Жорий йилнинг 22 октябрь – 7 ноябрь кунлари Сербия пойтахти Белградда бокс бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Ушбу жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий жамоаси тўлиқ таркиб билан иштирок этиши кутилмоқда.
«Ҳар икки йилда бир маротаба ташкил этиладиган мусобақага ҳамюртларимиз ҳам астойдил тайёргарлик кўришмоқда. Эътиборлиси, миллий жамоамизнинг бу таркибига Рио Олимпиадаси вице-чемпиони, 2017 йил Германияда ўтказилган жаҳон чемпионати ғолиби Шаҳрам Ғиёсов ва Олимпия чемпиони Ҳасанбой Дўсматов ҳам киритилган», - дейилади Туризм ва спорт вазирлиги хабарида.
Шунингдек, миллий жамоанинг асосий таркибидан Нодиржон Мирзаҳмедов, Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзахалилов, Aбдумалик Ҳалоков, Мужибулло Турсунов, Aсадхўжа Мўйдинхўжаев, Саиджамшид Жаъфаров, Одилжон Aслонов, Шоҳжаҳон Aбдуллаев, Мадиёр Саидраҳимов, Лазизбек Муллажонов сингари чарм қўлқоп усталари ҳам жой олган. Боксчилар бош мураббий Марат Қурбонов раҳбарлигида машғулотлар олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, ушбу таркибдан фақатгина Шаҳобиддин Зоиров ва Миразизбек Мирзахалилов Ўзбекистон миллий жамоаси сафида Токио-2020да иштирок этган эди. Мирзахалилов иккинчи саралаш босқичида иштирокини тўхтатган бўлса, Зоиров чоракфиналда мағлубиятга учраб, турнирни тарк этганди. Якунда 8 нафар боксчимиздан фақатгина Баҳодир Жалолов мусобақадан медал билан қайтди.
2019 йилда ўтган сўнгги жаҳон чемпионатида ҳамюртларимиз 3та олтин, битта кумуш ва битта бронза медалларини қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритган эди.