15.09.2021 19:04
13418
Россияни жаҳоннинг 2-рақамли футзал жамоасига айлантирган фарғоналик мураббийга қарши баҳс. Ўзбекистон – Россия ўйини олдидан

Бугун, 15 сентябрь куни Литвада футзал бўйича жаҳон чемпионати 2-тур учрашувлари давом эттирилади. Ўзбекистон миллий жамоаси гуруҳдаги иккинчи ўйинини Россияга қарши ўтказади.

Баҳодир Аҳмедов мураббийлигидаги ўзбекистонлик футзалчилар дастлабки ўйинда Гватамелага аламли тарзда мағлуб (4:5) бўлгач, 2-тур ўйини ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Қолаверса, Ўзбекистон – Россия учрашуви олдидан гуруҳдаги иккинчи баҳс Миср – Гватамела ўйинида қандай натижа қайд этилиши ҳам аҳамиятга эга. Миср ғалаба қозонса, Аҳмедов шогирдлари Россия билан ўйиндаги натижага қарамай, 3-тур олдидан математик жиҳатдан гуруҳдан чиқиш имкониятини сақлаб қолиши мумкин. Гватамеланинг очко олиши эса Ўзбекистоннинг ҳам Россиядан ҳар қанақасига очко олиши шартлигини англатади. Акс ҳолда Колумбияда ўтган ЖЧ-2016да кузатилганидек Литвадаги жаҳон чемпионатида ҳам гуруҳ ўйинлари билан чекланишимизга тўғри келади.

Бугунги рақиб – россиялик футзалчилар жаҳоннинг амалдаги вице-чемпиони ҳисобланишади. Сергей Скорович шогирдлари дастлабки турда Миср устидан йирик 9:0 ҳисобида ғалаба қозониб, гуруҳ пешқадамига айланган. Ўзбекистон миллий жамоаси устидан ғалаба русларга 1/8 финал йўлланмасини тақдим этади.

Қайд этиш жоиз, Россия футзал жамоасини сўнгги 10 йилда янги босқичга кўтарган мураббий Сергей Скорович учун Ўзбекистон бегона эмас. 48 ёшли Сергей Леонидович 1973 йилда Фарғонада туғилган. Ўзбекистонда улғайган Скорович 1990-91 йилларда Қўқоннинг «Автомобилчи» клуби сафида тўп сурган. 1992 йилда Россиянинг «Уралмаш» клубига ўтган футболчи 1995 йилда майдонни паркетга алмаштириб, футболдан футзалга ўтган. Футзалчи сифатидаги 7 йиллик фаолиятидан кейин 2002 йилда мини-футболдаги фаолиятини якунлаган Сергей шу йилнинг ўзидаёқ маҳаллий жамоада мураббийга айланди. 2007 йилда Екатеринбург футзал жамоаси билан Россия кубоги, 2008 йилда эса УЕФА кубогида зафар қучди.

Клублардаги муваффақиятли фаолиятидан кейин 2009 йилда Россия миллий жамоасида катта мураббий сифатида фаолият бошлаган Скорович 2016 йилда Россия футзали тарихида илк марта жаҳон чемпионати финалида тўп суриб, Аргентинага қарши баҳсда 4:5 ҳисобида мағлуб бўлди ва кумуш медалларига эга чиққан.

Бугунги учрашувда Ўзбекистон миллий жамоаси россиялик футзалчиларга қарши тўлиқ оқ рангли либосларда майдонга тушади, дарвозабон эса қора либосда ҳаракатланади.

Футзал бўйича ЖЧ-2021.

Литва. 2-тур

15 сентябрь (чоршанба)

Ўзбекистон – Россия

Бош ҳакам: Гин Теллс (Бразилия).

ТВ-трансляция: «Ёшлар»

Ўйин бошланиш вақти: 22:00.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар