15.09.2021 13:58
3751
«Овозга қараб сакрашни ўрганаман деб, 4-5 бор оёғим гипс қилинган» — Асила Мирзаёрова

Токио Паралимпиадасида пара енгил атлетика спорт турида узунликка сакраш бўйича кумуш медални қўлга киритган Асила Мирзаёрова Kun.uz мухбири билан суҳбатда ғалаба йўлидаги машаққатлари ҳақида сўзлаб берди.

Асила Мирзаёрова соғлом, болалигидан турли спорт ва мусиқа тўгаракларига фаол қатнашадиган қиз эди. У 9-синфни тугатаётган пайтда оромгоҳда коптокдан кучли зарба олади ва кўз пардаси кўчиши содир бўлади. Бир йил давомида шифохонама-шифохона юриш фойда бермайди, Асиланинг кўзи кундан кунга хиралашиб бораверади.

«Пара енгил атлетика билан 5 йилдан бери шуғулланаман. 2016 йилда Риода бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларидан сўнг «мен ҳам ушбу турнирда қатнашаман ва медал оламан», деб қатъий ният қилгандим.

Дастлаб, мураббийим – енгил атлетика бўйича Ўзбекистон миллий паралимпия жамоаси бош мураббийи Сардор ака Абдухолиқовнинг ёнига бориб, мени жамоасига олишини сўраганимда, у: «Ташқи кўринишинг умуман спортчиларга тўғри келмайди, лекин жасоратинг сабаб сени, албатта, чемпион қиламан», деганди. Шундан сўнг шуғулланишни бошлаганман.

Бошида югуриш билан шуғулланганман, кейин узунликка сакрашга ўтганман ва бу мен учун жуда қийин бўлган. Сабаби овозга қараб сакрашдан жуда қўрққанман. 4-5 марта йиқилиб, оёғим гипс бўлган. Бошқа сакрамайман, деб тушкунликка тушган пайтларим ҳам бўлган», – дейди қашқадарёлик спортчи.

Ўз устида тинимсиз ишлаш натижа кўрсатиб, Асила кетма-кет ютуқларга эриша бошлайди. У биринчи иштирокидаёқ Паралимпия ўйинлари чемпиони бўлди.

Асиланинг онаси Дилфуза Ҳасанова бутун оила қизини доимий равишда қўллаб-қувватлаганини билдириб, бошқа ота-оналарга ҳам шуни маслаҳат берди.

«Асила унга раҳм кўзи билан қарашларини хоҳламайди. Кўзи кўрмай қолгандан кейин, «Тенгқурларим ўқишяпти, ишлашяпти. Мен уйда ўтираманми?» деганди. Сўнг дадаси унга Паралимпия ҳақида айтади. Қизим куч топиб, машаққатларни енгиб ўтди.

Ота-оналар ҳеч қачон фарзандим ногирон, қўлидан ҳеч нарса келмайди деб ўйламасин, улар фарзандларига тўғри йўл танлашда ёрдам берса, ҳар қандай одам ҳам йўлини топиб кетади», – дейди спортчининг онаси.

Асила кўзи ожиз йигит-қизларга спорт билан шуғулланишни, ҳеч қачон тушкунликка тушмасликни тавсия қилади.

«Ғалабадан сўнг «комментария»лардан жуда хурсанд бўлдим. Қўллаб-қувватлаган халқимизга раҳмат айтаман. 

Инсон кучли бўлиши учун кўп йиқилиши керак. Кўп қийналганман. Одамларнинг гапларидан қалбим озор чеккан. Ҳаёт зарбалари қатъиятли бўлишимга ёрдам берди. 

Одамнинг кўринишига қараб баҳо бермаслик керак. Рақибларим мендан анча бўйи баланд ва жисмоний жиҳатдан бақувват эди. Лекин уларни кумуш медал олиб, қўрқитиб қўйдим», – дейди Асила Мирзаёрова.

Маълумот учун, 24 августдан 5 сентябргача Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтган 16-ёзги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 8та олтин, 5та кумуш ва 6та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 16-ўринни эгаллади.


Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди
Тасвирчи ва монтаж устаси — Муҳиддин Қурбонов

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар