18.10.2021 12:59
6127
«Барса»да ғалаба, «Рома» голдан маҳрум бўлди, «Тоттенҳэм» ўйини тўхтаб қолди, Нидерландияда трибуна қулади

Европа футболида якшанба куни рўй берган асосий воқеалар.

Италия: Шомуродов захирадан тушди, «Наполи» биринчи ўринга қайтди

«Ювентус» — «Рома» — 1:0 (Мойзе Кин, 16).

Жозе Моуринью ҳайрон қолдиришдан тўхтамайди. Унинг бошқарувидаги «Рома» — Италия чемпионатининг энг қувноқ жамоаларидан бири, вақти-вақти билан ўз мухлисларини инфаркт ҳолатига туширади, ҳолбуки сўнгги йилларда португалиялик мутахассис деганда зерикарли ва ҳаддан ташқари прагматик услуб тушуниларди. «Спейшлван» ахборий майдонда ҳам тез-тез кўриниш беради, Туринга сафар олдидан Конор Макгрегор билан учрашди.

Прагматизм эса ҳозирда Массимилиано Аллегри қайтган «Ювентус»да кузатилмоқда, у ўйин арафасида ҳамкасбини мақтовларга кўмди ва ҳозирги «Рома»да характер ва эҳтирос пайдо бўлганини эътироф этди. Бир томондан, айнан шу жиҳатлар «бўрилар»га Туринда муваффақият олиб келиши мумкин эди. Биринчи бўлим сўнггида меҳмонларнинг кучли прессинги натижасида ҳужумни қарши олган Кьеллини тўпни йўқотди, ушбу ҳужум давомида Мхитарянга фол ишлатилгани учун пенальти белгиланди. Аммо ушбу фол учун ҳакам ҳуштаги чалинишидан олдин тўпга эга чиққан Абраҳам уни дарвозага киритишга улгурганди ва Даниэле Орсато давом этаётган ҳужумни тўхтатмаслиги керак эди.

Аммо шу вақтгача қаторасига 13 марта «нуқта»да адашмаган Верету Шченснини дуэлда енга олмади. Якунда польшалик дарвозабоннинг бу сэйви ва Мойзе Киннинг бош билан берган аниқ зарбаси «Кекса синьора»га қаторасига олтинчи ўйинда ғалабани нишонлаш учун етарли бўлди. Ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов ўйин охирида Варетуни алмаштирди, аммо мезбонлар ҳимояси устунликни сақлаб қолди. «Ювентус» сўнгги уч ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди: бир сўз билан айтганда туринликлар Аллегри схемасида қандай ўйналишини яна эслаб олишди.

«Наполи» — «Торино» — 1:0 (Осимҳен, 86)

Мавсумни саккиз ғалаба билан бошлаган ва клуб рекордини такрорлаган неаполитанликлар чемпионларга хос ўйин намойиш этишмоқда. Лучано Спаллетти жамоаси ўйин сифати нуқтайи назаридан бўлмаса-да, вазиятдан келиб чиқиб натижа учун ўйнаш борасида ҳаммага дарс бермоқда. Ўйиннинг биринчи қисмида Инсинье пенальтини аниқ ижро этолмади. Бу мавсумда у кучли бешлик чемпионатларидаги энг омадсиз футболчи бўлиб турибди, у беш бор 11 метрдан зарба ижро этиб, фақат икки гол урган. Аммо жамоани бу сафар ҳам Осимҳен қутқарди. Нигериялик футболчи сўнгги етти ўйинда 8 гол уришга эришди, топ-5 лигаларда ҳамон очко йўқотмай бораётган ягона жамоа бўлиб қолаётган неаполликлар Италияда турнир жадвалини бошқаришмоқда, лекин жамоани кейинги турда «Рома»га қарши қийин сафар ўйини кутмоқда.

Испания: Фати ва Депай — топ-боғлам
«Барселона» — «Валенсия» — 3:1 (Фати, 13. Депай, 41, пенальти. Филиппе Коутинью, 85 — Гайя, 5)

Терма жамоалар ўйинлари учун танаффус кўк-анорранглилар жамоасида сўнгги ўйинларда «Бенфика» ва «Атлетико»дан учралган қақшатқич мағлубиятлардан кейин ўзига келиб олиш учун имкон берди. Маълум даражада «Барселона» президенти Жоан Лапортанинг Роналд Куманни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги қарори ҳам ўйинга таъсир кўрсатди. Ушбу мутахассиснинг танқидчилари бундан хурсанд бўлишмади ва «Валенсия» сардори Гайя ўйиннинг бошидаёқ узоқ масофадан йўллаган зарбаси билан ҳисобни очганида, скептикларда навбатдаги норозиликлар учун асос пайдо бўлди.

Лекин шу билан бирга тан олиш керакки, каталонияликларнинг ҳозирги мураббийлар штаби ёшлар билан аъло даражада ишламоқда. Якшанба куни мухлислар яна бир бор 17 ёшли Гавининг ажойиб ўйинига гувоҳ бўлишди, шунингдек, қарийб бир йиллик тикланишдан кейин майдонга қайтган Ансу Фати янада кучлироқ ўйнай бошлади. Унда янги шартнома масаласида муаммолар юзага келгани ҳақида хабарлар чиқди, аммо бу унинг ўйинига таъсир кўрсатмаган.

Ўтказиб юборилган голдан кўп ўтмай 18 ёшли ушбу форвард жамоанинг янги етакчиси Депай билан комбинацияни голга айлантириб, ҳисобни тенглаштирди, бўлим охирида нидерландиялик ҳавбек учун пенальти ишлаб берди. Иккинчи бўлим давомида «Валенсия» қайтишга уринди, аммо мезбонлар ҳимояда ишончли ҳаракат қилишди, ўйин охирида мухлислар анчадан буён кутган яна икки воқеа рўй берди — Филиппе Коутинью гол урди ва ёздан буён даволанишда бўлган Агуэро «Барса»да дебют қилди. Энди Педри тезроқ соғайиб сафга қайтишини кутиш қолди.

Германия: «Бавария» Леверкузенни яксон этди
«Байер» — «Бавария» — 1:5 (Шик, 55 — Левандовски, 3, 30. Мюллер, 34. Гнабри, 36, 37)

«Бавария», шубҳасиз, бундеслиганинг бошқа жамоалари учун космос, аммо айнан шунинг учун ҳам бу жамоани ким енга олиши бўйича интрига кучли. Леверкузендаги ўйин шуниси билан ҳам аҳамиятли эдики, ўйин натижасига кўра саккизинчи турдан кейин чемпионатда ким пешқадамлик қилиши маълум бўларди. Одатда айнан шундай ўйинларда мюнхенликлар мукаммал ва бешафқат машинага айланади, Левандовскининг тезкор голи чемпионлар Юлиан Нагельсманн бошчилигидаги илк мағлубиятдан (ўтган турда «Айнтрахт» Мюнхендан 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтганди) қанчалар аламзада эканини кўрсатиб берди.

Аммо барибир якшанба кунида бўлгани каби бу қадар устунлик - нормал ҳолат эмас. Кутилган жанг рақибни хўрлашга айланиб кетди, 30-дақиқадан 37-дақиқагача бўлган вақт худди футбол симуляторларидаги каби кечди, меҳмонлар 8 дақиқа ичида 4та гол уришди: биринчи голини нозик ҳаракат билан урган Левандовски иккинчи голида шеригидаги тўп "ўғирлаб" уни дарвозага киритиб юборди, кейин Зюленинг зарбасини Мюллер товони билан дарвозага тўғрилаб юборди, Гнабри унинг узатмасига оёқ қўйиш билан (шведка - оёқнинг ташқи қисми билан зарба бериш) ҳисобни янада йириклаштирди ва бир дақиқа ўтиб унинг ўзи бешинчи голни урди... Голлардан учтасида ҳимоячилар ассистентлик қилишди ва «Бавария»нинг твиттерида шундай нокамтар ёзув пайдо бўлди: «Бешта. Бизни тўхтатишга ҳаракат қилиб кўринг!».

Мюнхенликлар иккинчи бўлимда Чемпионлар лигаси ҳақида ўйлаб, куч тежашга ўтишди. Шу туфайли Шик леверкузенлик мухлисларга таскин берувчи голни урди - уни яна бир бор (бешинчи марта) вундеркинд Вирц голли узатма берди, унинг мавсумдаги ассистлари сони 6тага етди. «Байер» таркиби «Бавария»га рақобат қилиш учун ҳали ёшлик қилади, жамоа сентябрда лиганинг яна бир гранди «Боруссия» Дортмундга қарши ўйинда ғалабани сақлаб қола олмаганди (3:4).

Англия: Ньюкаслда янги эра
«Ньюкасл» — «Тоттенҳэм» — 2:3 (Уилсон, 2. Дайер, 89, автогол — Ндомбеле, 17. Кейн, 22. Сон Хин Мин, 54)

Иккинчи даврада бу жамоаларнинг ўзаро ўйини афишаси бошқачароқ жаранглайди, ахир «қарғалар» тез орада янги ҳаёт бошлашга ва суперклубга айланишга тайёрланмоқда. Аммо ҳозирча улар хавфли ҳудудда жойлашган, Стив Брюснинг бош мураббийликда яна қанча қолиши номаълум. Англиядагилар у ҳозирча лавозимини сақлаб қолиши, чунки «Ньюкасл»нинг янги менежменти янги бош мураббий танлашда шошилиб хато қилишни истамаслиги ҳақида ёзишмоқда. Қолаверса, мавсум қизиган паллада ишсиз юрган кучли мутахассис топиш қийин, бандлари эса миш-мишларни инкор қилиб, ҳозирги иш жойидан кетишни истамаслигини айтди, масалан Брендан Роджерс ва Жозе Моуриньо.

Шундай экан, якшанба куни Брюс бош мураббийлик курсисида 1000-ўйинини ўтказди, унинг шогирдлари эса майдонга юқори кайфиятда тушиб келишди — Уилсон янги раҳбарият давридаги илк ўйинда 107-сониядаёқ ҳисобни очди. Клуб Саудия Арабистони фонди томонидан сотиб олиниши муносабати билан арабча элементлар акс этган либослардаги кўплаб мухлислар бу голни катта хурсандчилик билан нишонлашди.

Аммо барибир мўъжиза содир бўлмади, биринчи бўлим ўрталарида «Тоттенҳэм» ҳисобда олдинга чиқиб олди, Кейн эса ниҳоят жорий мавсумда чемпионатдаги голлари ҳисобини очди.

Арбитр аввалига унинг голини бекор қилди, фақат видеотакрордан кейин Ҳарри офсайдда қолмагани тасдиқланди. Бу Кейннинг АПЛДа сафар ўйинларида урган 88-голи бўлди, у бу борада Алан Ширерни ортда қолдириб, бегона майдонларда энг кўп гол урган Уэйн Рунини (94) таъқиб этишга киришди.

Ўйин фавқулодда ҳолатсиз ўтмади. Биринчи бўлим охирларида трибунадаги томошабинлардан бирининг аҳволи ёмонлашди. Мухлисларнинг ишорасини вақтида кўриб қолган Регилон бу ҳақда ўйин бош ҳакамига хабар берди, ўйин маълум вақтга тўхтатилди, «шпорлар»нинг бошқа бир ҳимоячиси Дайер эса тиббий штаб ходимлари тезлик билан трибунага дефибриллятор олиб бориши учун барча ишни қилди. Тез орада мухлис ўзига келтирилди ва шифохонага олиб кетилди, ўйин давом эттирилди.

Муаммо ҳал этилгач, биринчи бўлим охирига етказиб қўйилди, қўшиб берилган 8 дақиқа ичида Кейн — Сон Хин Мин жуфтлиги яна бир гол урди. Иккинчи бўлимда мезбонлар ўйинни қутқаришга уринди, аммо Шелви майдонга тушишидан 15 дақиқа ўтиб қизил карточка олиши бу вазифани мураккаблаштирди. Ўйин охирида Дайернинг автоголи ҳеч нарсани ўзгартирмади. Натижага қараб айтиш мумкинки, Брюс — янги хўжайинлар келгани учунгина эмас, клубнинг натижалар учун ҳам истеъфога чиқарилиши мумкин. Бу мураббий билан «Ньюкасл» ўз майдонида ҳисобда олдинда борилган ўйинларда якунда устунликни бой бериб, жами 28 очко йўқотган.

Франция: иродали «Марсель»
«Марсель» — «Лорьян» — 4:1 (Камара, 27. Гендузи, 56, 90+2. Милик, 85 — Лорьенте, 13, пенальти)

Хорхе Сампаоли жамоасида характер пайдо бўлди. Марселликлар жойи келганда жинниликлар қилиши мумкин, аммо улар таслим бўлишни исташмайди. Аргентиналик мутахассис баҳорда бош мураббийликка тайинланганидан буён жамоа ҳисобда ортда бораётган ўйинларида ирода кўрсатиши эвазига 15 очко қўлга киритилган. Бу учрашувда уч ҳолатни қайд этиш мумкин. Биринчидан, икки голга муаллифлик қилган Гендузий жуда ажойиб ўйин намойиш этди. Иккинчидан, узоқ вақт даволанишда бўлган Милик мавсумдаги илк голини урди, у йўқлигида «Марсель» марказий ҳужумчисиз ўйнашига тўғри келди. Ниҳоят, лига 1нинг жорий мавсумида ассистентлик бўйича ҳет-трик Пайет томонидан амалга оширилди. Натижада — бу турда «Ницца» мағлубияти туфайли марселликлар турнир жадвалида учинчи ўринга кўтарилди.

Нидерландия: фожиага бир қадам
НЕК — «Витесс» — 0:1 (Фредериксен, 16)

«Витесс» НЕК билан сафардаги дербида саккиз йил ичида илк марта ғалабага эришди - 16-дақиқада Николай Фредериксен Уссама Дарфалунинг узатмасини голга айлантирди. Лекин бу ғалабани нишонлаш фожиали тугаши мумкин эди. Арнемлик футболчилар меҳмон мухлислар жойлашган секторга яқинлашганида, фанатлар синхрон равишда сакрай бошлашди ва уларнинг остидаги трибуна қулаб кетди. Уларнинг бахтига, Неймегендан берилган маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.

Фотоҳисоботларга кўра, уларни бахтсиз ҳодисадан трибуна остида контейнер жойлашгани қутқариб қолган - одамлар юқори баландликдан пастга қулашдан қутулиб қолишган.

Кун статистикаси
2005 йилдан буён илк марта Дэвид Мойес жамоаси Рафаэл Бенитес жамоасини енгишга муваффақ бўлди. «Эвертон» учун бу мавсумда уй ўйинларидаги илк мағлубиятга айланди.

Хулен Лопетеги «Севилья» бош мураббийлигига тайинланганидан буён жамоа ла лиганинг сафар ўйинларида 9-марта 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

«Вест Ҳэм» футболчилари Мойес бошқарувида 29 марта «стандартлар»дан (пенальтисиз) гол уришди. Бу ўтган йил январидан буён (шотландиялик мутахассис ўшанда жамоа бош мураббийлигига келганди) АПЛдаги энг яхши натижа.

Нидерландияда «Витесс» ва НЕК ўртасидаги учрашувда 35 марта қоидабузарлик қайд этилди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар