29.09.2021 20:44
12893
«Сантьяго Бернабеу»да порлаган Яхшибоев. «Барса» мухлисининг Чиноздаги станциядан «Реал» дарвозасигача йўли

Европа Чемпионлар лигаси 2-тури доирасидаги сешанба оқшомида ўтган учрашувлар орасида камтарона «Шериф» клубининг Мадридда кимсан «Реал» жамоасини сенсацион тарзда мағлуб этгани, кечанинг асосий ўйини дейилган «ПСЖ» - «Манчестер Сити» баҳсини ҳам соясида қолдирди. «Сантьяго Бернабеу»даги мўъжизавий оқшомда ўзбекистонлик ҳужумчи Жасур Яхшибоев томонидан Куртуа дарвозасига йўлланган гол бутун дунёда Мессининг «ПСЖ»даги дебют голидан кам айланаётгани йўқ. Хўш, Яхшибоев ким ва у қандай қилиб «Реал» дарвозасигача етиб борди?

Чиноздаги станциядан «Пахтакор» бекатигача

1997 йилнинг 24 июнь куни Тошкент вилоятининг Чиноз шаҳарчасида туғилган Жасур Яхшибоев болалигидан тўпга ошно тутингани боис, 7 ёшидан бувиси билан ҳар эрталаб Чиноздаги поезд станциясидан Тошкентдаги «Пахтакор» мактабига келиб, кечқурун яна пойтахтдан Чинозга қайтган. Бу ҳақда футболчининг ўзи интервьюларидан бирида шундай эслаган:

«Болалигимдан «Пахтакор»га мухлислик қилардим. Чиноз Тошкентдан 60 километр узоқликда жойлашгани сабабли мактаб ёшимдан бошлаб ҳар куни Тошкентга қатнаганман – «Пахтакор» мактабида шуғулланиш учун. Эрталаб бувим билан «электричка»да жўнаб, кечқурун яна 1,5 соатда шундай қайтардик. Ота-онамнинг ўз иши бор эди. Еттинчи синфда ўқиётганимда эса Тошкентга кўчиб, «Пахтакор» интернатида ўқишни бошлагандим», - дейди Яхшибоев.

Унинг катта футболдаги илк мураббийларидан бири Жасур Абдураимов саналади. Ҳозирда «Металлург» бош мураббийи саналмиш Абдураимов Яхшибоевни катта футболдаги илк қадамларини ташлашига ёрдам берган.

«Жасурни 8 ёшидан бери биламан. Чинознинг оддий оиласидан чиққан бола. Ёдимда, машғулотларимиз эрталаб соат 8:00да бошланса, Жасур жуда кичкина бўлса-да, саҳарлаб соат 4:00да уйқудан туриб, бувиси билан Тошкентга етиб келарди. Уни бирор марта машғулотларни ўтказиб юборганини эслай олмайман. Футболни жуда яхши кўргани учун тиним билмасди. Миллий терма жамоада ўйнашни орзу қиларди. Унга ўхшаган футболчилар кам. Жасур 7-8 ёшида қилган ишларни ҳозир ҳам бирор болада учратмадим», - дейди Жасур Абдураимов шогирди ҳақида.

«Пахтакор»даги дебют, Олмалиқдаги ижара ва Европага сафар

Қаҳрамонимиз «Пахтакор» футболчиси сифатида Суперлигадаги дебютини 19 ёшида ўтказди. 2016 йилнинг 3 ноябрь куни у «Шўртан»га қарши кечган баҳсда (5:2) катта футболдаги илк учрашувида майдонга тушди. Дебют голини эса икки йилдан сўнг – 2018 йилда «Металлург» дарвозасига киритди. Ўша йили Ўзбекистон ёшлар жамоаси сафида Хитойда Осиё чемпиони бўлди. Шунга қарамай, ўтган тўрт йил давомида «Пахтакор» сафида асосий таркиб ўйинчисига айлана олмагач, бош мураббий Шота Арвеладзе 22 ёшли Жасурни ОКМК клубига 2019 йил якунига қадар ижарага беради.

Миржалол Қосимов қўл остидаги ярим йилликда ҳам 9 ўйинда 486 дақиқа тўп сурган Яхшибоев бирорта гол ура олмагач, 2020 йил бошида ўз кучини легионер сифатида синаб кўришга қарор қилиб, Европага йўл олади.

Албатта, ҳали катта натижа кўрсатмаган ўзбекистонлик 22 ёшли йигитни кўҳна қитъанинг кучли лигаларида ҳеч ким кутмаётган эди. Шу боис у аввало нуфузи юқори бўлмаган Беларус чемпионатига йўл олиб, дастлаб кучини аутсайдер мақомидаги «Энергетик-БГУ» клубида синаб кўриб, мухлислар эътиборига туша бошлади.

Йил кашфиёти, тўпурар, Беларус чемпиони ва 10 баробар ошган маош

2020 йилнинг март ойида Яхшибоев «Энергетик-БГУ» сафида фаолият бошлагач, бутун дунёда пандемия сабабли одатий ҳаёт тарзи ўзгараётган, жаҳоннинг деярли барча чемпионатлари мажбурий танаффусга чиққанди. Бу орада эса Европада фақатгина Беларус Олий лигаси тўхтатилмади ва кўпчилик мухлисларнинг эътибори ушбу чемпионатга қаратилди. «Энергетик-БГУ» сафида йил кашфиётига айланиб, қатор голлари билан ўртамиёна жамоани пешқадамга айлантирган Жасур Яхшибоев мамлакатнинг номдор клублари кўз остига тушди.

Натижада, у иккинчи давра олдидан «Энергетик-БГУ»дан «Шахтёр» сафига ўтиб, йил якунида Солигорск клуби билан Беларус чемпионига айланди. Шунингдек, тўпурарлар пойгасида 16та гол билан иккинчи бўлди. Йил охирида Беларусь футбол федерацияси томонидан Жасур Яхшибоев «йилнинг энг фойдали футболчиси» деб топилди. Қизиғи, «Шахтёр» бунгача 15 йил давомида олтин медалларга эга чиқмаганди.

Беларус нашрларида келтирилишича, Яхшибоевнинг «Энергетик-БГУ»даги ойлик маоши 300 доллар бўлган, «Шахтёр»да эса 10 баробар ошган – 3 минг долларни ташкил этган. «Прессбол» нашри 2020 йил якунида Жасур Яхшибоевни Беларусь Олий лигасининг энг юқори рейтингли футболчиси деб топди.

Арвеладзе билан тушунмовчилик ва Европа танлови

Беларусдаги муваффақиятли фаолиятидан кейин Жасур Яхшибоевда «Пахтакор»га қайтиш ёки Осиё клубларида тўп суриб каттароқ маблағ ишлаб олиш имконияти бор эди. Аммо унинг ўзи Европадаги фаолиятни афзал билди. Шартнома муддати ҳали тугамаган бўлса-да, Шота Арвеладзе қўл остидаги «Пахтакор»га ҳам қайтишни истамаганди. Бу ҳақда у интервьюлардан бирида шундай деган:

«Осиё клублари таклифини рад этиб, Европани танлагандим. Бу ерда бошқа даража. «Пахтакор»га нега қолмадим? Ўшанда бош мураббий Шота Арвеладзе билан келиша олмагандик. Жуда кам ўйнардим. Мураббий мени фақат захирадан атиги 10 дақиқага майдонга туширарди. Арвеладзе билан ўртамизда тушунмовчилик бор эди. Бир марта мени захирага олганида, хафа бўлиб қўлини сиқмаганман. Шу-шу захирада қола бошладим. Ўйинга тушсам ҳам 10-15 дақиқа ҳаракат қилардим. Бу вақт мобайнида нима ҳам қилиш мумкин? Тўпни, ўйин темпини сезмай қўйдим, натижада формамни йўқотдим. Ўйиним ёмонлашиб кетаверди. Яхши ўйнасам ҳам кейинги баҳсни захира ўриндиғида бошлашимни билардим. Бу эса руҳий азоб. Беларусда эса менга ўйин амалиёти беришди. Аммо Шота Юстиновичдан хафа эмасман. Ўшанда қолсам, яна захирада қолиб кетардим».

«Яхшибоевда миллий жамоада ўйнаш учун кучли хоҳиш кўрмадим»

Жасур Яхшибоев шу кунгача Ўзбекистон миллий жамоаси сафида бор йўғи 3та ўйинда майдонга тушган. У 2018 йилда Уругвай (0:3) ва Эронга (0:1), 2020 йилда ҳам форсларга қарши (1:2) қарши ўртоқлик ўйинларида ўйнаган. Шундан сўнг ўша пайтдаги бош мураббий Вадим Абрамов уни миллий жамоага чақирмай қўйиб, буни «Яхшибоевда миллий жамоада ўйнаш учун кучли хоҳиш кўрмадим», дея изоҳлаганди.

Футболчининг ўзидан бу ҳақда сўралганда, у «Миллий жамоада ўйнаш барча футболчиларнинг орзуси ҳисобланади. Ўшанда Дубайдаги йиғинга кетишдан 2 кун олдин ҳароратим кўтарилиб, томоғим оғрий бошлади. Буни Вадим Абрамовга айтдим. Билмадим, у мени баҳона қиляпти, деб ўйлагандир. Аммо, мен тўғрисини айтгандим. Қолгани мураббийнинг фикри», - дея муносабат билдирган Яхшибоев сўнгги бир йилда турли сабаблар билан миллий жамоадан чақирув олмади.

300 минг евролик трансфер ва ижарада порлаган Жасур

2020 йил охирида Яхшибоевга Қозоғистоннинг «Астана», Украинанинг «Динамо Киев», Россиянинг «Арсенал» клублари қизиқиш билдирганди. Шунингдек, «Пахтакор» спорт директори Жаъфар Ирисметов футболчига Португалия, Польша ва Венгрия клубларидан қизиқишлар бўлгани ҳақида маълум қилди. Охир-оқибат мавсум бошида Польшанинг «Легия» клуби 24 ёшли ўзбекистонлик ҳужумчини «Пахтакор»дан 300 минг еврога сотиб олди. Яхшибоев Польшанинг 14 карра чемпиони билан 2023 йилнинг 30 июль кунига қадар шартнома имзолаб, 7-рақам соҳибига айланганди.

Аммо жароҳатлар сабаб «Легия»да ўйин амалиётисиз қолиб кетган Жасур август ойида Молдовага кўчиб ўтишга қарор қилди. «Шериф» Чемпионлар лигаси саралаш босқичидан гуруҳ босқичига йўлланма олгач, «Легия» ўзбекистонлик легионерни Тирасполь клубига ижарага берди.

12 сентябрь куни «Шериф» сафидаги дебютини «Петрокуб»га қарши ўтказган Яхшибоев захирадан тушганига қарамай, илк ўйиндаёқ битта гол ва ассистга муаллифлик қилиб, жамоасига ғалаба (2:0) келтирди. 15 сентябрь куни эса ЕЧЛ 1-тури доирасида «Шахтёр»га қарши мусобақадаги илк ўйинини ўтказган Жасур 67-дақиқага қадар тўп суриб, жамоаси билан ғалаба (2:0) қозонди.

«Барса» мухлисининг тарихий голи

Жасур Яхшибоев Ўзбекистонда аксарият мураббийлар билан тил топиша олмаган бўлса-да, «Шериф» бош мураббийи Юрий Вернидуб ўзбек футболчиси ҳақида илиқ фикрда.

«Жасур Яхшибоевни жуда яхши биламан. Бу футболчини «Шериф» сафига қўшиб олиш имконияти борлиги ҳақида айтишгач, дарҳол икки қўлим билан рози эдим. Унинг кучли жиҳатларини яхши биламан. Жасур – Худо томонидан берилган иқтидор соҳиби, туғма ҳужумчи. Ўз вақтида «Динамо» Киев уни ўз сафига қўшиб олмоқчи эди. Бу ўтиш нега амалга ошмаган, билмайман. Аммо унинг ҳозирда қўл остимда эканидан хурсандман», - деган украиналик бош мураббий ЕЧЛ 1-тур олдидан.

Ҳали клубга келганига бир ой ҳам бўлмаган Яхшибоев мураббийнинг ишончига жавобан 28 сентябрь оқшомида «Шериф»нинг тарихий ғалабасига тарихий голи билан ҳисса қўшди. Бунгача «Барса»нинг «Сантьяго Бернабеу»да «Реал» дарвозасига киритган голларини телевизор орқали кўриб қувонган Яхшибоев энди ўзи ишқибозлик қиладиган клубнинг асосий рақиби дарвозасини ишғол этди. Бу ўзбек футболчисининг Мадридда киритган илк голи эди. Жасур ўзи сингари камтар бўлган «Шериф» билан Европадаги эртагини давом эттиради. Олдинда уни бундан-да ёрқин лаҳзалар кутиб турганига ишонгимиз келади.

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар