26.09.2021 08:07
1222
Реванш кайфиятидаги Ўзбекистон футзал миллий жамоаси Тошкентга қайтиб келди

Ўз тарихида иккинчи марта жаҳон чемпионатида қатнашиб, илк бор плей-оффда ўйнаган Ўзбекистон футзал миллий жамоаси Тошкентга қайтди.

Футзалчилар оила аъзолари, мухлислар ва ОАВ вакиллари томонидан олқишлар билан кутиб олинди.

Миллий жамоа ўйинчилари Kun.uz'га берган интервьюларида мундиал таассуротлари билан ўртоқлашишди.

Тажрибали футзалчи Дилшод Раҳматов мухлисларнинг қўллаб-қувватлашидан таъсирлангани ҳақида гапирди: «Ҳар бир ўйинга финалдек муносабатда бўлдик. Хатоларимиз бор, камчиликлар устида ишлаймиз. Футзалимиз даражаси Эрондан қолишмаслигини исботлашга уриндик.

Албатта, рақиблар биз ҳақимизда илиқ сўзлар айтишди. Аммо бизни уларнинг эмас, мухлисларнинг мақтови кўпроқ таъсирлантирди».

Турнирда 4та гол уриб, жамоа тўпурарига айланган Ихтиёр Ропиев энг оғир ўйин Миср (2:1) билан ўтганини таъкидлади: «Миср билан баҳс энг оғири бўлди. Чунки бизга фақат ғалаба керак эди. Сўнгги 7 дақиқагача жуда қийналдик.

Албатта, скаутлар бизнинг ўйинчиларга ҳам қизиқиш билдиришди. Бунинг натижасини тез орада билиб оламиз. Лекин биздаги муаммо — агентлар йўқлиги».

Жамоанинг ёш ва иқтидорли аъзоларидан бири Ҳусниддин Нишонов йигитлар Эрондан реванш олиш кайфиятида эканликларини айтди: «Форслар билан ўйиндан қониқдик, лекин бироз омад ва совуққонлик етишмади. Яқинда Осиё чемпионати бор. Худо хоҳласа, Эрондан реванш оламиз

Легионер бўлиш — ҳар бир футзалчининг орзуси. Насиб қилса, бизнинг ўйинчилар ҳам тез орада хориж жамоаларида ўйнашади».

Дарвозабон Равшан Элибоев: «Таассуротлар? Таърифлашга тил ожиз. Мухлисларга миннатдорчилик билдирмоқчиман.

Барча ўйинларда бор кучимизни бердик. Тажрибасизлик туфайли хатолар ҳам бўлди. Лекин йигитлар охиригача жанг қилишди. Буёғига ҳам тўхтаб қолмаймиз».

Мухлислар етакчиси Абдураҳмон Фозилов жамоани аренадан туриб қўллаб-қувватлаганларга миннатдорчилик билдирди: «Мусобақа олдидан Литва ва қўшни мамлакатлардаги мухлисларни бирлашишга чақиргандик. Ҳар бир ўйинга 350 км узоқликдан келганлар бўлди. Швеция ва Эстониядан ҳам мухлислар келди. Ҳаммаларига раҳмат.

Эронга расмий ўйинларда 8та голни сўнгги бор 1996 йили Бразилия урган экан. Статистикадан кўриниб турибдики, кучлилар даражасига яқинлашяпмиз. Йигитлар Қувайтда ўтадиган қитъа чемпионати финалида Эронни мағлуб этишмоқчи».

AL7o7Ro45nohScL3qbNofpM7avtvQB.jpg (869×581)

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Литвада ўтган жаҳон чемпионатида гуруҳда Гватемала (4:5) ва Россияга (2:4) ютқазиб, Мисрни (2:1) мағлуб этди. 1/8 финалда эса «Осиё Бразилияси» Эрон билан (8:9) тенгма-тенг кураш олиб борди.

Аъзамжон Иззатиллаев, Tribuna.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар