08.09.2021 16:14
11245
Сульшер Роналдудан қай тарзда фойдаланади?

 Криштиану Роналду 4445 кунлик сафаридан сўнг, «Манчестер Юнайтед»га қайтди. У «Олд Траффорд»ни тарк этаётганидаёқ мегаюлдуз эди. Энди у Манчестерга афсона сифатида қайтди. Криштиану даражасидаги футболчи ҳеч бир клубга захирада ўтириш учун ўтмайди. Демак, Сульшер собиқ жамоадошини таркибга жойлаштириш йўлларини қидириши керак. Қуйида португалиялик 36 ёшли футболчидан қайси позицияларда фойдаланиш мумкинлиги ҳақида фикр юритамиз.

Оленинг классик услуби

Норвегиялик мураббий ўз ўйин услубига эга ва тактик схемасини (4-2-3-1) ўзгартиришга муҳтож эмас. Сабаби, унинг режасидан марказий ҳужумчи ўрин олган. Роналду бу вазифани ортиғи билан бажара олади. Сабаби, у фақат 9-рақамли таран ҳужумчи сифатидагина эмас, жамоа ҳужумига ҳар тарафлама ёрдам бера олувчи лидер футболчи ролида ўйнай олади. Бу жамоага том маънода ижобий импульс бериши аниқ.

Ўтган мавсум давомида Сульшер ўнг қанотда Гринвуд, чап қанотда Рэшфордни ишлатди ва марказни Каванига топширди. Бу гал ҳам қанотларни Мейсон ва Маркусга бериши мумкин, лекин марказни Роналдуга бериши кутиляпти. Шунингдек, энди клубда Жейдон Санчо ҳам бор. Гринвуд ушбу мавсум аввалида кўпроқ ҳужум марказида ўйнаётганига эътибор қаратадиган бўлсак, Санчо ўнг қанотда асосий футболчига айланиши мумкин.

Креатив плеймейкер ролида, шубҳасиз, Бруну Фернандеш ўйнайди. У энди ўз вазифасини тўлиқ бажариши ва асосан ҳужумлар ташкил этиш билан шуғулланиши мумкин. «Манчестер Юнайтед»даги ҳозиргача бўлган вақти мобайнида португалиялик яримҳимоячи кўплаб голларда муаллиф бўлаётганди. Энди голеадорлик роли Криштиануга ўтади. Мудофаа ва ҳужумни боғлашда Фред – Погба тандеми ишлашини тахмин қилишимиз мумкин. Грандларга қарши ўйинларда ҳимояни ҳам мустаҳкамлаш учун Сульшер Погбани МакТоминейга алмаштириш имкониятига эга бўлади. Буни мураббий вазиятдан келиб чиқиб ҳал қила олади. Ҳимоядаги тўртлик: Шоу, Магуайр, Варан, Уан-Биссакка бўлиши катта эҳтимол. Линделёф мудофаа марказида баъзи ўйинларда жамоадошларини алмаштириб туриши мумкин. Далот ва Теллеснинг юқори спорт формасида эмаслигини инобатга олсак, қанот ҳимоясидаги жуфтлик деярли ўзгармас.

Де Хеа ҳозирча мавсумни яхши бошлади ва Дин Ҳендерсон захирада имкониятини кутиб туради.

Сантуш тажрибаси

Роналдудан унумли фойдаланиш мақсадида Оле тактик схемани ўзгартириши ҳам мумкин. Португалияда Фернанду Сантуш 4-3-3 схемасидан фойдаланади. Лекин бу ҳолат жамоанинг бошқа бир етакчиси Бруну Фернандеш учун ноқулайлик туғдириши мумкин. Сабаби, миллий жамоада кўп маротаба Брунунинг захирада қолишига гувоҳ бўламиз ва бу мураббий схемасига футболчининг мос келмаслиги билан изоҳланади. Бугунги «МЮ»ни эса Фернандешсиз тасаввур қилиш қийин.

Хўш, Сантуш Евро-2016да ғалабага эришган, Ирландия ва Озарбайжонга қарши учрашувларда фойдаланган 4-3-3 тактикасида «қизил иблислар» таркиби қандай кўриниш олади? Бу ҳолатда катта эҳтимол билан Санчо чап қанотни эгаллайди. «Вулверҳэмптон»га қарши ўйинда (1:0) ҳам худди шу позицияда ҳаракатланди. Чапақай Гринвуд эса ўнг қанот вингери сифатида ўйнаши мумкин. Бундай вазиятда Фернандеш классик 8-рақам позициясига жойлашишига тўғри келади. Марказда меҳнаткаш ва тўп олиб қўйиш ишларида фаол бўлган Фредни кўришимиз мумкин. Донни ван де Бек эса анъанавий 6-рақамли футболчи: ҳужум ва ҳимояни боғловчи, техникаси юқори ўйинчи ролида ҳаракатланиш имкониятига эга. Ушбу позицияда ўйнай олиши ҳақида футболчининг ўзи ҳам бир нечта интервьюларида айтиб ўтган. Мудофаа ва дарвоза чизиғи бундан аввалги схемадагидек қолдирилади.

Революцион

Антонио Конте «Челси»да ишлаган кезларида Англия футболи учун деярли номаълум бўлган 3-5-2 тактикасини олиб кирди ва дебют мавсумидаёқ чемпионга айланди. Ўтган мавсум УЕФА Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Парк де Пренс»да ўтган «ПСЖ»га қарши беллашувда Сульшер ўзи одатланиб қолган 4-2-3-1 тактикасидан чекиниб, 3та марказий ҳимоячи билан ҳаракатланганди. Бу қарорга Магуайрнинг жароҳат олгани сабаб бўлгани ҳам бор гап. Лекин янги тактик схема «қизил иблислар»нинг Париждан ғалаба билан қайтишларини таъминлаб берди. Лекин Сульшер бундан кейин ҳеч қачон уч марказий ҳимоячи билан ўйнамади.

Бу ҳолатда таркибдаги энг катта ўзгариш Уан-Бисакка билан содир бўлади ва футболчи асосий таркибдан тушиб қолиши мумкин. Биламизки, Аарон ҳужумкор ҳаракатларда у қадар фойдали эмас. Унинг ўрни Далот билан тўлдирилиши мумкин. Лекин бундай қарор қабул қилинишининг эҳтимоли жуда кам. Лекин энди Уан-Бисакка лотерал қанот ҳимоячиси кўникмаларини ўзлаштириши керак. Чунки у энди жарима майдонига узатмалар амалга ошириши ва Роналдуни тўп билан таъминлаб туриши керак. Криштианунинг иккинчи қаватдаги устунлигидан фойдаланиш «Манчестер Юнайтед»нинг натижаларини ижобий тарафга кескин ўзгартириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Криштиану Роналду 11 сентябр куни Англия Премьер-лигаси 4-туридан ўрин олган «Ньюкасл»га қарши беллашувда «қизил иблислар» таркибида иккинчи маротаба дебют қилиши кутилмоқда.

«Squawka.com» сайтидан Абдулвосид Валихонов таржимаси.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар