16.10.2021 19:55
5158
Ҳамид Актамов: «Ҳакам футболчимни куракда турмайдиган тарзда ҳақорат қилган. Бу масалада охиригача бораман»

Ўзбекистон Суперлигаси 22-туридан ўрин олган «Пахтакор» - «Қизилқум» учрашувидан сўнг (4:2), навоийликлар бош мураббийи Ҳамид Актамов матбуот анжуманида ҳакамларни кескин танқид остига олди. 

«Ассалому алайкум, бугунги ўйин ҳақида нима ҳам дея олардим? Ҳар доимги кино давом этяпти. Ҳакамларга қачон инсоф киради? Эътирозларимизни ёзяпмиз, юқори идорадагилар уларни бефарқ қолдиришмайди, деб умид қиламиз. Менимча, бугун ёмон ўйин кўрсатмадик. Иккала пенальти ҳам нотўғри белгиланди. Билмадим, бунинг охири нима бўлади, қачон бу каби ишлар тугатилади? Бир қатор ҳакамларнинг жиддий жазоланишига қарамай, уларнинг фаолиятида ўнгланиш кузатилмаяпти. Мен ҳакамликдан норозиман. 

Ҳакамлар нима қарор чиқарса ҳам, қонунга тўғри келаверади. Лекин тўп футболчининг қўлига тегмади. Ислом (Тўхтахўжаев) ҳеч қачон ёлғон гапирмайди. Қўлга теккандек тасаввур уйғотган бўлиши мумкин, аммо оёққа тегди. Иккинчи пенальтида қоида жарима майдони ташқарисида бузилди, лекин 11 метрга ишора қилинди. Ҳакамнинг ўзи ҳам дастлаб жарима зарбаси белгилаганди, кейин унга ким нима деди — пенальти белгилаб юборди. Майли, ҳакамлар 50-50 вазиятларни ҳам уларга берсин, лекин ўйинни тўғри бошқарсин. Охирги 2-3та ўйиндан бери ҳакамларнинг хатоси туфайли дуранг ўйнаймиз, мағлубиятга учраймиз. Очиғи, футболдан ҳам тўйиб кетдик. 

Жисмоний ҳолат? Жамоам яна 2 тайм футбол ўйнаши мумкин эди. Ҳакамнинг қарорлари сабаб руҳан синишди. Ислом Кенжабоевни ҳакам куракда турмайдиган сўзлар билан сўкибди. Мен буни ёзаман, охиригача бораман. Мисол учун, биринчи пенальти белгиланган вазиятда аввалроқ жарима зарбаси бўлган эди. «Пахтакор» футболчилари қанотда амалга оширилган фол учун деярли майдон марказидан тўпни ўйинга киритишларига рухсат берилди ва вазият сўнгида ноҳақ пенальти белгиланди. 

Футболимиз ҳаққоний бўлиб, ривожланишига ҳакамларнинг ҳам ёрдами керак. Улар учрашувни тўғри бошқарса, футбол ривожига ҳисса қўшган бўлади», - деди Актамов. 

Маълумот учун, «Пахтакор» - «Қизилқум» баҳсини Фирдавс Норсафаров бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб борди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар