06.10.2021 15:43
3469
Теглар
Сурхондарёда 2-лигада қатнашувчи жамоаларнинг ўйинидан сўнг футболчилар ўртасида оммавий жанжал содир бўлди

Сурхондарё вилоятида 2-лигада қатнашувчи жамоаларнинг Бойсун туманида бўлиб ўтган ўйинидан сўнг футболчилар ўртасида оммавий жанжал содир бўлган. Бу ҳақда вилоят футбол ассоциацияси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 4 октябрь куни Бойсун туманида футбол бўйича 2-лига иштирокчилари «Бойсун-1975» Қумқўрғоннинг «Қумқўрғон 1977» жамоалари ўртасида 6-турнинг қолдирилган ўйини бўлиб ўтган. Ўйинда «Бойсун-1975» жамоаси 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Ўйиндан сўнг футболчилар ўртасида оммавий жанжал келиб чиққан.

Шундан сўнг жанжаллашаётган футболчиларни ажратиш учун майдонга ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари тушган ва меҳмон жамоа вакилидан бирини майдондан олиб чиқиб кетишга уринган. Қайд этилишича, Бойсун туман ҳокими Асқарали Жўраевнинг аралашуви билан орган ходимлари футболчини қўйиб юборган.

Kun.uz манбасига кўра, жанжалнинг бошланишига «Қумқўрғон 1977» жамоаси аъзоларининг ҳакамлар ўйинни ҳалол бошқармади деб эътироз билдириши сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 18 сентябрь куни икки нафар футболчи Жавоҳир Эсонқулов ва Акром Хўжаев жамоа офисида «Сурхон» футбол клуби бош директори Азамат Абдураҳмонов, спорт директори Абдумажид Тоиров, футболчилар Асрор Ғофуров томонидан калтакланганини айтиб чиққанди. Шундан сўнг, ЎФА томонидан мазкур ҳолатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқлик киритилгунига қадар ЎФА томонидан «Сурхон» футбол клуби бош директори Азамат Абдураҳмонов, спорт директори Абдумажид Тоиров, футболчилар Асрор Ғофуров, Жавоҳир Эсонқулов ва Акром Ходжаев футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилганди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар