02.10.2021 13:03
7503
Теглар
«Сити» «Ливерпуль»ни ҳам тўхтата оладими? АПЛда пешқадамлар тўқнашуви, Ла Лигада Суарес «Барса»га қарши

Келаси ҳафтадан клублар футболи яна танаффусга чиқади ва футболчилар ўз миллий жамоаларида жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида иштирок этадилар. Танаффус олдидан эса бизни Турин дербисидан тортиб, Англия ва Испаниядаги марказий ўйинларгача қатор қизиқарли тўқнашувлар кутиб турибди. Футбол марафонига бироз ўтиб, «Олд Траффорд»да старт берилади.

АПЛ. 7-тур. 2 октябрь (шанба)
МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЭВЕРТОН
Ўйин бошланиш вақти: 16:30

ТВ-трансляция: Futbol TV

Ким билан ўйнашидан қатъи назар, ҳозирги кунларда «Юнайтед» ўйинини ўтказиб юбормаслик керак. «Астон Вилла», «Вест Ҳэм», «Вильяреал» – ҳар бир ўйиннинг сўнгги дақиқалари интригаларга бой бўлди. «Эвертон» билан ўйинлар ҳам ўзига хос эътибор талаб этади, шунчаки, ўтган мавсумдаги «Олд Траффорд» ўйинини эслаш ҳам кифоя қилади. Эсингизда бўлса, Доминик Калверт-Левин ҳакам томонидан қўшиб берилган 90+5-дақиқада гол уриб, ҳисобни 3:3 га айлантирганди. Жамоалар жорий мавсум олдидан ҳам ушбу стадионда ўртоқлик ўйинида тўқнаш келдилар ва ўйин мезбонларнинг йирик (4:0) ғалабаси билан якунланди.

Юқорида айтилгандек, «МЮ» қил устида юрибди. Бундай ўйин билан ўтган йили жамоа турнир жадвалида қуйи поғоналарга тушиб кетганди. Бу сафар аксинча, омад келмоқда. Роналдунинг голлари ва Давид Де Хеа ниҳоят ўзиниинг энг яхши даврларига қайта бошлагани бунинг асосий сабаблари бўлиши мумкин. Нима бўлгандаям, тиғиз октябрь олдидан «МЮ» очко йўқотишга ҳаққи йўқ. Терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг, Сульшер шогирдлари қаторасига «Лестер», «Аталанта», «Ливерпуль», «Тоттенҳэм» ва «Манчестер Сити»га қарши майдонга тушадилар.

Айни паллада «Эвертон» ҳам, «Юнайтед» ҳам бир хил – 13 тадан очко тўплаб, турнир жадвалида қўшни бўлиб турибди. Учрашув 7-турнинг илк ўйини эканини ҳисобга олсак, бу ўйин ғолиби вақтинча бўлса-да, турнир жадвали пешқадамига айланиб олади.

Таркибларга тўхталсак, «МЮ» сафида Ҳарри Магуайр майдонга туша олмайди. У каби «Астон Вилла»га қарши ўйинда жароҳат олган Люк Шоу умумий гуруҳда шуғуллана бошлади, лекин қай даражада тайёр экани маълум эмас. Чемпионлар Лигаси учрашувида ишончсиз ҳаракат қилган Далот ва охирги дақиқаларгача ўйинни давом эттира олмаган Теллес туфайли Сульшер Шоуга ишонишга мажбур бўлиши мумкин. Дарвоқе, Маркус Рэшфорд ҳам умумий гуруҳда шуғулланишни бошлади. Аммо унинг қайтиши катта эҳтимол билан терма жамоалар ўйинларидан кейин содир бўлади.

«Эвертон»нинг муаммолари каттароқ. Жамоанинг олдинги чизиқдаги энг асосий футболчилари Доминик Калверт-Левин ва Ришарлисон ўйинда қатнаша олмайдилар. Шунингдек, Андре Гомеш ва Сеймус Коулманлар ҳам бу учрашувни ўтказиб юборадилар.

А Серия. 7-тур. 2 октябрь (шанба)
ТОРИНО – ЮВЕНТУС
Ўйин бошланиш вақти: 21:00

ТВ-трансляция: Спорт

«Ювентус» ниҳоят ўзига қайтмоқда. А Сериядаги ғалабасиз 4 ўйиндан сўнг, туринликлар қаторасига икки ўйинни ғалаба билан якунлашди. Шунингдек, Чемпионлар Лигасида «Челси» устидан қозонилган ғалаба ҳам Аллегри шогирдларига қўшимча ишонч бериши шубҳасиз.

Лекин энди вазият ўнглана бошланди ҳамки, таркибда муаммолар пайдо бўлди. Алваро Мората ва Пауло Дибала «Сампдория»га қарши ўйинда жароҳат олиб, бир неча ҳафтага сафдан чиқдилар. Тўғри, «Челси» билан ўйинда ҳам бу футболчилар йўқ эди, аммо бу ўйинда «Ювентус» асосан ҳимояга таяниб ўйнади ва ўз имкониятидан фойдаланганди. «Торино» каби жамоалар билан эса ҳужумчиларнинг ўрни кўпроқ билинса керак. Умуман «Ювентус»ни ҳам, худди «МЮ» каби қийин тақвим кутиб турибди. Танаффусдан сўнг туринликлар «Рома», «Интер» ва Чемпионлар Лигасида «Зенит»га қарши сафар ўйинида иштирок этадилар.

«Торино» мавсумни икки ғалаба билан бошлаб, сўнг, икки мағлубиятга учради ва ортидан икки бор дурангга рози бўлди. Жамоанинг ўтган мавсумда «Ювентус»га қарши ўйинлари жуда муросасиз кечганини эътиборга олсак, бугунги дербида меҳмонларга осон бўлмаслиги шубҳасиз. «Торино» мезбонлик қилган сўнгги ўйинда фақат Роналдунинг 79-дақиқада урган голи «Юве»ни мағлубиятдан қутқариб қолганди. Жавоб ўйинида эса «Ювентус» ўйин охирларигача ҳисобда ортда борган ва фақат охирги 10 дақиқадаги Маккенни ва Бонуччининг голлари иродали ғалабага сабаб бўлганди.

«Торино» таркибида ҳам муаммолар етарли. Етакчи ҳужумчи Андреа Белоттининг жамоага ёрдам бера олмаслигининг ўзи ҳам катта гап. Шунингдек, Иццо, Ансалди, Прат, Пьяцца, Эдера ва Заза каби футболчилар ҳам жароҳатдан тикланиб улгурмаган. Аммо «Ювентус» ҳафта ўртасида «Челси»га қарши қийин ўйинда майдонга тушгани «Торино»нинг имкониятини оширади. Чунки мезбонлар тикланиш ва ўйинга тайёрланиш учун икки баробар кўп вақтга эга бўлдилар.

АПЛ. 7-тур. 2 октябрь (шанба)
БРАЙТОН – АРСЕНАЛ
Ўйин бошланиш вақти: 21:30

ТВ-трансляция: Futbol TV

Артета – даҳо. Яқин кунларгача мураббийнинг истеъфосини талаб қилган тиллар, айниқса, Шимолий Лондон дербисидаги ғалабадан сўнг, мураббийни кўкларга кўтара бошлади. Қаторасига уч мағлубиятдан сўнг турнир жадвалининг тубига тушиб кетган «Арсенал» кейинги уч ўйинни ғалаба билан якунлади ва еврокубоклар зонасига яқинлашишга бир қадам қолди.

«Брайтон» эса янги мавсум кашфиётларидан биридир. Аслида «Брайтон» ўтган мавсумда ҳам ёмон ўйнамаган, кўпчиликнинг эътирофига сабаб бўлган, аммо ақл бовар қилмас омадсизлик жамоанинг юқори ўринлар учун курашишига ҳалақит қилганди. Тақдир ўтган йилги омадсизликлар учун қарзини қайтараётгандек. «Брайтон» пешқадамдан атиги 1 очко кам тўплаган ҳолда турнир жадвали юқорисидан жой олган ва ҳатто агар охирги ўйинда «Кристал Пэлас»ни мағлуб этганида, якка пешқадамга айланиши мумкин эди. Балки мана шу босим Гарри Потер шогирдларига халақит бергандир.

«Брайтон» ва «Арсенал»нинг сўнгги мавсумлардаги ўзаро ўйинлари ҳам ўзига яраша қизиқ. Ўтган йили ҳар икки ўйинда ҳам лондонликлар ғалаба қозонган бўлса, 2019/2020 мавсумида «Брайтон» ҳам ўз майдонида, ҳам сафарда ғалаба қозонган.

Артета учун ёмон хабар, жамоа етакчиси ва сардори Гранит Жаканинг жароҳати бўлди. Швейцариялик футболчи камида уч ой шерикларига ёрдам бера олмайди. Мезбонлар сафида Алсате, Уебстер ва «Лестер»га қарши ўйинда ғалаба голи муаллифи, бир пайтлар «Арсенал» сафида ҳам ўйнаган Дэнни Уэлбек ҳам майдонга туша олмайди.

Ла Лига. 8-тур. 2 октябрь (шанба)
АТЛЕТИКО – БАРСЕЛОНА
Ўйин бошланиш вақти: 23:55

ТВ-трансляция: Futbol TV

Бир томондан қараганда, Ла Лига турнир жадвалида «Барселона» «Атлетико»дан кам эмас, ҳатто йўқотилган очколар борасида устунроқ. Лекин мадридликлар чемпионлик учун асосий даъвогар ҳисобланишса, «Барселона» мураббийи истеъфо ёқасида турибди. Албатта, бу парадоксда асос бор. Каталонияликлар 6 ўйиннинг ярмида ғалаба қозонган ва ҳали мағлубиятга учрамаган бўлишса-да, ўйинларда ишончсизлик уфуриб турибди, айниқса, кучлироқ жамоаларга қарши Куман шогирдлари ҳеч нарса қила олишмаяпти. Чемпионлар Лигасидаги йирик мағлубиятлар эса жамоадан бу мавсумда катта натижалар кутишнинг иложи йўқлигини намойиш қиляпти.

Таркибда ёш футболчиларнинг пайдо бўлиши ва қайсидир маънода, ишончли ўйинлари мухлисларга келажак учун умид уйғотиши мумкин, лекин бу ҳам алдамчи ҳиссиёт бўлиши эҳтимоли катта. Зеро мана шу ёш футболчилар аслида «Барселона» даражасига кўтарилмадилар, аксинча, «Барселона» уларнинг даражасига тушиб қолгани ҳақиқатга яқинроқ. Бу таркиб ва ўйинда Европа даражасидаги исталган ўртамиёна ўйинчи ҳам «Барселона» таркибида йўқолиб қолмаслигини тахмин қилса бўлади. Агар «Барса» аввалгидек, Европа миқёсдаги катта кучга айланса, бугун майдонга тушаётган ёшларнинг аксарияти таркибдан тушиб қолиши ҳам аниқ. Хуллас жамоа исталган пайтда муваффақиятсизликлар гирдобига тушиб қоладигандек, натижалар ҳам шунга яраша ёмонлашиб кетиши арафасида тургандек, шу билан бирга бу вазиятда жамоани қутқариши мумкин бўлган тиргак ҳам кўринмаяпти.

«Атлетико» эса аксинча, Миландаги ғалабадан сўнг, бу ўйинга тайёрроқдек тасаввур уйғотади. Антуан Гризманн ниҳоят янги-эски жамоаси сафида гол уришни бошлади, Суарес эса сўнгги дақиқаларда ғалаба голи муаллифига айланди. Умуман икки собиқ «барсачи»нинг собиқ жамоасига қарши муҳим ўйинда биргаликда майдонга тушиши учрашувнинг асосий интригаларидан биридир. Ўтган мавсумда «Атлетико» «Барселона» устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган ва бу мадридликларнинг Ла Лига доирасида сўнгги 11 йилда каталонияликларни илк бор мағлуб этишлари эди. Яъни бу кўринмас тўсиқ ҳам бир йил олдин бартараф этилган.

Мезбонлар таркибида жароҳатланганлар йўқ. «Барселона» эса Брейтгуэйт, Дембеле, Агуэро ва Педри ёрдамидан фойдалана олмайди. Аммо ниҳоят Ансу Фати асосий таркибга қайтиши мумкин. Ёш футболчи «Леванте» билан ўйинда захирадан тушиб, гол муаллифига айланганди.

АПЛ. 7-тур. 3 октябрь (якшанба)
ЛИВЕРПУЛЬ – МАНЧЕСТЕР СИТИ
Ўйин бошланиш вақти: 20:30

ТВ-трансляция: Futbol TV/UzReportTV

«Челси» майдонидаги ғалабадан сўнг, Пеп Гвардиола шогирдлари энди чемпионлик курашидаги яна бир асосий рақиб «Ливерпуль» майдонига сафар қилмоқдалар. Ўтган мавсумдаги «Энфилд» тўқнашуви Алисоннинг хатолари билан ёдда қолган ва меҳмонлар 4:1 ҳисобида ғалаба қозонганини эсласангиз керак. Аммо у пайтларда «Ливерпуль» муаммолар гирдобига тушиб қолган ва ўз майдонидаги ўйинларда айниқса, жуда муваффақиятсиз тўп сураётганди. Етакчи футболчиларнинг тикланиши бизга яна эски «Ливерпуль»ни қайтарди ва Клопп шогирдлари ҳозирда АПЛда мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлиб турибдилар. Очколар ҳисобида ҳам «Ливерпуль» якка пешқадамга айланган.

«Манчестер Сити» ўтган ҳафта «Стемфорд Бриж»да ажойиб перформанс намойиш этган бўлса-да, Клопп рақибининг асосий камчилигини ўрганиб олган бўлиши керак. Зеро бугунги «ПСЖ» кўпроқ «Ливерпуль» услубига яқин тўп суради – кўпчилик бўлиб ҳимояланиш ва шароит пайдо бўлганда олдиндаги тезкор Неймар ва Мбаппе каби футболчиларга тўп етказиш. Бу услуб Чемпионлар Лигасида «Манчестер Сити»ни мағлуб этди. «Ливерпуль» ҳам бошқа ижрочилар билан худди услубга таянишга ўрганган. Айтиш мумкинки, юқори прессинг ва тезкор қарши ҳужумларга бугунги «Манчестер Сити» у қадар тайёр эмасдек. «Саутҳэмптон» ҳам қайсидир маънода буни исботлаганди. Бунинг устига, фойдаланилмаётган имкониятлар Пепга ростан ҳам ҳақиқий ҳужумчи керак эканини исботлаяпти. Агуэрони сотиб юборган «шаҳарликлар» Кейн ёки Роналдунинг транферини амалга ошира олмадилар ва камида қишгача яримҳимоячиларга таянишга мажбур бўлиб қолдилар.

Учрашувда «Ливерпуль»нинг асосий муаммоси ўнг қанот ҳимояси ҳисобланади. Трент жароҳат олган. Аммо бу муаммо аслида жамоага қўл келиши ҳам мумкин. Маълумки, Трент асосан ҳужумга қўшилиши ва ассистлари билан ном чиқарган. Асосан Канселу-Грилиш жуфтлиги ва керак бўлганда Стерлинг ҳам қўшиладиган хавфли қанотда кўпроқ ҳужумга эътибор берадиган Трент эмас, бирор тартибли ҳимоячи, масалан Милнернинг тўп суриши фойдалироқ бўлиши мумкин.

Меҳмонлар сафида Илкай Гундўған шерикларига ёрдам бера олмайди. Шунингдек, Александр Зинченко ҳам ҳали тўлиқ тикланиб улгурмаган.

А Серия. 3 октябрь (якшанба)
АТАЛАНТА – МИЛАН
Ўйин бошланиш вақти: 23:45

ТВ-трансляция: Спорт

«Милан» 6 ўйиндан 16 очко тўплаган ҳолда «Наполи»дан кейин 2-ўринда бормоқда. «Аталанта» ҳисобида эса шунча ўйиндан 11 очко бор.

«Аталанта» Чемпионлар Лигаси гуруҳ ўйинида «Янг Бойз»ни мағлубиятга учратди ва гуруҳ пешқадамига айланиб олди. «Милан» эса қаторасига иккинчи ЕЧЛ ўйинида ҳисобда олдинда борганига қарамасдан, якунда мағлубиятга учраб, қийин аҳволда қолиб кетди. Мана шундай тескари кайфиятда А Серия етакчилари муҳим ўйинга кириб келмоқдалар.

Ўтган мавсумда жамоалар охирги турларда, Чемпионлар Лигаси йўлланмасини ҳал қилувчи ўйинда тўқнаш келишган ва миланликлар меҳмонда пенальтидан киритилган икки гол ҳисобига уч очко эгасига айлангандилар. Аммо январда Миланда ўтган ўйинда «Аталанта» йирик ҳисобда ғалаба қозонгани ва икки йил олдин Бергамода мезбонлар «Милан» дарвозасига жавобсиз беш гол урганини ҳам унутмаслик керак. Яъни бу рақиблар ўртасидаги ўйинда ҳар нарса бўлиши, томонлардан бири осонлик билан ғалаба қозониши ҳам мумкин.

Мезбонлар сафида айниқса, Робин Госенснинг ўрни жуда билинса керак. Шунингдек, Ханс Хатебур тикланиш жараёнини бошлаб юборган бўлса-да, ушбу ўйинга тўлиқ тайёр эмас. «Милан» таркибида эса жамоага ёрдам бера олмайдиган футболчилар янада кўпроқ. Флоренци, Крунич, Бакойоко ҳамда Златан Ибраҳимовичлар миллий жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг сафга қайтишлари кутилмоқда.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

2 октябрь. ЧЕЛСИ – Саутҳэмптон (19:00), Сассуоло – ИНТЕР (23:45)

3 октябрь. Ренн – ПСЖ (16:00), Кристал Пэлас – ЛЕСТЕР (18:00), ТОТТЕНҲЭМ – Астон Вилла (18:00), БАВАРИЯ – Айнтрахт (20:30), Эспаньол – РЕАЛ (21:30), РОМА – Эмполи (21:00), Фиорентина – НАПОЛИ (21:00). 

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар