент сифатида қайтди. Ҳатто умидсиз ҳолатдаги клуб учун ҳам катта таваккалчилик.

Хосеп Гвардиола — ҳозирда «Манчестер Сити»ни бошқармоқда
Гвардиоланинг «Барса»ни ғамга ботирадиган сўзлари: «Мен Манчестерда бахтиёрман ва бу ердаги ишимни давом эттирмоқчиман. «Ман Сити»да яна узоқ вақт ишлашга умид қиламан».

Идеал вариант
Ҳеч кимга сир эмаски, Серхио Агуэро билан шартнома имзоланиши — Мессини олиб қолиш режасидаги пунктлардан бири бўлганди. Лекин ушбу форвард шартнома имзолаш учун Барселонага келганида, «Барса»дагилар клубдаги молиявий инқироз Леони олиб қолишга имкон бермаслигини билишмаган деб бўлмайди.

Ўтган мавсум арафасида маошлар ведомостини қисқартириш зарурати туфайли жамоа Суарес, Видаль ва Ракитични қўйиб юборишига тўғри келди, умидли ёшлардан бири Артур энг яхши даврлари ўтиб бўлган Пьяничга алмаштирилди. Кейин Куманни нафақат Месси ва Гризманнсиз, балки истеъдодли Морибасиз ҳам қолдиришди, маоши уч миллион еврога оширилишини сўраган футболчи «Лейпциг»га сотиб юборилди.

Бу йўқотишларга Дембеле ва Брэйтуэйтнинг жароҳати қўшилди, Куман даврида бу футболчилар кўп ишга яраганди. Агуэро бирор дақиқа ўйин ўтказмай икки ойдан ортиқ вақт давомида даволанди, жуда оғир мавсум ўтказган Педри (ёзда Испания термаси билан Европа чемпионатида ва Токио Олимпиадасида иштирок этди) ниҳоят лазаретда дам оладиган бўлди, Фати эса бир йиллик танаффусдан кейин эндигина сафга қайтмоқда. Куман таслим бўлмади ва унинг ашаддий танқидчилари ҳам ундан ўтган мавсумда асосий жамоага олиб ўтилган ёшлар авлоди учун миннатдор бўлишади, улардан бири 17 ёшида терма жамоага чақирилган Гави бўлди.

Фақат мураббий ҳам, жамоа ҳам сўнгги вақтларда муваффақиятсизликка маҳкумдек кўринди. Қатор манбалар Куманни ишдан бўшатиш бўйича қарор бир неча ҳафта олдинроқ қабул қилинганини айтишмоқда. Яъни клуб ичидагилар вазиятни чуқур ҳис қилишган, мураббийни Бускетс «Райо Вальекано»га қарши ўйинда голга олиб келган хатога йўл қўмаслиги ҳам, майдон марказидаги мотор бўлган Френки де Йонгнинг соғ бўлиши ҳам, Депай пенальтини аниқ ижро этиши ҳам қутқармаган бўларди.

Катта эҳтимол билан «Барса»ни қутқариш учун Хави олиб келинади. Бир неча инсайдерлар деярли бир вақтда кўк-анорранглилар Куманнинг истеъфосидан кейин дарҳол айни вақтда Қатарда ишлаётган собиқ футболчи билан алоқага чиққани ҳақида хабар тарқатди. Манбалар маълумотига кўра, Хавининг «Ас-Садд» билан шартномасида 1 миллион евро миқдорида товон пули белгиланган. Mundo Deportivo нашри хабарига кўра, Хави таклифни қабул қилиб, собиқ жамоасини бошқаришга розилик берган.

RAC1 радиостанцияси хабарига кўра, у ФИФА кунларидаги миллий жамоалар ўртасидаги ўйинлардан кейин «Барселона» бош мураббийига айланади. Янги мураббийнинг дебюти 21 ноябрь куни «Эспаньол»га қарши баҳсда рўй бериши мумкин. Хави билан бирга «Ас-Садд» клубида фаолият юритаётган мураббийлар штаби аъзолари ҳам «Барселона»га кўчиб ўтишади. Улар орасида футболчининг акаси Оскар, ёрдамчиси Серхио Алегре ва жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис Иван Торрес номлари бор.

Қайд этиш керкки, бу Андреа Пирло ва «Ювентус» ўртасидаги ёқимсиз тарихга ўхшамайди. Хави клуб бош мураббийи сифатида икки мавсум ишлаб, етти соврин қўлга киритди. Ҳа, бу натижалар Қатарда қайд этилди, аммо бу энг кучсиз чемпионат эмас, 41 ёшли мутахассис бу ерда максимал мақсад қўйиш ва юқори натижаларга эришишни ўрганди. Эҳтимол, бу ҳозир энг идеал номзод бўлиши мумкин. Жумладан, молиявий томондан ҳам. Чунки Роберто Мартинес Бельгия термасидан кетишни истамаяпти, «Ривер Плейт»даги Марсело Гальярдо билан ҳам шунга ўхшаш вазият, «Аякс»дан Эрик тен Ҳаагни олиб келиш эса жуда қимматга тушиши мумкин. Аммо энг асосийси, Хави — «Барса» ДНКсига эга одам, уни мухлислар сўзсиз қабул қилишади, раҳбарият қўллаб-қувватлайди. Унинг ўзи ҳам жамоага қайтишни орзу қилар ва бу ишга муносиб бўлиш учун тайёрланарди. Бундан нима чиқади — буниси буткул бошқа тарих. Ва у эндигина бошланмоқда.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар