14.10.2021 15:18
3082
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес раиси Мурат Камалов «Орол» клуби билан учрашди

Про лига 21-тури доирасида Нукусда ўтган «Орол» - «Янгиер» (2:3) учрашувида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес раиси Мурат Камалов стадионга келди.

Жўқорғи Кенгес раиси «Орол» клуби бош директори Темур Турдиев ва Қорақалпоғистон футбол ассоциацияси вице-президенти Исҳоқ Ибрагимов билан учрашиб, клубнинг ҳозирги аҳволи билан танишган.

Аввалроқ, Про лига иштирокчиси «Орол» клуби чемпионат баҳслари якунланмасидан аввал турнирдаги иштирокини якунланиши мумкинлиги ҳақида айтилганди.

«2 октябрь куни «Орол» U-14, U-16, U-18 жамоалари билан мусобақада ўйнай олмаслиги борасида хат жўнатди. Хатда асосий таркибнинг ҳам сафар учрашувларида иштирок этиши ҳам сўроқ остида экани кўрсатилган. Роппа-роса 1 йил чидаб беришди», - деб ёзганди ПФЛ директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев телеграмдаги каналида.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 2 октябрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукусга ташрифи чоғида ушбу ҳудудда ҳам футбол ривожланиши кераклиги ҳақида гапирганди. «Орол Самали» жамоасини қўллаб-қувватлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳақида қарор лойиҳаси тайёрлансин. Агар кун келиб «Орол Самали» Суперлигада ўйнай бошласа, мен ҳам бутун қорақалпоқ халқи билан бирга жамоага мухлислик қиламан», деганди давлат раҳбари.

Шундан сўнг, ўтган йил декабрида ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев ва ЎФА техник директори Сергей Арслонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ «Орол» клубининг моддий-техник базасини яхшилаш ва унинг келаси мавсумда истисно тарзида Про лигада иштирок этиши масаласида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси Қаҳрамон Сариев ҳамда Жўқорғи Кенгес раиси Мурат Камалов қабулида бўлиб қайтганди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг декабрь ойидаги «Қорақалпоғистонда профессионал футболни ривожлантириш, «Арал» футбол жамоасини қўллаб-қувватлаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра «Орол Самали» клуби истисно тариқасида Про-Лигада иштирок этиши белгиланганди. Мутасаддиларга 2021 йил давомида клубнинг моддий-техник базасини яратиш, уни барча зарурий воситалар билан таъминлаш вазифалари юклатилиши белгиланганди. Шу йўл билан Про лигага олиб чиқилган клуб олдида Суперлигага чиқиш вазифаси борлиги ҳақида айтилганди.

Маълумот учун, «Орол» клуби 17 ўйиндан кейин 14 очко билан турнир жадвалида 8 жамоа орасида 7-ўринни эгаллаб турибди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар