22.10.2021 19:47
263
Сакен Полатов: «Бокс бўйича ЖЧда асосий эътиборни тажриба ва ёшлик шижоатини уйғунлаштиришга қаратганмиз»

25 октябрдан 6 ноябргача Сербия пойтахти Белград шаҳрида бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов МОҚ матбуот котиби билан суҳбатда жамоанинг тайёргарлиги, таркиб ҳақида гапирди.

«Бу галги жаҳон чемпионатида асосий эътиборни тажриба ва ёшлик шижоатини уйғунлаштиришга қаратдик. Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳрам Ғиёсов, Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзаҳалилов каби дунё тан олган тажрибали боксчиларимиз олдида Абдумалик Халаков, Мужибилло Турсунов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Саиджамшид Жаъфаров, Шоҳжаҳон Абдуллаев, Лазизбек Муллажонов каби ёшларимиз улардан маҳорат олиб, жаҳон ареналари учун муносиб тобланишлари мумкин. Бундан мақсад — 2023 йил Тошкентда илк маротаба ўтказиладиган эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатига миллий жамоамизни тайёрлаш ва Париж-2024 Олимпиадасига таркибни ҳозирдан шакллантириб бориш.

Куба жамоасининг йиғинга танланиши ҳам бежиз эмас. Президентимиз 13 август куни Олимпиячиларимиз билан ўтган учрашувда хориж тажрибасини, шу жумладан четдаги кучли мактаблар методикаси ва услубини ўрганиш, улар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берган эдилар. Ана шу мақсадда биз жаҳон боксида ўз ўрнига эга бўлган, жумладан, Токио-2020 Олимпия ўйинларини умумжамоа ҳисобида 1-ўринда якунлаган Куба миллий жамоасини таклиф этдик. Бу жамоа билан ўзаро мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Аввал биз Кубада йиғин ўтказган бўлсак, бу гал улар Тошкентга ташриф буюришди. 9 кун давомида жаҳоннинг энг кучли боксчилари, хусусан 4 нафар Олимпиада чемпиони боксчиларимиз билан тажриба алмашишди. Ўз навбатида, улар ҳам ўзбек боксидан баъзи жиҳатларни ўрганишди. Ўйлайманки, бу ҳамкорлик иккала томон учун ҳам фойдали бўлди.

Олдимизда жиддий стратегик режалар бор. Келаси йил январь ойида Тошкент 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилади. Барча қилинаётган тайёргарлик 2023 йил пойтахтимизда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатини қабул қилишга қаратилган. Чунки Ўзбекистон илк бор бокс бўйича эркаклар ўртасидаги дунё биринчилигига мезбонлик қилади», — дея Полатовнинг сўзларини келтиради МОҚ матбуот хизмати.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар